Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Ўзбекистонда рубль учун махсус коридор–олигархгами ëки мардикорга?


Россиянинг Украинага босқини ортидан жорий қилинган санкцияларнинг илк кунидаëқ рубль ўз қадрини 20 фоизгача йўқотди
Россиянинг Украинага босқини ортидан жорий қилинган санкцияларнинг илк кунидаëқ рубль ўз қадрини 20 фоизгача йўқотди

3 март куни Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига Россия рубли олди-сотдисида “курслар ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш тавсия этилгани”ни билдирди.

Марказий банк ўз қарорини Россиядаги ўзбекистонликларнинг ўз пулини доллар ëки еврога айлантиришдаги йўқотишини камайтириш уриниши сифатида тақдим этди.

Тавсия дейилишига қарамай¸ Озодлик гаплашган банк ходимларининг билдиришича¸ 3 мартдан тижорат банклари Россия рублини Марказий банк белгилаган “шартли маъмурий коридор”¸ ëки сунъий нархда сотиб олиш ва сотишга мажбур қолган.

Айрим иқтисодчилар бу ҳаракатни россияликлар¸ хусусан¸ санкцияга учраган олигархларнинг рублдаги жамғармаларини Ўзбекистонда долларга айлантириш учун эшик очиш ва “рублдаги барча рискларни ўзбек сўмининг устига юклаш” дея баҳоламоқда.

Кремлнинг Украинага босқини ортидан Ғарб Россияга қарши мисли кўрилмаган иқтисодий ва молиявий санкциялар қўллади. Оқибатда¸ Россия рубли асосий валюталарга нисбатан ўз қадрини кескин йўқотди. 3 март куни Россия Марказий банки курси бўйича бир доллар қурби 111 рублга етди ва рубль бир Америка центидан ҳам арзонлади.

Марказий банк “коридор” ўзбек мигранти учунлигини иддао қилди

Ўзбекистон Марказий банки 3 март кунги баëнотида Россия рублининг қулаши ортидан миллионлаб ўзбек мигранти даромадининг кескин пасайганини эътироф этди.

“Россия рубли айирбошлаш курси кескин тебранаётган ҳамда биржа ва биржадан ташқари курслар ўртасида сезиларли тафовутлар юзага келаётган пайтда Россиядаги фуқароларимизнинг ўз маблағларини эркин валютага алмаштириш жараёнида йўқотишларига олиб келмоқда”¸ дейилади расмий баëнотда.

Шу мақсадда Марказий банк¸ баëнотда айтилишича¸ “тижорат банкларига Россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш”ни “тавсия” қилган.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган МБ ходими¸ бунинг тавсиядан кўра тижорат банкларига бажариш мажбурий бўлган “топшириқ” эканини билдирди.

“Бунақа нозик масала одатдагидай, энг тепадан оғзаки берилган буйруқ асосида ҳал этилади. Марказий банк “коридорни" белгилаб беради ва тижорат банклари унга амал қилади. Бошқа иложи йўқ¸ қайси бирининг жони иккита йўқ дейишга?" деди банк вакили.

Айни пайтда суҳбатдош¸ Марказий банк бу коридорни Россиядаги миллионлаб ўзбек муҳожирлари рублда топаëтган даромаднинг кескин қисқариб кетишдан асраш учун киритганини билдирди.

"Ҳозиргача Россиядан юборилган пулни бемалол долларда олиш мумкин эди. Энди рублда жўнатса ҳам банклар белгиланган коридор ичида долларга айлантириб бераверади. Аслида мигрантга Ўзбекистондаги оиласи тирикчилиги учун доллар эмас¸ сўм керак. Бу чора билан Ўзбекистон ҳам Россиядан доллар чиқиб кетмаслигига кўмаклашмоқчи¸ ҳам меҳнат мигрантлари даромадининг кескин пасайиши олдини олмоқчи".

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов¸ Марказий банкнинг рубль учун жорий қилган “хавфсиз коридор”и ўзбек тижорат банкларини хавф ëқасига олиб боришини билдирди.

- Рублнинг кескин қадрсизланиши билан боғлиқ йўқотишларни Ўзбекистон Марказий банки ўзига олгани йўқ¸ аксинча уларни тижорат банклари елкасига юклади. Бу бозорга хос бўлмаган усул. Ҳозирча тижорат банклари йўқотишлари кўламини аниқ айтиш қийин. Вақти билан¸ бу ҳақда уларнинг ўзи гапира бошлаши мумкин¸ - деди Озодликка Юсупов.

Маъмурий коридор – сўмнинг ҳам рублга қўшилиб қулашига олиб келиши мумкин

Марказий банкнинг рубль курсини белгилашда “сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш”га оид тавсия-топшириғи мустақил иқтисодчилар томонидан ўзбек сўмини чўкаëтган рублга қўшиб чўктиришга элтувчи хавфли қадам сифатида баҳоланмоқда.

Марказий банк баëнотида "банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида Россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар берилгани" айтилади.

Аммо ўзбекистонлик иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров¸ Марказий банк томонидан Россия рубли олди-сотдиси учун коридор белгилаб берилгани ва унинг Россия Марказий банки белгилаган курсдан анча паст эканини ëзди.

Бугунга тавсия этилган коридор: Рубль сотиб олиш курси 97 сўм. Рубль сотиш курси 102 сўм. Россиядан рубль келтириб уни сўмга айлантириб, кейин доллар сотиб олинса, 1 доллар 112,78 рублга тушади. Солиштириш учун, Москва айирбошлаш шохобчаларида 1 доллар 130-160 рублдан сотилмоқда”.

Ўзбекистонда рубль курсини тепадан тушган буйруқ асосида белгилаш¸ иқтисодчи фикрича¸ “россияликларнинг жамғарган рублларини Ўзбекистонга келтириб долларга айлантириб олишлари учун шароитлар яратиш”га хизмат қилади.

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов “рубль билан ўзбек сўмини бир саватга қўйиш – рублдаги барча рискларни сўмга юклашга тенг бўлади”¸ деб ëзди.”

Минг марта айтган бўлсам-да айтаман: бозорга қўйиб бериш керак. Ўзбекистонликлар хоҳласа рублни олишсин¸ хоҳламаса олишмасин”.

Иқтисодчилар¸ Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларида тижорат банклари мажбурий тартибда олишга ва сотишга мажбур валюталар қаторида рубль йўқлигига эътибор қаратмоқда.

Бу қоидаларга кўда¸ “ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф асосда шаклланадиган валюта курси бўйича амалга оширилади”.

Ўзбекистон санкцияга тушган Россия бойлари рублларининг “ахлатхонаси”га айланадими?

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов¸ маъмурий коридор узоқ муддат амалда қолса ва Россиядан катта миқдорда рубль Ўзбекистонга кела бошласа¸ бундай эҳтимол юзага чиқиши мумкинлигини айтади.

-Тушунишимча¸ ҳозир гап Ўзбекистонга кириб бўлган рубль ҳақида бормоқда. Бу коридор узоқ амалда қолмайди¸ деб ўйлайман. Узоқ сақланадиган бўлса ва рубль қулашда давом этаверса¸ Ўзбекистоннинг ҳеч кимга кераксиз бўлиб қоладиган рубль ахлатхонасига айланишини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Лекин Марказий банк ўз банкларини ўзи ўлдиришга қарор қилади¸ деб ўйламайман.

Марказий банкнинг рубль учун «маъмурий коридор» яратиш уриниши ортида расмий баëнотда айтилган каби Россиядаги мардикорлар даромадини авайлаш мақсади борлиги ўзбек жамоатчилигини кўп ҳам ишонтиргани йўқ.

Мустақил иқтисодчилар¸ ҳукуматнинг аксар қарорлари сиëсий элитага яқин шахс ва гуруҳлар манфаатини кўзлаб чиқарилишини муттасил танқид қилиб келади.

Украина уруши ва Путиннинг ўзбек олигархлари. Санкциялар сиртмоғи тортилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:29 0:00

Шу боис Марказий банкнинг 3 мартдан кучга кирга тавсияси¸ айрим блогерлар томидан санкцияга учраган Путин олигархларини қутқариш уриниши – «рус миллиардерлари учун лайфхак» сифатида қабул қилинди.

«Уруш бўлмоқда, Россияга қарши санкциялар жорий этилмоқда, сен пулларинг йўқотмоқдасан, нимадир қилиш керак. Нима қилиш мумкин? Масалан, сен юқори элитаси сенга қариндош бўлган, яқин бўлган бир учинчи дунё давлатини топасан, масалан, унинг пул бирлигини шартли равишда сўм деб олсак, сен арзон нархда рублни Россиядан сотиб оласан, лекин ҳалиги учинчи дунё давлатига рублни бозор курсида эмас, Марказий банк белгилаган курсда сотиш ва сотиб олишни мажбурий қилиб қўясан. Ҳа, энди танишлар бор-ку, қариндош шу пайт керак бўлмаса, қачон керак бўлади? Энди бемалол вагонлаб рублни ўша давлатга олиб кирасан, у ердан эса вагонлаб долларни олиб чиқиб кетасан. У давлатнинг иқтисоди, халқи қашшоқлашиши, сўми қадрсизланиши сенга ҳам, юқоридаги элитаси учун ҳам бир тийин»¸ деб ëзди Телеграмдаги TentakMinds канали.

Марказий банкнинг 3 март кунги баëнотида вазиятнинг доимий кузатиб борилаëтгани таъкидланган. Унда шунингдек¸ Марказий банкнинг “зарур ҳолларда аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриб бориши” айтилган.

Аммо баëнотда на бу қўшимча чораларнинг қандай характерда бўлиши ва на “курслар ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш” тавсиясининг қанча вақт амал қилиши айтилмаган.

XS
SM
MD
LG