Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:14

Қорақалпоғистон воқеаларини ёритган Телеграм-канал ортида ким турибди?


Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари содир бўлган қонли воқеалар турли ахборот воситалари томонидан турлича талқинда оммага узатилди.

2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилган Қорақалпоғистон ҳануз интернетдан узилганича қолмоқда, маҳаллий аҳолининг шаҳарга кириш ва чиқиши чекланган. 13 июль куни президент Мирзиёев Нукусдаги комендантлик соатини қисқартиришга буйруқ берган, аммо нима учун интернет алоқаси ҳанузгача тикланмагани борасида изоҳ берилгани йўқ.

Интернет тармоқлари ва оммавий намойишлар

Ўзбекистон ҳукумати Қорақалпоғистонда камида 18 кишининг ҳаётига зомин бўлган қонли воқеаларда “ четдаги ғаразли кучларни” айблади. Воқеаларни ташкиллаштириш учун “йиллаб тайёргарлик кўрилгани”ни айтган президент Шавкат Мирзиёев бирор давлат ёки ташкилот номини тилга олгани йўқ.

Мирзиёев куч тузилмалари ходимларининг ҳаракатлари чуқур таҳлил қилиниши ва нотўғри куч қўллагангани аниқлангани тақдирда, масъул шахслар амалдаги қонунчилик бўйича жазога тортилишини билдирди.

Ўзбек расмийлари зўравонликлар ёйилишининг олдини олиш мақсадида, биринчи марта Қорақалпоғистонда интернет алоқаси узиб қўйилганини тан олишган. Аммо интернет алоқасининг узиб қўйилгани Қорақалпоғистондаги воқеалар акс этган видео ва фотоларнинг тарқалишини тўхтатиб қололмади.

Интернет эксперти Тўлқин Умаралиев ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги чақириқларнинг ўзи оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқариш учун етарли эмас, деган фикрда.

Тўлқин Умаралиев
Тўлқин Умаралиев

- Йиғинлар, оммавий фикр алмашинуви ҳақида сўз кетар экан, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар унда асосий рол ўйнайди. Ўзбекистон воқелиги нуқтаи назаридан асосий ролни Телеграм ўйнайди. Охирги 7-8 йилда айнан Телеграмнинг кенг тарқалаётганини кўриб келяпмиз ва бунга ҳукуматнинг ўзи “айбдор”: 2014 йилгача Марказий Осиёда асосан WhatsApp қўлланилган ва шу йилдан Ўзбекистон ҳукумати WhatsApp ва Skypeни блоклашни бошлаган. Мессенжерсиз қолган миллионлаб одамлар алтернатив алоқа йўлларига ўтиб, энг жўн ва содда Телеграмни танлаган. Уни блоклаш осон иш эмас – буни Россия мисолида кўрдик, - уни секинлатиш мумкин, бунга катта куч ва маблағ кетади.

Бугун кунда умуман, Интернетнинг турли тармоқлари орқали катта омма билан алоқага чиқиш жуда осон бўлиб қолди. Ҳар қандай фойдаланувчи одамларни йиғилишга даъват этиши мумкин, лекин “норозилик потенциали” йўқ экан, одамларни шунчаки, Интернетдаги чақириқ билан кўчага чиқариш мумкин эмас. Интернетни ва тармоқларни тўсиш ҳукумат учун қисқа муддатга натижа берадиган усул бўлиши мумкин, лекин норозилик сабаблари йўқолмайди ва узоқроқ муддатда муаммо янада кенгроқ тус олиши мумкин.

Айдос Содиқов: Ўзбеклар Мирзиёевга нисбатан танқидларимиздан жуда оғринишди

Қорақалпоғистондаги воқеалар акс этган видео ва хабарларни энг кўп тарқатган каналлардан бири Телеграмдаги БАСЭ каналидир.

Ўзбекистон расмийлари ва айрим блогерлар БАСЕни провокаторлик ва фейк тарқатишда айблашди.

Канал асосчилари Киевда истиқомат қилаётган асли қозоғистонлик мухолифатчилар оиласи - Айдос ва Наталья Содиқовлардир. БАСЭ Телеграм-канали фаолияти ва унинг мақсадлари тўғрисидаги Озодлик саволларига Айдос Содиқовнинг ўзи жавоб берди.

