БМТ: Украинада тинч аҳоли вакилларидан 41 бола дохил 549 нафар одам нобуд бўлди
Уруш бошланганидан бери ўтган икки ҳафта мобайнида Украинада, БМТ вакиллари келтираётган сўнгги маълумотга кўра, тинч аҳоли вакилларидан камида 549 киши нобуд бўлган. Қурбонларнинг 41 нафари вояга етмаган болалардир.
Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар ҳужумлари натижасида ҳарбий бўлмаган 957 нафар украиналик тан жароҳати олган, улардан 52 нафарини болалар ташкил қилади.
Тинч аҳоли орасидаги ўлимларга асосан Россия армияси оғир артиллерияси томонидан отилган тўплар, авиация ва ракета зарбалари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Украинада Россия танк полки қўмондони ҳалок бўлгани хабар қилинди
Украина Қуролли Кучлари пиёда қўшинлар қўмондонлиги 10 март куни Киев вилоятининг Бровар шаҳарчаси яқинида Россия танк полки командири Андрей Заҳаров ҳалок бўлганини маълум қилди. Россия ҳукумати ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби, 9 март ҳолатига кўра, Россиянинг 12 мингдан кўпроқ аскари ҳалок бўлганини иддао қилмоқда. АҚШ разведкаси маълумотларида эса Украинада 2-4 минг атрофида рус аскари ўлгани тасдиқлангани билдирилган.
Украинада ҳалок бўлган Россия аскарлари тўғрисида тўлиқ тасдиқланган мустақил манбалар мавжуд эмас.
Сергей Лавров: Россия Украинага ҳужум қилмади ва бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилмайди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 март куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан Туркиянинг Анталя шаҳрида ўтказилган музокарадан сўнг “Россия Украинага ҳужум қилмади ва бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилиш режасига эга эмас”, деб баёнот берди.
Лавровнинг айтишича, Украинадаги ҳарбий ҳаракат “Россия Федерацияси хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид пайдо қиладиган вазият юзага келгани” учун бошланган.
“Биз Украинада нацистлар давлати шаклланишини истамаймиз”,-деди Лавров Кулеба билан учрашувдан сўнг журналистларга берган интервьюсида.
Лавровнинг айтишича, Мариуполдаги рус ҳарбийлари бомбардимон қилган касалхонада украиналик болалар ёки хомиладор аёллар эмас, “Азов” батальони ва бошқа “қуролли гуруҳлар” бўлган.
Украина Россияни урушни тўхтатишга кўндира олмади
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Туркиянинг Анталя шаҳрида 10 март куни ўтказилган музокарада Москвани ўқ отишни тўхтатишга кўндира олмади.
“Бугунги учрашувда ўқ отишни тўхтатиш учун Владимир Путиннинг талабларини бажаришимиз шарт экани айтилди. Бунга жавобан фақат Украина таслим бўлмоқчи эмас ва таслим бўлмайди, деб айта оламан”,-деди Кулеба.
Вазир Украина урушни тўхтатиш учун дипломатик воситалардан фойдаланишда давом этишини таъкидлади. “Россия мулоқотни пропаганда қолипи асосида эмас, асосли равишда давом эттиришга тайёр бўлганида биз учрашувдан бош тортмаймиз”,-деди Кулеба.
Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украина Қрим Россия ҳудуди эканини, ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаб олган спеаратчи ҳудудлар мустақил эканини тан олса “ҳарбий махсус амалиёт бир дақиқа ичида тўхтатилиши”ни айтган эди.