| Зеленский Бундестаг олдида чиқиш қилди
Украина президенти Владимир Зеленский 17 март куни Германия парламенти депутатлари билан видео орқали суҳбатлашди. Зеленский ўз мурожаатида Украинага бостириб кирган Россия Европада “эркинлик ва қуллик ўртасида девор" қуришга ҳаракат қилаётганини айтиб, "бу девор бизнинг еримизга тушган ҳар бир бомба билан мустаҳкамланиб бормоқда”, деди.
Зеленский Германия канцлери Олаф Шолцга мурожаат қилди: “Канцлер Шолц, бу деворни йўқ қилинг!” Украина президенти шу тариқа АҚШ президенти Роналд Рейганнинг 1980 йиллар ўрталарида СССР раҳбари Михаил Горбачёвга қилган мурожаатини ёдга олди. Рейган ўша пайтда Германия пойтахтини иккига бўлган Берлин деворини назарда тутган эди.
Владимир Зеленский немис бизнеси ва сиёсатчиларига Россия режимининг тажовузкорлигига узоқ вақт давомида эътибор бермагани ва Россия бозорида ўзларининг иқтисодий манфаатларини биринчи ўринга қўйгани учун танбеҳ берди.
| Райффайзенбанк Россия бозоридан чиқиб кетиши мумкин
"Юзага келган мисли кўрилмаган вазият RBI (Raiffeisen Bank International)ни Россиядаги ўз позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Биз Россиядаги Райффайзенбанк келажаги учун барча муҳим вариантларни, жумладан, Райффайзенбанкнинг Россиядан эҳтиёткорлик билан чиқиб кетиши ҳисоб-китобини оляпмиз", деди RBI бош директори Йоҳанн Штробл.
Банк Россиядаги ўз филиали тақдирига оид қўшимча маълумот бермади.
| Украина Бош штаби Россия талафотларини эълон қилди
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Россиянинг кенг миқёсли босқинининг 22 куни, 17 март эрталабки ҳолатига кўра Россия армиясининг тахминий йўқотишларини эълон қилди:
- шахсий таркиб - ~14 минг киши,
- 444та танк,
- 1435та зирҳли жанговар машина,
- 201та артиллерия тизими,
- 72та реактив тизимлари,
- 43та ҳаво мудофаа тизими,
- 86та учоқ,
- 108та вертолёт,
- 864та машина,
- 3та кема,
- 60та ёқилғи-мойлаш материалларини ташувчи машина,
- 11та учувчисиз учиш аппарати,
- 10та махсус техника.
-
Айни пайтда, The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери жангларда 7000 дан ортиқ рус аскари ҳалок бўлган.
| Литва Украина осмонини ёпишни сўраб, БМТга мурожаат йўллади
17 март куни Литва Сейми БМТни Украина осмонини ёпишга чақирувчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди.
“Литва Сейми бир овоздан БМТни тинч аҳолининг оммавий ўлимига йўл қўймаслик учун Украина узра парвозлар тақиқланган ҳудудни яратиш бўйича зудлик билан чора кўришга чақирувчи резолюцияни қабул қилди”, — дейилади Литва Республикаси Сейми расмий Twitter саҳифасида.