Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 23:11

Украинага ҳужум: Сбербанк доллар жўнатмаларини тўхтатди. Уруш хроникаси

  • Россиянинг Украинага босқинининг тўртинчи ҳафтаси бошланди.
  • 16 март куни Мариуполь шаҳрида юзлаб одам яширинган Драма театри бомбаланди. Украина ҳукумати рус ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мелитополь мэрини озодликка чиқаришга муваффақ бўлди.
  • Владимир Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессининг иккала палатаси олдида нутқ сўзлаб, уларни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишда давом этишга чақирди ва тез орада катта миқдорда қурол-яроғ олишга эришди.
  • БМТ Халқаро суди Россиядан Украинадаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Россия 26 йил аъзо бўлиб келган Европа Кенгашидан четлатилди.
  • Путин Украинадаги “амалиёт” муваффақиятли олиб борилаётгани ва Россия жамиятини урушга қарши чиқаётган “миллат хоинлари”дан тозалаш кераклиги ҳақида гапирди.
  • Британия Мудофаа вазирлиги Россия жанглардаги талафотлари ўрнини тўлдириш учун янги кучларга тобора муҳтож бўлаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, эндиликда Россия қаттиқ ҳимояланаётган Украина армиясига қарши ҳужум амалиётларини олиб боришда қийналиши турган гап.
  • Украина ҳудудига бостириб кирган кундан бери Россиянинг етти мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу 20 йил давомида Ироқ ва Афғонистондаги жангларда ўлдирилган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда.
  • Россия аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми Украина билан урушни қўллаб-қувватлайди ва бундан ғурур, қувонч, ҳурмат, ишонч ва умид каби ижобий ҳисларни туяди. Россиядаги мустақил социологлар гуруҳи томонидан февраль ойи охирлари ва мартнинг ўрталарида ўтказилган икки сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари Анталяда учрашишиши тасдиқланди

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркиянинг Анталя шаҳрида музокара ўтказишга келишиб олди.

9 март куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади. Лавров Анталяда ўтадиган халқаро дипломатик форумда иштирок этади. Форум расман 11 март куни бошланади. У Кулеба билан 10 март куни учрашади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли 7 март куни Анталя шаҳрида 10 март куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокара ўтказиши режалаштирилаётганини билдирган эди.

Россия ва Украина гуманитар йўлаклар тўғрисида келишувга эришди

Украина ва Россия эрталабки соат 9 дан кечки соат 9 гача аҳолини эвакуация қилиш учун ўқ отишни тўхтатишга эришди. Бу ҳақда Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук билдирди.

Унинг айтишича, келишувга асосан олтита гуманитар йўлак ташкил этилди. Россия ҳарбийлари босиб олган ёки ўққа тутаётган ҳудудлардан қуйидаги йўналишларда аҳоли эвакуация қилинади:

Энергодар ва Мариуполь шаҳарларидан Запарожьега, Сума шаҳридан Полтавага, Волновахадан Покровскка, Изюмдан Лозоваяга, Буча, Ворзель, Ирпень. Бородянка, Гостомель шаҳарларидан Киевга.

Heineken ҳам Россиядаги фаолиятини тўхтатди

Жаҳондаги машҳур ширкатлардан бири бўлган Heineken Россияда пиво ишлаб чиқаришни ва сотишни тўхтатгани тўғрисида билдирди.

Аввалроқ Carlsberg ва Johnnie Walker, Captain Morgan, Guinness, Smirnoff, White Horse брендлари эгаси бўлган Diageo ҳам Россияда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатган.

Кремль Украинага уруш очганидан бери ўтган 13 кун давомида жаҳоннинг энг машҳур брендлари ва ширкатлари Россиядаги фаолиятини тўхтатди.

Россияда болалар овқати ва дори-дармон ишлаб чиқариш захиралари тугамоқда

Россияда болалар учун озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлари кўпи билан 1,5 ойга етадиган захира қолгани ҳақида аҳолини огоҳлантирди. Бу ҳақда Москванинг "Коммерсантъ" нашри аноним манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Билдирилишича, савдо шаҳобчаларига бир харидорга сотиладиган болалар озиқ-овқати миқдорини чеклаш тавсия қилинган.

Nestle эса қуритилган сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш захираси фақат бир ярим ҳафтага етиши ҳақида билдирди, деб ёзди "Коммерсантъ". Бунга Кремль Украинага уруш очгани ортидан Ғарб давлатлари Россияга хом ашё етказиб беришни тўхтатгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Россияда сўнгги бир ҳафта ичида болалар озиқ-овқат маҳсулоти нархи 2,5 баробарга қимматлаган.

"Коммерсантъ" ўз манбаларига таянган ҳолда Россияда дори-дармон ишлаб чиқарувчи ширкатлар ҳам нари борса 3-6 ойга етадиган хом ашё захирасига эга эканини ёзди. Хабарда маълум қилинишича, Россияда энг зарур дориларнинг ишлаб чиқарилиши учун керакли бўлган хом ашёнинг 20 фоизи Европадан олиб келинар эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG