Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2019, Тошкент вақти: 09:59

Самарадаги ўзбек муҳожирларининг каламуш дори сепилган кунгабоқар ëғидан заҳарлангани тахмин қилинмоқда


Самара вилоятидаги агрофирмада бир ой олдин 69 ўзбек муҳожирининг заҳарланишига каламуш заҳари қўшилган қўлбола кунгабоқар ёғи сабаб бўлганини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган қўмита расмийси¸ Ульяновск вилоятида каламушларга қарши дори - зоокумариндан заҳарланган яна 11 одамнинг касалхонага ётқизилгани ва улардан икки нафарининг ўлгани шундай хулосага асос бўлганини билдирди.

Россиянинг Ульяновск вилоятида 11 нафар шахс, жумладан 4 ёш бола каламушларга қарши ишлатиладиган доридан заҳарланиб шифохонага ётқизилди¸ улардан икки нафари вафот этди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ульяновск вилояти бўйича расмийси, 18 август куни касалхонага ëтқизилган россияликларда бундан бир ой олдин заҳарланган 69 нафар ўзбекистонликда аниқланган аломатлар кузатилганини билдирди.

-11 киши госпитализация қилинди, икки киши нобуд бўлди. Бу икки ҳолатда симптоматикаси бир хилда: турли кўринишда бўлган қон кетиши. Улар барчаси термик ишлов берилган кунгабоқар ёғини истеъмол қилгани, иккала ҳолатда ҳам зоокумарин инсектициди билан заҳарланиш бўлгани аниқланди. Биз бу ҳолатлар юзасидан тергов органларига тўлиқ маълумот бердик, деди Ульяновск вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Гулия Заббарова.

Россия Тергов қўмитасининг Ульяновск вилоят бошқармаси мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 238 моддаси 3 қисми – “икки ва ундан зиёд одамнинг ўлимига олиб келган истеъмолчилар соғлиги ва ҳаёти хафсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш” асосида жиноят иши қўзғатилганини эълон қилди.

Ульяновскда нашр этиладиган Ulpravda.ru нашри олиб борган суриштирувга кўра, кунгабоқар ëғи Самара вилоятининг Сизрань туманидан келтирилган. Айтилишича¸ Ульяновск вилояти Теренгул тумани Михайловка қишлоғида яшовчи 69 яшар шахс самаралик таниши илтимосига биноан кунгабоқар пистасидан 200 литр ёғ ишлаб чиқарган. Терговчилар тахминича¸ бу шахс ëғга ишлатилган пистани ўзи ишаган “Кошелевский посад” ширкати даласидан ўғирлаган.

Бу пистага эса¸ каламуш ва бошқа майда зараркунандаларга қарши маргимуш моддаси билан ишлов берилган.

Тергов маълумотларида қайд этилишича¸ заҳарли семечкадан ёғ олган шахс хизмат ҳақи эвазига унинг 5 литрни ўзига қолдирган¸ 10 литрини қизига совға қилган¸ қизи эса¸ ёғни ўз ҳамкасбларига сотган.

Тергов-суриштирув натижасида Сизран туманига келтирилган 180 литр заҳарли ёғ мусодара қилинган. Сертификатланмаган 20 литр ёғнинг бир қисми Сизрань далаларида мева-чева етиштираётган ўзбек мигрантларига арзон нархда пуллангани тахмин қилинмоқда.

Россия Тергов қўмитаси расмийси Озодликка Ульяновск ва Сизрань агроширкатидаги заҳарланиш аломатлари бир хиллиги сабаб, уларнинг битта иш доирасида ўрганилаëтганини билдирди.

Озодлик Самарада деҳқончилик қилаëтган ўзбек муҳожирларининг оммавий заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.

Хонқалик Ойбек Собиров (ўртада) 15 август куни Тольяттида вафот этди
Хонқалик Ойбек Собиров (ўртада) 15 август куни Тольяттида вафот этди

14 август куни Тольятти шаҳар клиникасида заҳарланганлардан бири - 26 яшар хоразмлик Ойбек Собиров вафот этди.

18 август куни Собиров жасадининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Хонқадаги яқинларига топшрилгани хабар қилинди.

Расмий хабарларга кўра¸ заҳарланган ўзбекистонларнинг 54 нафари ҳамон касалхонада қолмоқда.

Улардан бир ойдан буён оғир аҳволда қолаётган тўрт нафари - Оғабек Ортиқов, Исломбой Қўчқоров, Фарҳод Ҳайитов, Омонбой Рўзимовлар 16 август куни Москвадаги Гематология миллий тиббиёт тадқиқот марказига олиб кетилди.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Самарада қолаётган ўзбекистонлик ишчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкентдан мутахассислар гуруҳи юборилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG