Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 15:19

Қирғизистонда сайловда овоз бермаганларни жаримага тортиш таклиф қилинмоқда


Қирғизистонда сайловларда овоз бермаган ватандошлар сони кўпайиб бормоқда. Расман билдирилишича, 2017 йилги президентлик сайловида сайловчиларнинг деярли 56 фоизи қатнашган. 2021 йилги президенлик сайловида эса 39,75 фоиз сайловчи овоз берди.

Қирғизистон парламенти 13 июлда сайловда иштирок этмаган фуқароларни жаримага тортиш бўйича қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжатда узрли сабабларсиз президент ва парламент сайловида овоз бермаганларни жаримага тортиш белгиланган.

Қонун лойиҳаси муаллифи бўлган депутат Тазабек Икрамов ўз ташаббусини изоҳлар экан:

“Жамият сайловга, давлат қарорларига бефарқ бўлмоқда. Давлат ишига бефарқ одамга чора кўрилиши керак. Бугунги кунда президентлик сайлови ҳам, Жўғўрқу Кенеш сайлови ҳам 30 фоизга етмаган сайловчи билан ўтяпти", - деб айтди.

Тазабек Икрамов.
Тазабек Икрамов.

Тазабек Икрамовга кўра, баъзи Европа давлатлари, Австралия, Бразилия, Туркия қонунчилигида ҳам сайловчилар овоз беришга масъул экани аниқ белгилаб қўйилган моддалар бор.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Узарбек Жилқибаев халқнинг сиёсий тадбирлардаги иштирок этиши мажбурий бўлмаслиги лозим, деган фикрда:

Узарбек Жилқибаев.
Узарбек Жилқибаев.

“Фуқароларнинг сайловда овоз бериши - бу уларнинг ҳуқуқи. Бу мажбурий талаб эмас. Сайловда иштирок этадими ёки йўқми - ўзининг эрки. Масалан, 2021 йилда ўтган сайловда ҳориждаги ватандошлар учун 58 та сайлов участкаси очилган ва 80 мингга яқин сайловчи рўйхатга олинган. Бироқ ҳорижда 9 мингга яқин сайловчи овоз берган”.

Ватандошларни мажбурий равишда сайловга жалб қилиш мавзусининг кўтарилишига Бишкекдаги бир мандатли 26-сонли Ленин округида шу йилнинг 28 майида парламентдаги бўшаб қолган депутатлик ўрнига ўтказилган сайлов асос бўлди.

Унда 124 минг 908 сайловчидан 17 минг 423 нафари, яъни 13,95 фоизи овоз берган. бу Қирғизистонда энг оз сайловчи иштирок этган сайлов сифатида тарихга ёзилди.

Мазкур сайловда икки номзодга "сайловчилар овозини сотиб олган" деган айблов қўйилгани боис, Марказий сайлов комиссияси (МСК) 16 июнда овоз бериш натижаларини бекор қилди. Марказий сайлов комиссияси Ленин округидаги қайта сайловни 10 сентябрга белгилаган ва 17 июлдаги маълумотга асосан, унда иштирок этиш учун 5 номзод ариза берган.

Ақилбек Сариев.
Ақилбек Сариев.

“Фуқаролар сайловга нима учун бормаётгани тушунарли-да. Асосий сабаби - фуқаролар ҳукуматга ишонмай қолди. Сир эмас, Қирғизистонда сайлов бошидан охиригача пулга бориб тақалади. “Пулинг бўлса сайловда ютасан”, деган тушунча мавжуд. Бу фактдан ҳеч ким тона олмайди. Бундай тушунча президент сайловида ҳам, парламент сайловида ҳам, маҳаллий кенгаш сайловида ҳам асосий омил бўлиб хизмат қилади”, - деди МСК собиқ раиси Ақилбек Сариев.

Қирғизистон қонунчилигига асосан сайловчиларнинг 30 фоиздан кўпроғи овоз берган ҳолатда референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланади. Сайловлар учун эса минимал овозлар кўрсаткичи белгиланмаган.

Қирғизистонлик фаол Айбек Тенгизбаев аҳолининг сайловлардаги иштироки камайганини сиёсатчиларга нисбатан ишонч камайиб бораётгани билан изоҳлайди:

“Халқни сайловга жалб қилиш ва унинг аҳамиятини тушунтириш мажбурияти ҳукумат зиммасида. Сиёсий маданият шаклланган мамлакатларда халқни сайловга номзодлар жалб қилади. Бизда уларга ишончнинг йўқлиги сабабли сайловчилар ҳам бефарқ бўляпти”.

Қирғизистонда сайловлар сиёсий партиялар ва номзодлар ўртасидаги рақобатга асосланган ҳолда ўтказилиши халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилган. Шу билан бир қаторда ҳар бир сайловда овоз сотиб олиш, натижаларни сохталаштириш тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлиши ортидан норозилик намойишлари ўтказилиши ҳам анъанага айланган.

2005 йилнинг февралида парламентга ўтказилган сайлов натижаларидан норози бўлган мухолифат 24 апрель куни президент Асқар Ақаевни ҳокимиятдан қулатган эди. 2010 йил апрелида президент Қурмонбек Бакиевнинг ҳокимиятдан кетишига ҳам парламент сайловларидаги сохталаштиришлар сабаб бўлган.

2020 йил октябрида парламент сайлови натижаларидан норози бўлганларнинг кўп минг кишилик норозилик намойишлари оқибатида президент Сўўрўнбай Жээнбеков истеъфо берган эди. Шундан сўнг Садир Жапаров президентликка сайланган.

Форум

XS
SM
MD
LG