Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Россия Ўзбекистондаги рус мактаблари учун ўқитувчилар тайёрламоқчи


24 сентябрь куни Россия делегацияси Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида сўзлашувлар ўтказди. (Сурат вазирлик расмий сайтидан олинди)
24 сентябрь куни Россия делегацияси Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида сўзлашувлар ўтказди. (Сурат вазирлик расмий сайтидан олинди)

Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари учун ўқитувчиларни тайёрлаш соҳасида Тошкент Москва билан ҳамкорликни ривожлантиради. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, Ўзбекистонда, айниқса, ўқиш рус тилида олиб бориладиган мактабларда кадрлар етишмовчилиги сезилмоқда.

Бироқ, ўзбекистонлик рус тили ва адабиёти мутахассислари бу масаланинг осон ечими борлигига эътибор қаратмоқда.

Шу йилнинг 24 сентябрида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва Россиядаги олий ўқув юртларининг бир гуруҳ экспертлари ва вакиллари ўртасида Ўзбекистондаги рус мактаблари учун ўқитувчилар тайёрлаш масаласида музокаралар ўтказилди.

Халқ таълими вазирлигига кўра, учрашувда “Московский Дом соотечественников” ташкилоти директорининг биринчи ўринбосари Юрий Каплун, “Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика, А.С.Пушкин номидаги рус тили давлат институтининг илм-фан бўйича проректори Михаил Осадчий ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бош маслаҳатчиси Сергей Соколовлар иштирок этган.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳозирги кунда ўқитувчилар етишмайди, айниқса, бу ҳолат рус тилида таълим берилаётган мактабларда сезиларли даражада. Хусусан, учрашувда Халқ таълими вазирлиги ўзбекистонлик ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифини илгари сурди”, дейилади Ўзбекистон таълим идораси расмий сайтида.

Айтилишича, Михаил Осадчий “Пушкин Институти” шерикчилик тармоғи доирасида ҳамкорлик қилиш ва бу орқали малакали рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш имконини кенгайтиришни таклиф этган.

“Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика ҳар йили бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшларни Россия олий ўқув юртларига таълим олиш учун юбориш ҳақида гапиргани ва мазкур ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик ёшларни педагогика йўналишлари бўйича таълим олишга йўналтиришни таклиф қилгани ҳам хабарда акс эттирилди.

Россия оммавий ахборот воситаларида айнан Ўзбекистон «Халқ таълими вазирлиги ўзбекистонлик ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифи” билан чиққанига эътибор қаратилмоқда.

Россия делегацияси Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги қабулида (ЎХТВ фотоси)
Россия делегацияси Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги қабулида (ЎХТВ фотоси)

Бироқ, Озодлик билан суҳбатда Виктор Шулика ҳеч қайси бир матбуот хизматига бу гапларни гапирмагани ва рус тилида дарс берувчи ўқитувчиларни тайёрлаш масаласи йиғилишда «деярли кўтарилмаганини» айтди:

- Мен бу ҳақда Ўзбекистон нашрларидан бирида ўқиб, ўзим ҳайрон қолдим: мен бу интервьюни бермаганман ва изоҳлаганим ҳам йўқ. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида бу учрашув ҳақиқатан бўлиб ўтди, аммо у ерда бу масалага мутлақо эътибор қаратилгани йўқ! Мен билмадим қаердан улар бундай гапларни ўйлаб топишибди, деди қатъий оҳангда “Россотрудничество” ваколатхонаси раҳбари.

2018 йил бошидан буён Россия ахборот нашрларида собиқ Иттифоқ республикаларида “рус тилига бўлган эътиборни ошириш” масаласига доир мақола ва репортажлар кўпайгани сезилди.

Аста-секин бундай гаплар Ўзбекистон расмийлари томонидан ҳам янграй бошлади.

Рус мактабларини кадрлар билан таъминлаш масаласида йил бошида фикр билдирган собиқ Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов Ўзбекистонда “ўрта таълим мактабларида турли фанлар бўйича рус тилида дарс берувчи 25 минг ўқитувчи етишмаётгани” борасида гапирган эди.