Айдос Содиқов
Айдос Содиқов


- Ютуб-каналимизда ҳозирда 909 минг обуначимиз бор, “Фейсбук” саҳифамизга 323 минг, “Инстаграм”да 93 мингга яқин, “Телеграм”га 68 минг минг, захира ютуб-каналимизга 26-27 минг киши обуна бўлган. Хуллас, жами 1 млн 300 – 1 млн 400 минг обуначи тўплаганмиз.

Фаолиятимизни тахминан 6 йил аввал бошлаганмиз, лекин бу ишлар билан 2018 йил апрелдан тизимли тарзда шуғулланиб келяпмиз.

- Сизнинг принципларингиз нимадан иборат, нима учун курашяпсиз? Сиз журналистмисиз?

- Мен ўзимни биринчи галда қозоқ мухолифати фаоли деб биламан, чунки 20 йилдан буён мухолифатчилик фаолияти билан шуғулланиб келяпман. Қозоғистонда митинг, иш ташлаш ва бошқа норозилик акциялари ташкил қиламан. Бундан ташқари, интернетдан излаб топишингиз мумкин: 2009 йилда штаб тузиб, 28 нафар қозоғистонлик ҳайдовчининг ўзбек қамоқхонасидан, тўғрироғи, Нукусдаги қамоқхонадан озод бўлишларига кўмаклашганман. Бунақа акцияларимиз кўп. Ахборот-пропаганда фаолиятидан ташқари, биз Қозоғистон мухолифати фаолларини, жамоат фаолларини қўллаб-қувватлаш билан ҳам шуғулланамиз. Мақсадимиз – Қозоғистонни демократлаштириш, Қозоғистонда бошқарувнинг парламент шаклини ўрнатиш, режимни алмаштириш.

Қорақалпоғистон: Тармоқларда энг кўп берилган саволларга эксперт жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00


- Ўзбекистон ҳукумати 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда “ташқи кучлар”ни айбламоқда. Воқеалар минтақадаги “рангли инқилоблар”нинг кўринишларидан бири эканини айтаётган минтақавий таҳлилчилар ҳам бор. Сизнингча Қорақалпоғистонда нима содир бўлди?

- Бу риторика маълум ва машҳур – уни Путин ҳам, Лукашенко ҳам, Тоқаев ҳам қўллашади. Барча авторитар режимлар, барча диктаторлар қаерда намойиш бўлса, айниқса, катта норозилик ҳаракати бўлса, “албатта, бунинг орқасида кимдир турибди, кимдир буларга пул берган”, деб иддао қиладилар. Яъни диктаторлар назарида, одамлар норози бўлиб кўчага чиқдими, демак, албатта кимдир уларни ёллаган. Улар одамларни ҳайвон деб билади, одамлар ўзлари уюша олмайди, буларнинг орқасида кимдир бор, деб ўйлашади.

Қорақалпоғистон воқеаларини оладиган бўлсак, ушбу норозиликнинг асосий триггери нима эди? Мирзиёевнинг қарори. Бундан чиқадики, норозиликни қўзғатган – Мирзиёевнинг ўзи. Унинг ўз муддатларини “ноллаштириш”га, Конституцияни ўзгартиришга, Қорақалпоғистонни суверен мақомидан маҳрум этишга интилиши бутун Қорақалпоғистонни қамраб олган улкан норозилик ҳаракатига олиб келди. Ўша мантиққа кўра, “мана шу ишларни қиласан, одамларни намойишга чиқишга ундайсан”, деб кимдир Мирзиёевга пул берган бўлиб чиқяптими шунда? Аслида Мирзиёевнинг ўзини айблаш керак. Одамлар буни тушунишмаяпти. Ўша кунлардан бери Ўзбекистон ичкарисида ва хорижда яшайдиган ўзбеклардан бизга жуда кўп таҳдидлар бўляпти.

