Киев қамалга тайёрланмоқда, озиқ-овқат захираси тўпланмоқда
Украина пойтахти Киев мэрияси 13 март куни шаҳар Россия ҳарбийларининг эҳтимолий қамалига тайёрланаётганини билдирди.
“Пойтахтда шаҳарни тарк этишни истамаган 2 миллион кишига икки кунга етадиган озиқ-овқат заҳираси тўпланди. Шаҳар қамал қилинган ҳолатда зарур чора-тадбирларни кўришга ҳозирланмоқда. Ўз уйларини ташлаб кетишни истамаган икки миллион киевлик вазият ёмонлашган пайтда ўзини ёлғиз ҳис қилмайди”,-дейилади мэрия баёнотида.
Шаҳар расмийлари дўконлар ва аптекаларни очиш, улардаги маҳсулотлар нархини кўтармаслик тўғрисида бизнесменлар билан музокаралар олиб борилаётганини ҳам маълум қилди.
Киев яқинида америкалик ҳужжатли фильмлар устаси Брент Рено қурбон бўлди
Киев вилоятининг Ирпень шаҳри яқинида америкалик ҳужжатли фильмлар режиссёри Брент Рено ҳалок бўлгани ортидан расмийлар журналистларга Ирпень ва унинг атрофидаги ҳудудларга журналистларнинг киришини ман қилиб қўйган. Бу ҳақда шаҳар мэри Александр Маркушин маълум қилди.
Аввалроқ Киев вилояти полицияси раҳбари Андрей Небитов Ирпенда The New York Times нашри мухбири Брент Рено қурбон бўлганини билдирган.
51 ёшли ҳарбий видеомухбир Рено ўзи суратга олган ҳужжатли фильмлари учун Peabody, DuPont ва Edward R. Murrow Award каби қатор нуфузли мукофотларга сазовор бўлган.
The New York Times нашри вакили Брент Ренонинг ўлими тўғрисидаги хабардан чуқур қайғуга тушганини билдирган, бироқ режиссёр Украинада NYT учун ишламаганини қўшимча қилган. Унга кўра Рено нашр билан ҳамкорликни 2015 йилда тўхтатган.
Россияда Украинадаги урушга қарши акцияга чиққани учун 24 февралдан бери тутиб кетилганлар сони қарийб 15 мингга етди
Россиянинг 37 та шаҳрида 13 март куни урушга қарши норозилик акцияларига чиққанлардан 917 нафари тутиб кетилган. Бу ҳақда “ОВД-инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумот тарқатди.
Куч ишлатар тузилмалар ходимлари Урал ва Сибирдаги урушга қарши митингларда одамларни ушлаб кетганлар, бироқ энг кўп одам Москва (451 киши), Санкт-Петербург (185 киши) ва Екатеринбург (64 киши) шаҳарларида қўлга олинган.
Россия ИИВ вакиллари ҳали қўлга олинганлар сони юзасидан изоҳ берганларича йўқ.
“ОВД-Инфо” маълумотига мувофиқ, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан бери РФ ҳудудида ўтказилган урушга қарши акцияларда қарийб 15 минг киши қўлга олинган.
Мариуполда уруш қурбонлари сони 2 минг нафардан ошди
Россия Украинага ҳужум бошлаган 24 февралдан бери Мариуполда 2 минг 187 нафар киши нобуд бўлган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлигининг ҳарбий мухбири Фил Стюарт шаҳар маъмурияти ходимларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Украина жануби-шарқида жойлашган Мариуполь қарийб икки ҳафтадан буён россиялик ҳарбийлар қамалида қолмоқда.
Шаҳар кўчаларида фаол жанговар ҳаракатлар олиб борилаётгани туфайли тинч аҳоли вакиллари Мариуполни тарк эта олишмаяпти, айни пайтда шаҳар ичига гуманитар ёрдам ташлашнинг ҳам имкони бўлаётгани йўқ. Шу кунда шаҳарликлар электр энергияси, алоқа, газ, иситиш ва сув таъминотидан узилган.