Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 06:21

Украинага ҳужум: Сбербанк доллар жўнатмаларини тўхтатди. Уруш хроникаси

  • Россиянинг Украинага босқинининг тўртинчи ҳафтаси бошланди.
  • 16 март куни Мариуполь шаҳрида юзлаб одам яширинган Драма театри бомбаланди. Украина ҳукумати рус ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мелитополь мэрини озодликка чиқаришга муваффақ бўлди.
  • Владимир Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессининг иккала палатаси олдида нутқ сўзлаб, уларни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишда давом этишга чақирди ва тез орада катта миқдорда қурол-яроғ олишга эришди.
  • БМТ Халқаро суди Россиядан Украинадаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Россия 26 йил аъзо бўлиб келган Европа Кенгашидан четлатилди.
  • Путин Украинадаги “амалиёт” муваффақиятли олиб борилаётгани ва Россия жамиятини урушга қарши чиқаётган “миллат хоинлари”дан тозалаш кераклиги ҳақида гапирди.
  • Британия Мудофаа вазирлиги Россия жанглардаги талафотлари ўрнини тўлдириш учун янги кучларга тобора муҳтож бўлаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, эндиликда Россия қаттиқ ҳимояланаётган Украина армиясига қарши ҳужум амалиётларини олиб боришда қийналиши турган гап.
  • Украина ҳудудига бостириб кирган кундан бери Россиянинг етти мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу 20 йил давомида Ироқ ва Афғонистондаги жангларда ўлдирилган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда.
  • Россия аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми Украина билан урушни қўллаб-қувватлайди ва бундан ғурур, қувонч, ҳурмат, ишонч ва умид каби ижобий ҳисларни туяди. Россиядаги мустақил социологлар гуруҳи томонидан февраль ойи охирлари ва мартнинг ўрталарида ўтказилган икки сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги: Сукунат режими эълон қилинди

Россия 10:00 дан сукунат режимини эълон қилади ва Киев, Мариуполь, Харьков ҳамда Сумидан гуманитар йўлакларни очади.
Вазирликка кўра, Россия томони гуманиар йўлаклар очилиши ҳақидаги маълумотни БМТ, ЕХҲТ ҳамда Халқаро Қизил хоч қўмитасининг ихтисослашган тузилмаларига етказган.
Ўтган сафар Мариуполда тинч аҳолини олиб чиқиб кетиш учун эълон қилинган сукунат режими бузилган ва натижада аҳоли шаҳарни тарк эта олмаганди. Сукунат режими бузилишида томонлар бир-бирини айблади.

Netflix видеосервиси Россияда ўз ишини тўхтатди

Netflix видеосервиси Россиядаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилгани ҳақида 6 март куни ширкат вакили маълум қилди.

Ўтган ҳафта Netflix Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик ўлароқ Россиядан контент сотиб олишни вақтинча тўхтатган эди.

“Вазиятни эътиборга олган ҳолда, биз Россияда хизмат кўрсатишни тўхтатишга қарор қилдик”, деган ширкат вакили.

Аввалроқ Netflix Россиядаги қонунчилик талабларига қарамай, ўз сервисига давлат телеканалларини қўшишни режаламаётганини билдирган эди.

Netflix дунёнинг турли мамлакатларида ишлаб чиқарилган минглаб фильм ва сериалларни обуна орқали фойдаланувчиларга тақдим этувчи энг йирик сервислардан бири бўлиб ҳисобланади.

Россияда урушга қарши норозилик акциясига чиққан қарийб 5 минг одам қўлга олинди

Россиянинг 69 та шаҳрида 6 март куни Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши норозилик акциялари бўлиб ўтди. Мазкур акциялар чоғида, “ОВД-Инфо” лойиҳасининг сўнгги маълумотига кўра, камида 4949 киши (жумладан Москвада 2360 нафардан зиёд, Санкт-Петербургда эса қарийб 1250 нафар одам) қўлга олинган.

Шу тариқа Россиянинг энг янги тарихида норозилик намойишига чиққан одамларни тутиб кетиш бўйича рекорд янгиланди. Ҳатто Россия тарихида энг оммавий акция ҳисобланган 2021 йил 23 январидаги Навальнийнинг тутиб кетилиши муносабати билан ўтказилган норозилик чиқишида ҳам бу қадар кўп одам ушланмаган эди.

Россияда урушга қарши акциялар россиялик ҳарбийлар Украинага бостириб кирган илк кундан, яъни 24 февралдан бери ўтказиб келинмоқда. Расмийлар рухсат бермаганига қарамай, якшанба куни энг оммавий акция ўтказилган.

Рим папаси Россия билан Украина ўртасида музокараларни қайта бошлашга чақирди

Рим папаси Франциск якшанба куни Ватиканда диндорларга қилган мурожаати чоғида Россиянинг Украинага бостириб кириши масаласига тўхталган.

“Украинада қон ва кўз ёши дарё бўлиб оқмоқда. Бу шунчаки ҳарбий амалиёт эмас, бу ўлим, вайронагарчилик ва қашшоқлик келтирувчи урушдир”, деган у.

Папа Франциск ўз сўзида Россия билан Украина ўртасидаги музокараларни қайта тиклашга чақирган.

“Бу сўлғин ўлкада ҳар соатда гуманитар дастакка зарурат ортиб бормоқда. Уруш ақлсизликдир. Илтимос, тўхтанг”, деган у.

Аввалроқ Рус православ черкови раҳбари патриарх Кирилл якшанба кунги маърузасида Украинадаги уруш одамлар Донбассда гей-парадлар бўлишини истамагани учун кетаётганини билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG