Москва “фикрини ўзгартирди” ва Украина ҳукуматини ағдариш нияти йўқлигини билдирди
Москва Украинада амалда бўлган ҳукуматни ағдариш мақсадига эга эмас, деб билдирди 9 март куни Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова. Мазкур баёнот Кремль гўёки ўз фикрини ўзгартирганини англатмоқда. 24 февраль куни Украинага уруш очган Россия президенти Владимир Путин 25 февралда барча украин ҳарбийларига мурожаат қилиб, уларни “наркоман ва неонацистлар тўдасидан иборат бўлган Киев ҳукуматини ағдариш”га чақирган эди.
Захарованинг айтишича, Украинага ҳужумдан мақсад россияпараст исёнчилар босиб олган Донбассни ҳимоя этиш, Украинани демилитаризация ва "денацификация" қилишдан иборатдир. Захарова Кремль Украинани босиб олиш ёки унинг давлатчилигини барбод этиш ниятига эга эмаслигини таъкидлади.
7 март куни Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Киев билан олиб борилаётган музокараларда Москва Украина шарқидаги айрим туманларни босиб олган россияпараст сепаратчилар томонидан ташкил этилган “ДХР” ва “ЛХР” мустақиллигини ҳамда Қримнинг Россия ҳудуди эканини тан олишни талаб этаётганини билдирган эди.
Россияда болалар овқати ва дори-дармон ишлаб чиқариш захиралари тугамоқда
Россияда болалар учун озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлари кўпи билан 1,5 ойга етадиган захира қолгани ҳақида аҳолини огоҳлантирди. Бу ҳақда Москванинг "Коммерсантъ" нашри аноним манбаларга таянган ҳолда хабар берди.
Билдирилишича, савдо шаҳобчаларига бир харидорга сотиладиган болалар озиқ-овқати миқдорини чеклаш тавсия қилинган.
Nestle эса қуритилган сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш захираси фақат бир ярим ҳафтага етиши ҳақида билдирди, деб ёзди "Коммерсантъ". Бунга Кремль Украинага уруш очгани ортидан Ғарб давлатлари Россияга хом ашё етказиб беришни тўхтатгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Россияда сўнгги бир ҳафта ичида болалар озиқ-овқат маҳсулоти нархи 2,5 баробарга қимматлаган.
"Коммерсантъ" ўз манбаларига таянган ҳолда Россияда дори-дармон ишлаб чиқарувчи ширкатлар ҳам нари борса 3-6 ойга етадиган хом ашё захирасига эга эканини ёзди. Хабарда маълум қилинишича, Россияда энг зарур дориларнинг ишлаб чиқарилиши учун керакли бўлган хом ашёнинг 20 фоизи Европадан олиб келинар эди.
Heineken ҳам Россиядаги фаолиятини тўхтатди
Жаҳондаги машҳур ширкатлардан бири бўлган Heineken Россияда пиво ишлаб чиқаришни ва сотишни тўхтатгани тўғрисида билдирди.
Аввалроқ Carlsberg ва Johnnie Walker, Captain Morgan, Guinness, Smirnoff, White Horse брендлари эгаси бўлган Diageo ҳам Россияда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатган.
Кремль Украинага уруш очганидан бери ўтган 13 кун давомида жаҳоннинг энг машҳур брендлари ва ширкатлари Россиядаги фаолиятини тўхтатди.
Россия ва Украина гуманитар йўлаклар тўғрисида келишувга эришди
Украина ва Россия эрталабки соат 9 дан кечки соат 9 гача аҳолини эвакуация қилиш учун ўқ отишни тўхтатишга эришди. Бу ҳақда Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук билдирди.
Унинг айтишича, келишувга асосан олтита гуманитар йўлак ташкил этилди. Россия ҳарбийлари босиб олган ёки ўққа тутаётган ҳудудлардан қуйидаги йўналишларда аҳоли эвакуация қилинади:
Энергодар ва Мариуполь шаҳарларидан Запарожьега, Сума шаҳридан Полтавага, Волновахадан Покровскка, Изюмдан Лозоваяга, Буча, Ворзель, Ирпень. Бородянка, Гостомель шаҳарларидан Киевга.