Мен ҳайратдаман: биз Назарбоевни, Тоқаевни ҳам танқид қилганимизда қозоқлар буни хотиржам қабул қилишади. Аммо ўзбеклар Мирзиёевга нисбатан танқидларимиздан жуда оғринишди, Мирзиёевни “диктатор”, Ўзбекистонни эса “авторитар давлат” деб атаганимизда, буни бутун ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб қабул қилишди. Ўлдириш билан таҳдид қилинган 20-30 та рақамни аниқлаб, эълон қилдик. Бунга кўникиб кетганмиз, лекин ўзбекларнинг ўз президентига муносабати мени ҳайратга солди. Чунки менинг назаримда, Мирзиёев – диктатор, у халқ фикри билан ҳисоблашмасдан ҳокимиятни эгаллаб келяпти, сайловларни инкор этмоқда. Унинг ўз муддатларини ноллаштириш ташаббуси ҳам халқнинг хоҳиш-иродасига зид.

-Сизнинг Телеграм-каналингизни ким молиялайди?

- Бизга видео ва маълумотлар жўнатиб турадиган қолган барча – текинга ишлайдиган жамоатчилар.

Молиялаш масаласига келсак, Қозоғистонда мухолифатчилик фаолияти билан шуғулланганимизда, қамоқларда ётганимизда, таъқибга учраганимизда ҳеч ким биздан “сизларни ким пул билан таъминлаяпти?” деб сўрамасди. Пулга муҳтож бўлиб қолсак, биз норозилик чиқишларида қўллаб-қувватлайдиган нефтчилар, жамоат фаоллари ва бошқалар ёрдам беришарди...

Охирги икки ҳафтада Украина ва бошқа мамлакатлар ОАВларига 15-20 та интервью бердим, ҳамма жойда мени аксил-путинчи ўлароқ қабул қилишади, мен Путин сиёсатига қарши акциялар уюштираман. Уруш кетаётган бир пайтда Украина пойтахти Киевда оилам билан яшаб келяпман. Хуллас, булар бари аҳмоқона гаплар. Каналимизни кўринг – Путинга қарши материалларимиз қанча экан. Биз кўп йиллардан бери Путинга қарши, урушга қарши, Россиянинг Украинага, Қозоғистонга нисбатан зўравонлигига қарши фаол курашиб келяпмиз. Таржимаи ҳолим, Ютуб ва бошқа тармоқлардаги чиқишларимиз буни тасдиқлайди. Шуни кўра-била туриб қандай қилиб шунақа гапларни айтиш мумкин? Оилам эҳтиёжларига тахминан 1000 доллар пул етади ва бу пулни ижтимоий тармоқлардаги фаолиятимни монетизация қилиш орқали бемалол топаман. Канал фаолияти учун зарур пулни хайрия йўли билан топамиз, бундан ташқари, январь воқеаларида боқувчисидан айрилган оилаларга, нефтчиларга ёрдам бериш учун пул йиғиб турамиз, уруш бошланганидан Украина Қуролли кучлари учун хайрия ташкил қилдик.

-Россиянинг LIFE.ru нашри 11 январдаги мақоласида сизни Қозоғистондаги норозилик намойишларининг координатори деб атаган. Ўзбек расмийлари Қорақалпоғистондаги оммавий намойишлар мувофиқлаштирилиши ва зўравонликлар ёйилишининг олдини олиш мақсадида интернет алоқаси узиб қўйилганини айтишмоқда. Бу ерда сўз сизнинг Телеграм-каналингизга ўхшаган тармоқлар ҳақида бораётганини тушунгандирсиз?

- Бу ҳам яна бир аҳмоқона ёлғон, пропагандачилар уйдирмаси! Қозоғистонда шу пайтгача қанча одам ўзини “норозилик ҳаракати координатори” деб атади, мақтанди. Ҳолбуки, уларни жуда яхши биламан – январь инқилоби (қозоқ ҳукумати воқеаларни "террорчилар хуружи" деб атайди-таҳр.) бошланганидан сўнг 4-5 кун ўтиб тўсатдан “уйғонган” одамлар. Қозоғистондаги норозилик намойишларининг координатори, бу -қозоқ халқининг ўзидир. Бу ҳаракат яна бир неча кун давом этганида эди, ягона мувофиқлаштириш кенгаши тузилган бўлур эди, бироқ афсуски, ҳукумат бир гуруҳ иғвогарни уларнинг орасига суқиб, қурол қўллаш учун баҳона топиш мақсадида тинч норозиликни тартибсизликларга айлантирди.

Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларига келсак, бу норозилик триггери, уни ишга туширган тугмача аниқ: одамларнинг ғазабини жунбушга келтирган нарса Мирзиёевнинг республика мақомини ўзгартиришга қаратилган қарори бўлди. У ерда ҳам координатор ёки ягона йўлбошчи йўқ эди, ҳатто Нукус, Хўжайли ёки Тўрткўл шаҳарлари даражасида ҳам ягона лидер бўлмаган.

-Ўз постларингизда Қорақалпоғистондаги намойишларни "қўзғолон" деб атаяпсиз. Бу қанчалик тўғри?

- Қўзғолонлар ҳар-хил бўлади, тарихчи сифатида буни сизга аниқ айтишим мумкин. Қуролли қўзғолон, тинч қўзғолон... Ўтган асрнинг 50-60 йилларида Венгрия ва Чехославакияда халқнинг Совет Иттифоқига қарши ҳаракати ҳам қўзғолон дейилган, у ерда ҳам одамлар деярли қуролсиз бўлганлар. Миқёсига кўра Қорақалпоғистонда ҳам шундай бўлди: минглаб одамлар қатнашди. Ўзбекистон контекстида буни ҳам улкан митинг ёки оммавий халқ ғалаёни деб аташ мумкин, чунки Ўзбекистонда бунақа кўламдаги норозилик акциялари бўлмайди. Миқёси, иштирокчилар сони, норозилик кайфияти, сиёсий сабабларига кўра оддий митингларга нисбатан жуда катта бўлгани учун қўзғолон ёки ғалаён дейиш тўғри бўлади.


-Ўзбекистонда расмийлар ва маҳаллий блогерлар сизнинг каналингизни сохта суратлар, видео ва аудиоёзувларни тарқатишда айблашмоқда ва бу айбловлар асоссиз эмас. Масалан, мана бу сурат ҳали ҳам Телеграм-каналингизда осилиб турибди. У ерда, аслида Краматорскда Россия бомбардимони пайтида ўлдирилганлар тасвирланган. Ёки футбол ишқибозлари акс этган видео...
Буларни қандай изоҳлайсиз?

- Биринчидан, футбол ишқибозлари акс этган у видео йўқ. Телеграм-каналимизни кўрсангиз, кеча атайин бир неча пост чиқариб, ўзбек махсус хизматлари бизга фейк фото ва видеолар юборганини тушунтиргандим. Хусусан, кечанинг ўзида битта шунақа фотосуратни ўчирдик. 2 июлнинг ўзида Телеграмда 74 та фото ва видеоларни жойладик, кейин уларнинг сони 100 дан ошиб кетди. Махсус хизматлар эса бизни 1-2 та фейк билан алдаб, кейин ўзлари атай уларни тарқатиб, воқеа жойидан олинган юзлаб материалларни ҳам ёлғонга чиқаришга уринди. Биз буни одамларга тушунтирдик. Агар махсус хизматлар фото ва видеоларимизнинг ҳаққонийлиги борасида тортишмоқчи бўлсалар, биз тайёрмиз. Муаммо йўқ.

Краматорскда ўлдирилган йўловчилар.
Краматорскда ўлдирилган йўловчилар.

-Ҳа, лекин сиз нотўғри маълумотлар ҳар икки томонда нафрат ва зўравонликни қўзғатишга олиб келишини англаётгандирсиз, чунки гап одамларнинг ҳаёти ҳақида кетяпти...

- Каналимизда эълон қилинган маълумотлар 100 фоиз ҳаққоний, улар – манбаларимиз томонидан 1000 фоизга тасдиқланган. Биз жуда кўп одамлардан маълумот оламиз, Қорақалпоғистон воқеалари ҳақида бундан бир неча баравар кўп ахборот чиқаришимиз мумкин эди, лекин фото, видео ва бошқа маълумот йўллаган кўп одамларимиз уларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлашга ҳайиқдилар. Шундай экан, ўзбек махсус хизматлари уларга раҳмат айтиши керак.

- Қорақалпоғистондаги воқеалар пайтида сизнинг каналингизда ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш ва исёнга очиқча чақириқлар ҳам янгради. Бу Ўзбекистонда ҳам, сиз туғилган Қозоғистонда ҳам жазоланади, биласиз...

