Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:35

Татаристонда чиқинди ёқиш заводи қуриш режасидан маҳаллий аҳоли норозилик билдирмоқда (ВИДЕО)


Москва областидаги "Ядрово" чиқиндихонаси

Регина Калимуллина Татаристон Республикасининг Осиново шаҳарчасида қурилиши режалаштирилаётган қаттиқ чиқиндиларни ёқиш заводи, расмийлар иддао қилаётганига қарамай, ҳавони ифлослантирмаслигига ишонмайди.

Пойтахт Қозондан 25 км узоқликдаги тахминан 10 минг киши яшайдиган Осиново шаҳарчасидаги бошқалар каби Калимуллина ҳам завод ҳавони булғаши, ҳавога саратон касали қўзғатувчи зарралар чиқариши ва ушбу касаллик билан оғриш хавфи ортиб кетишидан қўрқади.

‒ Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни дамда республикаси аҳолисининг ҳар 35 нафаридан бири саратонга чалинган. Бу ерда эса, ҳар уч кишидан бири шу дардга мубтало бўлади. Бу – даҳшат, –деди Калимуллина “Озодлик” ва “Америка овози” радиостанциялари ҳамкорлигида ташкил этилган рус тилидаги “Current Times” телеканалига.

Осиноводаги лойиҳа 2016 йили мамлакат бўйича ишга туширилган “Тоза мамлакат” ташаббусининг бир бўлагидир. Ушбу режага кўра, 2015 йилга қадар Москва вилоятида 4 та, Осиновода эса 1 та – жами 5 та қаттиқ чиқиндиларни ёқиш заводи ишга туширилади. Осиново аҳолиси ва бошқалар ўша завод қурилишига оғзаки норозилик билдираётган бўлса-да, маҳаллий кенгаш ўтган йили уни қуришга бел боғлаган хусусий компанияга ер ажратиш учун якдил овоз берган эди.

Чиқинди заводи қуриш режасидан норози осиноволиклар.
Чиқинди заводи қуриш режасидан норози осиноволиклар.

Россияда чиқинди ташлаш учун майдонлар қисқараётгани сабабли муаммо ортиб бормоқда. Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Россияда фақат чиқиндиларнинг бир қисми қайта ишланади. Фаоллар муаммога ечим сифатида чиқиндиларни ёқиш ёки кўмишни эмас, қайта ишлашни кўришини таъкидламоқда.

Пикет ва бошқа норозилик намойишлари давом этаётган Осиновода ҳокимият идоралари аҳолига қурилиши режалаштирилаётган қаттиқ чиқиндиларни ёқиш заводидан чўчимасликни, Ғарбий Европада бундай заводлар шаҳарларнинг ўртасида ҳам борлигини айтмоқда.

Аммо айрим мутахассисларга кўра, бундай заводларда ишлатилаётган Россия ва Европа технологияси ўртасида катта фарқ мавжуд: Европада ҳавони булғайдиган диоксин ва бошқа моддалар ҳавога чиқишига йўл қўймайдиган газ тозалаш воситалари ишлатилади. Россиядаги заводлар эса, фақат кўмирли фильтрлардан фойдаланади.

2018 йил ўрталарида қурилиши режалаштирилаётган завод билан боғлиқ жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтган эди, аммо ўша тадбир чоғида маҳаллий аҳоли фикр билдириш имконига эга бўлмади.

Маҳаллий депутатлар чиқиндиларни ёқиш заводи сингари саноат корхоналари учун жой ажратишга якдил овоз берди. Уни “Ростех” корпорациясига қарашли “РТ-Инвест” корхонаси қуради. Лойиҳа қиймати – 28 миллиард рубль (428 миллион доллар).

Осиноводаги чиқиндиларни ёқиш заводи 2022 йили ишга туширилади ва ҳар йили 555 минг тонна қаттиқ чиқиндини ёқади. Бу Қозон шаҳрида бир йилда тўпланадиган қаттиқ чиқиндилар миқдорининг қарийб ярмидир.

Россиядаги кўплаб шаҳарлар аҳолиси чиқиндилар тўпланиб қолаётганидан, улардан чиқаётган заҳарли газлар одамлар, айниқса, болаларни заҳарлаётганидан ташвиш билдирмоқда.

Жорий йил январида Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга 2019 йил охирига қадар чиқиндиларни қайта ишлаш миллий тизимини яратиш ва миллий миқёсда назорат билан шуғулланадиган Россия экология оператори агентлигини ташкил қилиш тўғрисида топшириқ берган эди. Фаоллар ҳукуматнинг режаси шаффоф эмаслигини ва маҳаллий аҳолининг хавотирлари инобатга олинмаслигидан ташвиш билдиряпти.

Шунинг учун 3 февралда мамлакатнинг 30 дан ортиқ шаҳрида минглаб кишилар “Россия ахлатхона эмас!” деган шиор билан норозилик намойишларига чиққан эди.

XS
SM
MD
LG