Львовда портлашлар содир бўлди
Украинанинг Львов шаҳрида 18 март тонгида ҳаво тревогаси ортидан портлаш содир бўлди.
Львов вилоят маъмурияти маълумотига кўра, портлаш товушлари маҳаллий вақт билан соат 06:29 да янграган.
Дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар аэропортга қарата берилган, дея хабар қилди Dailylviv.com нашри.
Москвада Украина байроғи рангларидаги бош кийим кийган ва нишон таққан аёл жаримага тортилди
Москвалик аёл сариқ-кўк рангли бош кийим кийгани ва Украина байроғи рангларида юракча шаклли нишон таққани учун 30 минг рубль жаримага тортилди, дея маълум қилди “Сетевие свободи” юридик ёрдам лойиҳаси.
Иш материалларида айтилишича, у “жамоат жойида Украина Республикаси байроғи рангларига бўялган кийими ва нишонини намойиш этиш билан Россия Федерацияси Қуролли кучларига нисбатан яққол салбий муносабатини намойиш этган ҳамда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар эътиборини тортган”.
“ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумотига кўра, 24 февралдан бери Россияда бўлиб ўтган урушга қарши акцияларда 14 минг 980 киши ушланган.
Япония, Австралия ва Янги Зеландия Россияга қарши янги санкциялар жорий қилди
Япония, Австралия ва Янги Зеландия россиялик ҳарбийлар Украинага бостириб киргани туфайли бу мамлакатга қарши янги санкциялар жорий этди.
Мазкур чекловлар Россия президенти Владимир Путин, россиялик қатор амалдор ва олигархлар, шунингдек Россия суверен қарзини бошқараётган банклар ва давлат тузилмаларга дахлдордир.
Европа космик агентлиги “Роскосмос” билан ҳамкорликни тўхтатди
Европа космик агентлиги (ЕКА) Марс сайёраси юзаси тадқиқига оид ExoMars миссияси бўйича Россиянинг “Роскосмос” давлат корпорацияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Агентлик сайтида маълум қилинишича, ЕКА Европа Иттифоқи томонидан “Россияга қарши киритилган санкцияларини тўлалигича қўллаб-қувватлайди. Ташкилот бошқарув кенгаши Украинадаги уруш туфайли юзага келган вазиятни баҳолаб, бир овоздан ExoMars дастури доирасида бундан буён “Роскосмос” билан ҳамкорлик қилиш имконсиз, деган қарорга келган.