- “Чақириқ” дегани нима, биласизми?! “Фалон вақтда, фалон жойга келинглар” ёки “Кўчаларга чиқинглар, тўхтаманглар”, дейилса бу чақириқ бўлади. Биз чақириқ билан чиқишимиз мумкин эди, мен ҳам баёнот ёки мурожаат билан чиқсам бўларди. Қозоғистонда шунга ўхшаш воқеа бўлса, мен чақириқ ёки мурожаат билан чиқаман. Лекин Қорақалпоғистон аҳолисини бирон ҳаракатга чақирганим йўқ, чунки бошқа мамлакат фуқароларига чақириқ билан чиқишга маънавий ҳаққим йўқ. Хоҳлаганимда бу ишни қилардим, ёки қорақалпоқларнинг кўзга кўринган вакиллари мендан илтимос қилишганида бошқа гап эди.

Мен ўзбек ҳукумати келтирган биронта рақамга, унинг бирон сўзига ишонмайман. У ерда қанча одам қурбон бўлганини билмайман, чунки улар интернетни ўчириб қўйишди, телефонларни йиғиб олишди, телефонидан видеоёзувлар чиққан одамларни қамаб қўйишди, қийнашди, таъқибга олишди... Шу боис ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг биронта гапига ишонмайман. Кучишлатар ходимлар ўлганига ишонмайман, қурбон бўлган қорақалпоқлар 14 нафар эканига ҳам ишонмайман – улар сони анча кўп, деб ўйлайман. Мен бу воқеаларни қорақалпоқ халқига қарши оммавий қатағон деб ҳисоблайман.

-Аммо ҳукумат аскарлари дўппосланган, сазойи қилинган видеоларни ҳам кўрдик. Сизнингча, Ўзбекистон ҳукумати бундай вазиятда нима қилиши керак эди?

- Биринчидан, бу одамлар билан мулоқот қилиш керак эди. Вилоят раҳбарлари, тайинланган ҳарбий комендант ёки керак бўлса, Мирзиёевнинг ўзи халқ олдига чиқиб тушунтириши керак эди. Масалан, “фалон моддалар бекор қилинади, энди тарқалинглар”, дейиши мумкин эди. Тинч аҳолига қарши дарҳол қурол, кўздан ёш оқизувчи ёки ёруғлик-шовқин гранаталарини қўлламасдан можарони тинчлик билан ҳал қилса бўларди. Қорақалпоқлар орасида ўқотар қуроли бор бирон кишини кўрмадим, ҳаммаси тинч намойишга чиққан одамлар эди, улар билан тил топишса бўларди.

- Зотан, президент Мирзиёев Қорақалпоғистонга борди ва намойишлар ҳали буткул тинчимасдан сиз айтган ўзгартишларни бекор қилди. У кучишлатар тузилмаларнинг ҳаракатлари ҳам текширилиши, ҳаддан ташқари куч ишлатилган ҳолатлар бўлса, масъуллар жавобгарликка тортилишини айтмоқда...

- Диктаторлик режими ёлғонлар ва қаллобликларсиз яшай олмайди. Мирзиёев ҳам, Тоқаев ҳам шу. Мана, Тоқаев январь воқеалар қурбонларининг рўйхатини очиқлашга ваъда берган эди, неча ой ўтиб кетди – ҳануз биронта исм-фамилияни эълон қилгани йўқ. Табиийки, Мирзиёевнинг ҳам тергов-суриштирув ҳақидаги ваъдаларига ишониб бўлмайди. Улар расмий хулосани аллақачон эълон қилиб бўлишган: бу воқеалар ортида чет элда яшаётган иғвогар кимсалар турибди, улар одамларни пул билан сотиб олишган, кўчага чиққанларнинг ҳаммаси гиёҳванд ва ароқхўрлар ва ҳоказо. Ўлган 14 қорақалпоқдан 13 таси маст экан, деб айтишди. Расмий ахборотда айтилди бу гап. Энди бу гапдан тонишмайди ва кейинги суриштирув ёки текширув натижаларини шунга мослаштиришади.

XS
SM
MD
LG