Россия - Украина музокараларининг 4-раунди бошланди
14 март куни Россия - Украина музокараларининиг 4- раунди бошланди. Бу сафар икки давлат делегацияси юзма-юз учрашмаяпти, улар музокарани онлайн форматида олиб бормоқда.
Украина президенти маъмурияти маслаҳатчиси Михаил Подоляк музокаралар аввалида Россия билан “мураккаб музокаралар олиб борилиши” тўғрисида хабар берди.
Музокарада Украина Россиядан ўқ отишни тўхтатишни, мамлакатдан ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни ва хавфсизлик кафолатини талаб қилмоқда.
Россия томони эса Қрим Россия ҳудуди эканини Украина тан олиши талабани олға суришда давом этаяпти.
Ғарб ОАВлари: Россия Хитойдан ҳарбий ёрдам сўрамоқда
Россия ҳукумати Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини дастаклаш учун Хитойдан ёрдам сўраган. Бу ҳақда Finanсial Times, The New York Times ва The Washington Post нашрлари АҚШ расмийларига иқтибосан хабар тарқатди. Унда айтилишича, Москва Украинага ҳужум бошиданоқ Пекиндан ҳарбий техника ва бошқа ёрдам сўрамоқда.
Finanсial Times манбаларининг айтишича, урушнинг учинчи ҳафтаси ўрталарига келиб, Москвада айрим турдаги қурол заҳиралари тугамоқда. The New York Times нашрига кўра эса, Росссия Хитойдан Ғарб санкцияларига қарши туриш учун иқтисодий ёрдам ҳам сўрамоқда.
Пекин Москванинг сўровига қандай жавоб бергани маълум эмас. Хитой Россиянинг Украинага босқини юзасидан нейтрал позицияни эгаллаган.
Россияда йўловчи учоқлар бир суткадан бери парвозга яроқлилик сертификатисиз учишмоқда
Россия авиаширкатларига қарашли йўловчи учоқлар бир кеча-кундуздан бери парвозга яроқлилик сертификатисиз учишяпти.
Россиядаги тақрибан 1000 та учоқдан 700 таси Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган. 12 март куни Бермуд ороллари авиация расмийлари мазкур учоқларнинг шу кундаги ҳолати ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаганлари туфайли уларнинг яроқлилик сертификатини бекор қилишган.
Қонунга кўра, шу жумладан Россия ҳаво кодексига мувофиқ, учоқларга парвозга яроқлилик сертификатисиз ҳавога кўтарилиш тақиқланади, бироқ якшанба (13 март) куни Россиядаги бирорта авиаширкат ҳам парвозларни тўхтатгани йўқ.
Росавиация 14 март куни парвозларни давом эттиришга рухсат берувчи қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Айни пайтда мазкур учоқларни Россия реестрида қайта рўйхатга олиш бошланган, бироқ, Коммерсант нашрининг ёзишича, бу жараён секин амалга ошмоқда.
Россия провайдерлари Instagram тармоғини блокламоқда
Россия ҳудудларида провайдерлар Instagram’ни блоклашни бошлади. 11 март куни “Роскомнадзор” ижтимоий тармоққа кириш 14 март соат 00:00 дан чекланишини эълон қилиб, фойдаланувчиларга ўз маълумотларини бошқа платформаларга кўчириш учун 2 кун муҳлат берганди.
Даставвал Узоқ Шарқда ижтимоий тармоқ ишлашдан тўхтагани хабар қилинди. Amur Mash телеграм-каналига кўра, Instagram қоқ ярим тунда ишламай қолган. “Тамом: лента янгиланмаяпти, янги маълумот юкланмаяпти, лайклар қўйилмаяпти”, деб ёзган Amur Mash.
“Борус” телеграм-канали Красноярскда ҳам Instagram блокланганини, лекин VPN билан ишлаётганини билдирган.
“Роскомнадзор” Россияда Instagram’ни блоклаш қарорини мазкур ижтимоий тармоқда “Россия Федерацияси фуқаролари, жумладан ҳарбий хизматчиларига нисбатан зўравонлик хатти-ҳаракатларини содир этишга чақириш мазмунидаги ахборот материаллари тарқатилаётгани” билан изоҳлаган.