Киев гуманитар йўлаклар орқали 80 мингдан зиёд кишини эвакуация қилишга муваффақ бўлди
Украина расмийлари гуманитар йўлаклар орқали Суми, Тростянец ва Краснополдан умумий ҳисобда 60 минг чоғли, Изюмдан 3 мингга яқин, Киев вилоятидаги шаҳар ва қишлоқлардан қарийб 20 минг одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлишган.
Энергодарга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришга эришилган, бироқ Мариуполь бутунлай қамалда қолгани учун бу шаҳарга зарур егулик ва ашёларни етказиб беришнинг имкони бўлмаган.
Европалик лидерлар Украинанинг ЕИга интеграциясини дастакламоқда
Европалик лидерлар Франциянинг Версаль шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Украинанинг ЕИга интеграциясини ёқлаб чиқишган. Бу ҳақда Литва президенти Гитанас Науседа Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Версалдаги ЕИнинг норасмий саммити якунлари бўйича қабул қилинган ва 11 мартга ўтар кечаси ёйинланган баёнотда Еврокомиссия Украинанинг Европа Иттифоқига киришга оид аризаси юзасидан ўз хулосасини бериши лозимлиги, унгача эса Киев билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш режаланаётгани айтилган.
Ҳолландия бош вазири Марк Рютте қайдича, Еврокомиссиянинг бу борадаги хулосасини тайёрлаш анча вақтга чўзилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Россия авиацияси Украинанинг Днепр шаҳри ҳамда яна икки шаҳарни нишонга олди
Украина шарқидаги Днепр шаҳрига Россия учоқлари учта авиазарба берганлар. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумот тарқатди.
Хизмат қайдича, ҳодиса 11 март тонгида шаҳарнинг Новокодатск туманида содир бўлган. Снарядлар болалар боғчаси, аҳоли яшайдиган уй ёнига ҳамда пойабзал фабрикасига тушган, бунинг оқибатида фабрикада ёнғин чиққан. Дастлабки маълумотга кўра, зарбалар оқибатида бир киши нобуд бўлган.
Айни пайтда Украина ғарбидаги Луцк ва Ивано-Франковск шаҳарларида ҳам портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Луцк мэри Игорь Полищук Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали аэродром томонда портлашлар содир бўлгани ҳақида маълум қилиб, аҳолини пана жойларга яширинишга чақирган. У шаҳарликлардан ҳеч қанақа фотосурат, манзил ёки координатларни ёйинламасликни сўраган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ивано-Франковск ўққа тутилганига оид хабарлар тарқалмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги жума куни Луцк ва Ивано-Франковск шаҳарларига зарбалар берилганини тасдиқлаган. Вазирлик иддаосига кўра, мазкур шаҳарларда ҳарбий инфратузилма объектлари нишонга олинган.
Зеленский Украинадаги Россия ва унинг резидентлари мол-мулкини мусодара қилишга оид қонунни имзолади
Президент Владимир Зеленский Украина ҳудудидаги Россия ва унинг резидентлари мол-мулкини мажбуран мусодара қилиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Бу ҳақда Олий Рада (Украина парламенти) матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада қайд этилишича, Россия Федерацияси “Украинага қарши кенг кўламли уруш” бошлагани учун янги қонун “ижтимоий зарурат”, шу жумладан ҳарбий зарурат туфайли РФ ва унинг резидентлари мол-мулкини мажбуран мусодара қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Ҳужжатга мувофиқ, “Россия Федерацияси Украина ва украин халқига қарши кенг кўламли агрессив уруш бошлагани ва олиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда” Украинадаги Россия ва унинг резидентларига тегишли объектлар ҳеч қанақа товон пули тўламасдан олиб қўйилади.
Мазкур қонун Украина парламенти томонидан шу йил 3 мартида қабул қилинган.