Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:06

"Бугун Украина, эртага Қозоғистонми?" Марказий Осиёда уруш акс-садоси


Олмаотада Россиянинг Украинадаги урушига қарши намойиш. 6 март, 2022
Олмаотада Россиянинг Украинадаги урушига қарши намойиш. 6 март, 2022

Дам олиш кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Россиянинг Украинага агрессиясига қарши намойишда минглаб одам иштирок этди. Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Россия элчихонаси олдида эса, ўнлаб Россия тарафдори тўпланди. Eurasianet нашри Россиянинг Украинага уруши Марказий Осиёда қарама-қарши эҳтиросларни алангалаётгани ҳақида мақола чоп этди.

Мақола муаллифи Жоанна Лиллиснинг ёзишича, Марказий Осиёнинг Қозоғистондан бошқа мамлакатларида жамоатчилик Украинадаги урушга анча вазмин муносабат билдирмоқда. Бу ҳолат ушбу мамлакатларда оммавий норозиликларга нисбатан бўлган репрессив муносабат ҳамда маҳаллий ҳокимият очиқчасига Украинани қўллашдан тийилаётгани билан боғлиқ.

Москва эса, Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёти» борасидаги тарғиботини кучайтириб, урушга қарши намойишга чиққан фуқароларни ҳибсга олмоқда. Мамлакатда шошма-шошарлик билан қабул қилинган янги қонунга биноан, Россия ҳарбий ҳаракатлари ҳақидаги расмий баёнотларга зид материалларни тарқатган шахслар 15 йилгача қамалиши мумкин.

Олмаота шаҳрида 6 март куни бўлиб ўтган норозилик намойишига расмий рухсат берилди, аммо намойишни шаҳар четида ўтказиш шарти билан. Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, «Сариарқа» кинотеатрининг ортидаги истироҳат боғида ўтган намойишда 3 мингга яқин киши иштирок этган. Иштирокчилар Украина байроғини кўтариб, «Яшасин Украина», «Урушга йўл йўқ», «Путин, Ҳаага, қамоқ» каби шиорларни ҳайқиришган.

«Мен бугун чиқмасам бўлмасди, чунки Украинада содир бўлаётган воқеаларга ақл бовар қилмайди: 1941 йилда Гитлер қилгандек мамлакатга ҳужум, босқинчилик бу», - деди 38 ёшли маркетинг бўйича мутахассис Дмитрий Пак Eurasianet нашрига.

Намойишчилар ғазаби Россия ва унинг президенти Владимир Путинга қаратилди. Митингчилар Путинни «фашист» деб аташди. Намойишчилар, шунингдек, Қозоғистон ҳукумати БМТда Россияга қарши овоз бермаганини танқид қилдилар.

БМТда Россиянинг Украинага ҳужум қилишига қарши резолюцияни 193 давлатдан 141 таси қўллади, Россия, Беларусь, Шимолий Корея, Эритрея, Сурия қарши овоз берди, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва яна 32 давлат эса бетараф қолди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев жуда ноқулай аҳволга тушиб қолган. Январь ойида Қозоғистонда тартибсизликлар бошланиб кетиши ортидан Тоқаев Москва бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар кучлари мамлакатга киритилишини сўраганди. Февраль охирида Путин Украинага босқинни эълон қилар экан, «Қозоғистонга берилган ёрдамга» ишора қилиб, Нур-Султонни ўзини қўллашга чорлагандек бўлди.

Бу орада Қозоғистон Россия ундан Украинага қўшин киритишни сўрагани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Тоқаев бирор тараф ёнини босиш ўрнига тинчликпарвар ролини ўйнашга ҳаракат қилмоқда. Ўтган ҳафтада қозоқ президенти бир кун ичида ҳам Путин билан, ҳам Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди.

Қозоғистонда жамоатчиликнинг уруш бўйича қарашлари ҳақида ишончли сўров ўтказилгани йўқ. Шундай бўлса-да, мамлакатда Россия тарафдорлари ҳам, унинг агрессиясига қаршилар ҳам кўп.

Қозоғистонда ҳамда қўшни Қирғизистонда айрим ҳайдовчилар Россияни дастаклашларини изҳор қилиш учун ўз автомобилларига «Z» белгисини ёпиштирмоқдалар. Босқинчи рус қўшинлари техникасида айнан шу белгини кўриш мумкин. Қозоғистон ва Қирғизистон расмийларига бу ҳолат хуш келмади. Ҳар икки мамлакатда полиция машинасига «Z» белгисини ёпиштирган ҳайдовчиларни «транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганликда» айблаб, жаримага тортмоқда.