Жорий йил мартидаги парламент йиғилишида Улуғбек Иноятовнинг сўзларини такрорлаган сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон мактабларида айниқса рус тилида таълим берувчи ўқитувчилар етишмаётганига эътибор қаратганди.

Бунинг ортидан 2018 йилнинг мартида Россия Таълим ва фан вазирлиги расмий Тошкентга бир гуруҳ рус тили ва адабиёти ўқитувчиларини республика минтақаларига жўнатиш таклифи билан чиқди. Россотрудничество малакали мутахассисларни танлаб олиш ва махсус маош тўлашини билдириб, Ўзбекистон тарафига уларни ётоқ ва меҳнат фаолияти учун зарурий шароитлар яратиб беришни сўраган.

Россия ҳукумати ўзбек мутасаддиларидан «бу таклифларига жавоб кутаётгани»ни қатор нашрлар орқали билдирганди.

Охирги йилларда рус тилини хорижда оммалаштириш бўйича махсус ишлар олиб борилаётганини билдираётган рус ҳукумати бундай ташаббус ҳозирда Тожикистонда жорий қилинганини ҳам таъкидламоқда.

Озодлик Ўзбекистонда рус тилида таълим-тарбия билан шуғулланаётган ўқитувчилар ва мутахассислар билан боғланиб, Россия мутахассислари ва Ўзбекистон Таълим вазирлиги томонидан киритилаётган бу таклифни изоҳлаб беришни сўради.

20 йилдан ортиқ вақт рус тили ва адабиёти фанидан Тошкент вилоятидаги мактаб ва коллежларда ўқитувчилик қилган Зафар бир неча йилдан буён Россияда қурилишда ишлаётганини айтади. У рус синфларида ўқитувчилар етишмаслигини ўқитувчилар маоши камлиги билан тушунтиришга уринди:

- Ҳозирда рус тилида ўқитишга мактабларда талаб катталиги рост, чунки “рус синфларида дарслар яхшироқ берилади” деган фикр кўпчилик ота-оналарда ўрнашиб қолган. Қолаверса, Россияда меҳнат қилиб, жойлашиб олиб, фарзандларини Россияга олиб кетиш ниятида бўлаётган муҳожирлар сони ҳам кўпайган. Аммо муаммонинг ҳаммаси ойликка бориб тақалаяпти – қайси эркак мактабда ишлаб, рўзғорини тебрата олади?! Мен мактабда 800 мингдан кўпроқ маош олардим - 100 доллар атрофида дегани. Шу сабабли малакали ва билимли ўқитувчилар мактабларга бориб ишламаяпти, бошқа соҳада ишлашга мажбур.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирининг рус тили ўқитувчиси, исмини ошкор қилмасликни сўраган бошқа суҳбатдош Ўзбекистоннинг ўзида бу муаммони ҳал этиш учун барча имкониятлари мавжуд эканини билдирди:

- Менимча, ўқитувчилар билан мактабларни таъминлаш масаласини биз ўзимиз ҳал эта олишга қурбимиз етади, чунки Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида рус тили ва адабиёти мутахассисларини тайёрлаш бўйича ажойиб мактаб яратилган. Мустақиллик даврларида, афсуски, ўқитувчилик нуфузи жуда пасайиб кетди – уни кўтариш керак: иш шароитлари, яхши маош билан таъминлаш зарур. Вазирлигимиз бизга ишонмасдан, четдан ёрдам сўраши ҳам бизга уятдир.

Тошкентдаги Россия Фан ва маданият маркази яқин йилларда Ўзбекистон бўйлаб 12 та рус тили минтақавий марказларини очишини эълон қилди. Шунингдек, Ўзбекистондан келиб Россия олий таълим муассасаларида 25 минг талаба таҳсил олмоқдаки, бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон охирги бир неча йилда Россияда биринчи ўринга кўтарилди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига биноан, 2018 йилнинг январи ҳолатига мамлакатда 9628 умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд бўлиб, улардан 1912 тасида ўқиётган 523 000 болага рус тилида таълим берилади.

XS
SM
MD
LG