Россия Мудофаа вазирлиги Украинага муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар йўлланганини тан олди
Россия Мудофаа вазирлиги кутилмаганда Украинага муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларни юборганини тан олди. Мазкур аскарлардан айримлари асир олинган.
Вазирлик вакили “афсуски, бундай аскарларнинг амалиётда қатнашаётганига оид бир неча факт аниқланган”ини билдирган.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларнинг яқинлари бу ҳақда урушнинг илк кунидан бери айтиб келаётгандилар, бироқ расмийлар, шу жумладан президент Путин буни қатъиян рад этиб келаётган эди.
АҚШ Конгресси қуйи палатаси Украинага миллиардлаб долларлик ёрдам пакетини маъқуллади
АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси Украинага 13,6 миллиард долларлик ошиғич ёрдам режасини маъқуллади.
Бу маблағдан 6,5 миллиард доллари Украинага ҳарбий кўмак кўрсатиш учун Пентагонга, қолгани эса гуманитар ва иқтисодий ёрдамга ажратилган.
Мазкур қонун лойиҳаси яқин кунларда Сенатда муҳокамадан ўтиши кутилмоқда.
Amazon Россияга товар етказиб беришни тўхтатди
АҚШнинг энг йирик ширкатларидан бири бўлмиш Amazon Россия ва Беларусга товар йўллашни тўхтатган. Бу ҳақда ширкат ўз сайти орқали маълумот тарқатган.
Amazon Web Services булут сервиси ҳам Россия ва Беларусдан янги фойдаланувчиларни рўйхатга олишдан бош тортган. Бундан ташқари россиялик фойдаланувчилар бундан буён Amazon Prime Video стриминг хизматидан ҳам фойдалана олмайдилар.
Йел университети маълумотига кўра, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан бери 300 дан зиёд хорижий ширкат Россиядаги фаолиятини тўхтатиши ёки чеклашини эълон қилган. Улар орасида OBI халқаро дўконлар тармоғи, косметика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Estee Lauder Companies ширкати, McDonald's, Starbucks, Coca-Cola, Zara, Pull&Bear, Massimo Dutti, Bershka, Marks & Spencer, Mango, H&M брендлари ва бошқалар бор.
ЕИ россиялик сенаторлар ва айрим мансабдорларга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди
Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Брюсселда 9 март куни ЕИнинг Россия ва Беларусга қарши қўшимча санкциялари маъқулланди.
ЕИ кенгаши хабарномасида санкциялар “россиялик олигархлар ва мансабдорлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига қарши” киритилиши айтилган. Кейинроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен санкциялар 160 нафар (14 нафар тадбиркор ва Федерация кенгашининг 146 нафар аъзоси) россияликка қарши қаратилганини билдирган. Шу тариқа ЕИнинг қора рўйхатидаги россиялик жисмоний шахслар сони 862 нафарга, ташкилотлар сони эса 53 тага етган.
Санкция рўйхатига янги қўшилганлар орасида россиялик сенаторлардан ташқари VK (ВКонтакте) раҳбари Владимир Кириенко, “Аэрофлот” раҳбари Михаил Полубояринов, “Роснано” раҳбари Сергей Куликов, “Ростелеком” президенти Михаил Осеевский ва бошқа амалдорлар бор.