Олмаотада Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши намойишда этник қозоқлар ва украинлар билан бир қаторида кўплаб этник руслар ҳам иштирок этди.

28 ёшли Александра Ричкова «Кеча Грузия, бугун Украина, эртага Қозоғистонми?» деган плакат билан намойишда иштирок этди. Россия 2008 йилда Грузияга бостириб кирган эди. Кўп сонли этник рус яшайдиган Қозоғистонда ҳам Россия бостириб кириши ҳақида узоқ йиллардан бер хавотир мавжуд.

«Бу ҳолат Қозоғистонга катта таъсир кўрсатади», - деди Ричкова Eurasianet нашри мухбирига.

Ричкова айрим рус оммавий ахборот воситаларида «Қозоғистонда рус тили йўқ қилинаётгани» ҳақидаги ёлғон даъволар хавотир туғдиришини айтди.

Намойишчилар, шунингдек, «Ташвиқотга йўл йўқ» деб ҳайқирдилар ва Қозоғистонда Россия телеканалларини тақиқлаш тўғрисидаги аризага имзо тўпладилар.

«Агар Путин Украинадаги русларни қутқаришга киришган бўлса, у бу ердаги русларни қутқариш учун қачон келишини билмаймиз», - деди Ричкова.

«Бу қўрқинчли. Мен қозоғистонлик русман, шу ерда туғилганман, бу менинг ватаним».

Украина: рус қўшини мактаб ва шифохоналарни бомбалади. 12-кун.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:43 0:00

Қирғизистонда 5 март куни эрталаб Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси олдида ўнлаб одам тўпланиб, Россия байроқларини ҳилпиратди, Россияни олқишлаб шеърлар ўқиди ва гул қўйди.

Акция ташкилотчиси Тўқтайим Уметалиева Россия Украинада рус тилида сўзлашувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун чора кўраётганини таъкидлар экан, Россия давлат телевидениеси томонидан тез-тез эфирга узатиладиган гапларни такрорлади. Уметалиева Украинанинг шарқий Донбасс ҳудудида 2014 йилда ҳукумат кучлари ва Россия дастаклаб келаётган айирмачилар ўртасида бошланган можаро Россия бостириб киришига асос бўлганини таъкидлади.

«Мен ўлган ва ҳозир ўлаётган болалар хотирасига бағишланган ушбу зарур амалиётни қўллаб-қувватлайман», - деди у Eurasianet нашри мухбирига.

Россия элчихонаси олдида ўтказилган акциянинг яна бир иштирокчиси, 63 ёшли Бишкек турғуни ва собиқ ҳарбий хизматчи Бақит Вакетаев айни дамда Украина бўйлаб тарқалаётган зўравонликда президент Зеленскийни айблади.

«Президентнинг асосий вазифаси тинчликни сақлашдир. Зеленский буни уддаламади», - деди у Eurasianet нашри мухбирига.

«Зеленский биринчи куниёқ таслим бўлиши керак эди. У ҳеч кимни аралаштирмаслиги керак эди, шунчаки «марҳамат, хуш келибсиз» дейиши керак эди. Эсингизда бўлса, Францияда немислар Парижга юриш қилганда, қурбонлар бўлмаган. Улар шундай Парижга кириб боришган ва шу билан иш битган».

Тушликдан кейин элчихона олдига Украина тарафдорлари тўпланди. Улар ва Россия тарафдорлари бир-бири билан айтишди. Кекса йўловчи аёл йиғилганларни нацистларга хайрихоҳликда айблаб, улардан Украина байроғини тортиб олмоқчи бўлди. Ниҳоят, полиция етиб келиб, урушга қарши намойишчиларни қўлга олди.

Ўзбекистонда бундай акция ўтказиб бўлмайди. Мамлакатда ҳатто Интернетда Украинадаги вазиятни ҳаддан ташқари фаол ёритиш ҳам тақиқланган кўринади. Yep.uz нашри асосчиси, мустақил журналист Марина Козлова Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенкодан интервью олди. Орадан кўп ўтмай, Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошидаги Ўзбекистон Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Козловодан Украина элчиси билан суҳбатни «24 соат давомида» олиб ташлашни талаб қилди.

Россия давлат телевидениеси эса, ўзбек нашрлари Украина ва мустақил Россия оммавий ахборот воситаларидаги хабарларга таяниб, ҳаддан ташқари украинапараст позицияни эгаллаган, деган фикрда.

XS
SM
MD
LG