Россияда йўловчи учоқлар бир суткадан бери парвозга яроқлилик сертификатисиз учишмоқда
Россия авиаширкатларига қарашли йўловчи учоқлар бир кеча-кундуздан бери парвозга яроқлилик сертификатисиз учишяпти.
Россиядаги тақрибан 1000 та учоқдан 700 таси Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган. 12 март куни Бермуд ороллари авиация расмийлари мазкур учоқларнинг шу кундаги ҳолати ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаганлари туфайли уларнинг яроқлилик сертификатини бекор қилишган.
Қонунга кўра, шу жумладан Россия ҳаво кодексига мувофиқ, учоқларга парвозга яроқлилик сертификатисиз ҳавога кўтарилиш тақиқланади, бироқ якшанба (13 март) куни Россиядаги бирорта авиаширкат ҳам парвозларни тўхтатгани йўқ.
Росавиация 14 март куни парвозларни давом эттиришга рухсат берувчи қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Айни пайтда мазкур учоқларни Россия реестрида қайта рўйхатга олиш бошланган, бироқ, Коммерсант нашрининг ёзишича, бу жараён секин амалга ошмоқда.
Россия провайдерлари Instagram тармоғини блокламоқда
Россия ҳудудларида провайдерлар Instagram’ни блоклашни бошлади. 11 март куни “Роскомнадзор” ижтимоий тармоққа кириш 14 март соат 00:00 дан чекланишини эълон қилиб, фойдаланувчиларга ўз маълумотларини бошқа платформаларга кўчириш учун 2 кун муҳлат берганди.
Даставвал Узоқ Шарқда ижтимоий тармоқ ишлашдан тўхтагани хабар қилинди. Amur Mash телеграм-каналига кўра, Instagram қоқ ярим тунда ишламай қолган. “Тамом: лента янгиланмаяпти, янги маълумот юкланмаяпти, лайклар қўйилмаяпти”, деб ёзган Amur Mash.
“Борус” телеграм-канали Красноярскда ҳам Instagram блокланганини, лекин VPN билан ишлаётганини билдирган.
“Роскомнадзор” Россияда Instagram’ни блоклаш қарорини мазкур ижтимоий тармоқда “Россия Федерацияси фуқаролари, жумладан ҳарбий хизматчиларига нисбатан зўравонлик хатти-ҳаракатларини содир этишга чақириш мазмунидаги ахборот материаллари тарқатилаётгани” билан изоҳлаган.
Австралия Алишер Усмонов дохил россиялик қатор олигархларга қарши санкциялар киритди
Австралия россиялик бир қатор олигархлар, мансабдорлар ва уларнинг оила аъзоларига қарши санкциялар жорий қилди. Ҳужжат билан уларнинг Австралияга кириши тақиқланган ҳамда уларнинг бу мамлакатдаги активларни музлатиб қўйиш кўзда тутилган.
Санкция рўйхатига асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмонов, миллиардерлар Роман Абрамович, Алексей Мордашов, Алексей Миллер, Сергей Иванов, Игорь Шувалов, унинг хотини ва икки боласи, Борис ва Аркадий Ротенбергларнинг балоғатга етган фарзандлари, Игорь Сечин ва Николай Патрушевнинг ўғиллари, “Путиннинг ошпази” ўлароқ танилган Евгений Пригожиннинг хотини ва икки фарзанди киритилган.
Мариуполда уруш қурбонлари сони 2 минг нафардан ошди
Россия Украинага ҳужум бошлаган 24 февралдан бери Мариуполда 2 минг 187 нафар киши нобуд бўлган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлигининг ҳарбий мухбири Фил Стюарт шаҳар маъмурияти ходимларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Украина жануби-шарқида жойлашган Мариуполь қарийб икки ҳафтадан буён россиялик ҳарбийлар қамалида қолмоқда.
Шаҳар кўчаларида фаол жанговар ҳаракатлар олиб борилаётгани туфайли тинч аҳоли вакиллари Мариуполни тарк эта олишмаяпти, айни пайтда шаҳар ичига гуманитар ёрдам ташлашнинг ҳам имкони бўлаётгани йўқ. Шу кунда шаҳарликлар электр энергияси, алоқа, газ, иситиш ва сув таъминотидан узилган.