Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:11

Чеченистонда талабалар ёппасига... футболга сафарбар қилинмоқда


Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грознийдаги "Аҳмад Арена" стадионида. 2017, 7 октябрь
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грознийдаги "Аҳмад Арена" стадионида. 2017, 7 октябрь

Чеченистонда ҳокимият мулозимлари республика маркази – Грозний шаҳридаги олий ўқув юртлари раҳбарияти ва талабалари билан учрашувда уларни “Аҳмад” футбол клуби ўйинларини бориб кўриш талаб даражасида бўлмагани учун “катта муаммолар” бўлишидан огоҳлантирди.

Бу ҳақда “Кавказский узел” сайтига 14 октябрь куни Чеченистон давлат университетининг мажлислар залида ўтказилган учрашув иштирокчиларидан бири айтиб берган.

13 октябрда “Аҳмад” клуби Москванинг “Спартак” жамоаси билан ўйинда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди.

Талабалардан бирининг айтишича, 14 октябрь кунги учрашувда Чеченистон давлат университети ректори Заурбек Саидов, шунингдек, Нефть университети ва Педагогика университети ректорлари, факультетлар деканлари иштирок этган.

Чеченистон ҳукумати мулозими Грозний футбол клуби ўйинларини томоша қилишга бормаганларни ватанпарвар эмасликда айблаган ва унинг сўзларига кўра, “барча ярамасларга” ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилган.

Чеченистон давлат университети ректорига эса, талабаларнинг стадионга боришини таъминламаса, ишдан ҳайдалишини айтган.

“Кавказский узел” яна бир суҳбатдошига таяниб ёзишича, ҳукумат мулозими олий ўқув юртлари раҳбарларидан “Аҳмад” клубининг Доғистоннинг “Анжи” клуби билан 30 октябрга режалаштирилган ўйинига 100 фоизлик давоматни таъминлашни талаб қилган.

Грознийдаги "Аҳмад-Арена" стадионига талабаларнинг боришини назорат қилиш учун ҳар бир талабага биттадан ўриндиқ бириктириб қўйилган ва ўриндиқ номери талабанинг талаба билетига ёзиб қўйилган.

Бундан олдин талабалар Грознийдаги "Рубин" клуби билан ўйинга боришга мажбурлангани тўғрисида шикоят қилган эди. Клубнинг бош директори Аҳмад Айдамиров бу маълумотни бўлмағур гап. деб атаган эди. Ўшанда "Аҳмад" клуби ғалаба қилган эди.

Грознийдаги "Терек" футбол жамоаси Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад ҳожи Қодировнинг отаси шарафига “Аҳмад”, деб аталган.

Аҳмад Қодиров 2004 йил, 9 май куни Чеченистон маркази Грозний шаҳри стадионида байрам тадбири ўтказилаётган пайтда амалга оширилган террористик ҳуруж қурбони бўлган.

1976 йил, 5 октябрда туғилган Рамзан Қодиров 2007 йил 5 апрелидан буён Чеченистон раҳбаридир.

Ўзини президент Путиннинг “содиқ аскари” деб атайдиган Рамзан Қодиров турли баёнот ва акциялари туфайли мусулмонпарвар сифатида танилган.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоллари Қодировни Чеченистонни инсон ҳуқуқларини ўта қўпол тарзда бузиш эвазига бошқариб келаётганликда, айблаб келади. Уларнинг фикрича, журналист Анна Политковская, сиёсатчи Борис Немцовларнинг ўлдирилиши изи ҳам айнан Чеченистон ва Рамзан Қодировга олиб бориши мумкин.

XS
SM
MD
LG