Россиялик ҳарбийлар Запорожье АЭС ҳудудидаги ўқ-дориларнинг бир қисмини портлатишди
Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСнинг 1-сонли энергоблоки яқинидаги майдонда сақланаётган ўқ-дорининг бир қисмини портлатиб юборишди. Бу ҳақда Украинанинг “Энергоатом” ташкилоти матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.
“Портлашдан сўнг Запорожье АЭС ҳудудида радиация фони ўзгардими, йўқми – ҳозирча номаълум”, дейилган хабарномада.
“Энергоатом” қайдича, ҳозирда Запорожье АЭСда “Росатом”нинг 11 нафар вакили бор.
12 март куни “Росатом” тарқатган хабарномада “россиялик мутахассислардан иборат гуруҳ” Украинанинг Запорожье ва Чернобиль АЭСлари ходимларига “консультатив ёрдам” кўрсатаётгани ҳақида гап боради.
“Техник кўмаклашиш доирасида атом энергоблокларининг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлаш учун станцияларнинг бирламчи эҳтиёжлари аниқланмоқда”, дейилган Россия давлат ширкати пресс-релизида.
Ҳаагадаги халқаро суд Россияга қарши қарорини 16 март куни қабул қилиши кутилмоқда
БМТнинг Ҳаагадаги халқаро суди Украина иши бўйича Россияга қарши қарорини 16 март куни қабул қилади. Бу ҳақда суднинг Твиттер микроблогидаги саҳифасида маълум қилинган.
Украина мазкур судга Россия ўз ҳудудига бостириб кирганидан уч кун ўтиб – 27 февраль куни мурожаат қилган. Киев вакиллари суддан Россияга ҳарбий амалиётни зудлик билан тўхтатишга оид буйруқ йўллашни сўрашган. Мазкур буйруқ нафақат мунтазам армия хизматчилари, балки Кремль томонидан дастакланаётган барча ҳарбий бўлинмаларга тааллуқли бўлиши лозим.
Россия вакиллари Ҳаагага ёзма эътироз йўллаб, судга келган эмаслар.
Словакия Россия элчихонасининг уч ходимини бадарға қилади
Словакия Россия элчихонасининг уч ходимини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Улар Словакия ҳудудини 72 соат мобайнида тарк этишлари шарт. Бу ҳақда Reuters агентлиги Словакия Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
ТИВ қатъий суръатда “Россия Федерацияси элчихонасини ўз фаолиятини дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясига мувофиқ равишда амалга оширишга чақирган”.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз дипломатларининг бадарға қилиниши “асоссиз”лигини билдириб, Словакия хатти-ҳаракатлари “жавобсиз қолмаслиги”ни билдирган.
Украинага Россияга матбаа маҳсулотлари олиб кириш тақиқланди
Украинага Россияда чиққан барча матбаа маҳсулотларини олиб кириш ҳамда тарқатиш ман қилинди. Мазкур қарор Украина телевидение ва радиоёйин давлат қўмитаси томонидан қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, Россиядан китоб, журнал, газета, буклет ва тақвимлар олиб кириш учун қўмита томонидан берилган рухсатномалар бекор қилинган, янги рухсатномалар эса бундан буён берилмайди.