Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2025, Тошкент вақти: 07:55

Украинага ҳужум: Сбербанк доллар жўнатмаларини тўхтатди. Уруш хроникаси

  • Россиянинг Украинага босқинининг тўртинчи ҳафтаси бошланди.
  • 16 март куни Мариуполь шаҳрида юзлаб одам яширинган Драма театри бомбаланди. Украина ҳукумати рус ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мелитополь мэрини озодликка чиқаришга муваффақ бўлди.
  • Владимир Зеленский видеоалоқа орқали АҚШ Конгрессининг иккала палатаси олдида нутқ сўзлаб, уларни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишда давом этишга чақирди ва тез орада катта миқдорда қурол-яроғ олишга эришди.
  • БМТ Халқаро суди Россиядан Украинадаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди. Россия 26 йил аъзо бўлиб келган Европа Кенгашидан четлатилди.
  • Путин Украинадаги “амалиёт” муваффақиятли олиб борилаётгани ва Россия жамиятини урушга қарши чиқаётган “миллат хоинлари”дан тозалаш кераклиги ҳақида гапирди.
  • Британия Мудофаа вазирлиги Россия жанглардаги талафотлари ўрнини тўлдириш учун янги кучларга тобора муҳтож бўлаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, эндиликда Россия қаттиқ ҳимояланаётган Украина армиясига қарши ҳужум амалиётларини олиб боришда қийналиши турган гап.
  • Украина ҳудудига бостириб кирган кундан бери Россиянинг етти мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу 20 йил давомида Ироқ ва Афғонистондаги жангларда ўлдирилган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда.
  • Россия аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми Украина билан урушни қўллаб-қувватлайди ва бундан ғурур, қувонч, ҳурмат, ишонч ва умид каби ижобий ҳисларни туяди. Россиядаги мустақил социологлар гуруҳи томонидан февраль ойи охирлари ва мартнинг ўрталарида ўтказилган икки сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

БМТ: Украинада тинч аҳоли вакилларидан 41 бола дохил 549 нафар одам нобуд бўлди

Уруш бошланганидан бери ўтган икки ҳафта мобайнида Украинада, БМТ вакиллари келтираётган сўнгги маълумотга кўра, тинч аҳоли вакилларидан камида 549 киши нобуд бўлган. Қурбонларнинг 41 нафари вояга етмаган болалардир.

Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар ҳужумлари натижасида ҳарбий бўлмаган 957 нафар украиналик тан жароҳати олган, улардан 52 нафарини болалар ташкил қилади.

Тинч аҳоли орасидаги ўлимларга асосан Россия армияси оғир артиллерияси томонидан отилган тўплар, авиация ва ракета зарбалари сабаб бўлгани айтилмоқда.

Россия бошлаган уруш натижасида Украина кўрган зарар 100 миллиард долларга етган

Россия ҳарбийлари Украина ҳудудида жанговар ҳаракатлар бошлаганидан бери мамлакат кўрган иқтисодий зарар миқдори 100 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Украина президенти маслаҳатчиси Олег Устенко Peterson Institute for International Economics томонидан уюштирилган онлайн-мунозара чоғида билдирди.

Мулозимга кўра, бу ҳисоб-китоблар тахминий, бироқ ҳақиқатга яқиндир. Талафотни чамалашда вайрон қилинган йўллар, кўприклар, касалхоналар, турли мол-мулк ва жиҳозлар эътиборга олинган.

Россиянинг Кострома вилоятида урушга қарши чиққан руҳоний 35 рубллик жаримага тортилди

Россиянинг Кострома вилоятида Украинадаги урушга қарши ваъз қилган черков руҳонийси Иоанн Бурдинга 35 минг рубль жарима солинди. У Россия армиясини обрўсизлантираётганликда айбланган.

Иддаога кўра, Бурдин черков қавмига Россия Қуролли кучларининг Украинада юргани ҳамда “Исога ишонган ака-ука ва опа-сингиллар” ўлдирилаётганини уқтирган, шунингдек у черков сайтида урушга қарши петицияга ишорат қолдирган, дея маълум қилган “Тармоқ эркинлиги” юридик кўмак лойиҳаси руҳоний иши бўйича тузилган баённомага таянган ҳолда.

Карабаново қишлоғидаги черковда ишловчи Бурдин аввалроқ “Новая газета” нашрига ўз ваъзида ҳеч қанақа сиёсий чақириқлар бўлмаганини айтган.

Зеленский Украинадаги Россия ва унинг резидентлари мол-мулкини мусодара қилишга оид қонунни имзолади

Президент Владимир Зеленский Украина ҳудудидаги Россия ва унинг резидентлари мол-мулкини мажбуран мусодара қилиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Бу ҳақда Олий Рада (Украина парламенти) матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, Россия Федерацияси “Украинага қарши кенг кўламли уруш” бошлагани учун янги қонун “ижтимоий зарурат”, шу жумладан ҳарбий зарурат туфайли РФ ва унинг резидентлари мол-мулкини мажбуран мусодара қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Ҳужжатга мувофиқ, “Россия Федерацияси Украина ва украин халқига қарши кенг кўламли агрессив уруш бошлагани ва олиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда” Украинадаги Россия ва унинг резидентларига тегишли объектлар ҳеч қанақа товон пули тўламасдан олиб қўйилади.

Мазкур қонун Украина парламенти томонидан шу йил 3 мартида қабул қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG