Россия Яворив полигонини ўққа тутгани оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди
Россия Яворив полигони сифатида танилган Тинчликпарварлик ва хавфсизлик халқаро марказига ҳаводан берган зарба оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди, 134 киши яраланди. Бу ҳақда Львов вилоят давлат маъмурияти 13 март куни маълум қилди.
Россия полигонга отган ракеталарнинг бир қисмини ҳаводан мудофаа тизими уриб туширишга муваффақ бўлган. Львов расмийларига кўра, рус самолётлари Саратовдан учиб, Қора денгиз акваториясига кирган ва ўша ҳудуддан ракета отган.
Россиянинг Украинадаги урушнинг 17 куни тўғрисидаги маълумоти
Россия Мудофаа вазирлигида 13 март куни ўтган брифингда қуйидагилар билдирилди:
Россия армияси Украинада 14 километрга силжишга муваффақ бўлди. Донецк вилоятига қарашли Благодатное, Владимировка, Павловка ва Никольское аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатилди.
Шу кунгача Украинанинг 3 687 объекти ишдан чиқарилди.
Украинанинг Су-24 самолёти ва иккита учувчисиз бошқариладиган аппарати уриб туширилди.
Украина Қуролли Бош Штабининг 13 март кунги маълумоти
Мудофаа кучларининг аҳволи, тузилиши ва ҳаракатлари характери ўзгаришсиз қолмоқда.
Қўлга киритилган маълумотларда, Россиянинг кўплаб ярадор бўлган аскарлари Беларуснинг жануби-шарқидаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда.
Хирургик операцияларни ўтказиш учун қон етишмаяпти. Фуқаролар орасида қон топширишни уюштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Россия ўз йўқотишлари ўрнини тўлдириш учун янги бўлинма ташкил этмоқда. Жумладан, Петропавлоска-Камчатскийдаги Тинч океани флотининг 40-алоҳида денгиз пиёда бригадаси таркибидан 1500 аскар Украина уришига жалб қилинмоқда.
Украина ҳарбийлари бир сутка ичида Россиянинг иккита вертолёти, иккита қиручи самолёти ва иккита дронини уриб туширди.
Forbes: Россия Украинада 5,1 миллиард долларлик ҳарбий техникасини йўқотди
Forbes журналининг украин версияси Россия Украинага уруш очган 18 кун ичида 5 миллиард 100 миллион долларлик ҳарбий техникасини йўқотгани тўғрисида ёзди.
Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг билдиришича, Россиянинг 58 самолёти, 83 вертолёти, 363 танки ва 1205 та БМП ва БТРи йўқ қилинган.
Украина томони тақдим этаётган рақамларни уруш шароитида мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас. Россия томони эса 27 февраль куни СУ-25 қирувчи учоғи украин ҳарбийлари томонижан уриб туширилганини тан олган ва бу борада бошқа маълумотларни бермаган.
Forbes Россия Украинага қарши отган ракеталарни мазкур ҳисоб-китобга киритмаган. Украинанинг билдиришича, Россия шу кунгача отган “Исканлер” ва “Калибр” ракеталари қиймати 3 миллиард долларга тенг.