Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2022, Тошкент вақти: 04:01

Ўзбекистон хабарлари

ССВ: COVID-19 га қарши эмловда қўлланилган вакцина сони 35 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 35 миллион 117 минг 208 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 987 минг 159 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 11 миллион 323 минг 656 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 806 минг 393 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, шу кунгача Ўзбекистонда Pfizer вакцинаси билан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 476 минг 941 нафар бола эмланган.

Вазирлик 6 декабрда мамлакат бўйлаб 147 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 194 минг 703 нафарга етганини маълум қилган.

Душанба куни Ўзбекистон бўйича 215 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 191 минг 277 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундуза коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 424 нафарга етганини қўшимча қилган.

Кун янгиликлари

Кучли шамол Самарқандда янги қурилган кўп қаватли уйнинг томини учирди

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур воқеада ҳеч ким жабрланмаганини таъкидлаган.

Кучли шамол 16 январь куни Самарқандда янги қурилган кўп қаватли уйнинг томини учиргани тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, 16 январь соат 03:22 атрофида Гагарин кўчасида жойлашган 36-уй томининг “бир қисми эсган кучли шамол сабаб кўтарилиб пастга тушган”.

Ички ишлар бошқармаси мазкур воқеада ҳеч ким жабрланмаганини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеа акс этган видеолар тарқалди. Видео муаллифларининг айтишларича, тарқалган хабарда айтилишича, томи қулаган кўп қаватли уй янги қурилган уй ҳисобланади.

Аввалроқ Гидрометеорология хизмати 16 январь куни соат 03:17 ларда Самарқанд шаҳрида тезлиги секундига 15 метрни ташкил қилган шамол бўлганини билдирган.

Коронавирус билан касалланишнинг кунлик кўрсаткичи 900 дан ошди, 2 бемор вафот этди

Янги касалланиш ҳолатларининг 456 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилди.

Ўзбекистонда 15 январь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 205 минг 85 кишига етди. 15 январь куни 912 кишида коронавирус аниқланди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 456 нафари Тошкент шаҳрида, 137 нафари Тошкент вилоятида, 51 нафари Жиззах вилоятида қайд этилди.

Бундан ташқари Самарқандда 49, Хоразмда 38, Наманганда 31, Сирдарёда 25, Фарғонада 25, Андижонда 24, Бухорода 24, Қорақалпоғистонда 18, Қашқадарёда 15, Сурхондарёда 12, Навоийда 7 кишида коронавирус анқиланди.

Касалликдан соғайганлар жами 198745 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1515 нафарни ташкил қилди.

Муфтият: Умра сафари 22 январдан бошланади

Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун илк рейс 22 январь куни амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати маълум қилди.

Шундан сўнг 25 январь ва 28 январда Умрага яна иккита самолёт учади. Муфтият келгусида Умрага рейслар сони кўпайтирилиши ҳақида билдирди.

“Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади”,-дейилади хабарда.

2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 миллион 770 минг сўм тўлашлари лозим бўлади.

Умрага борувчилар коронавирусга қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим.

Агар зиёратчи бундан аввал Россиянинг “Спутник V” ёки Ўзбекистон-Хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган бўлса, у ҳолда юқорида саналган вакциналаридан бири билан 1 марта эмланиши кифоя қилади.

Пиёда юрганларга кунига 3 минг сўмдан бериш тизими бекор қилинди

Ўзбекистонда “Соғлом турмуш тарзи” платформасининг www.1hls.uz иловаси орқали пиёда юрганларга уч минг сўмдан пул тўлаш тизими 16 январдан бошлаб бекор қилинди.

Туризм ва спорт вазирлигининг билдиришича, 3 минг сўм ўрнига каттароқ совринлар қўйилади. Бундан буён бир кун давомида 10 минг ва ундан кўп қадам юрганларни бир ҳафтада бир марта рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Бунда ҳар ҳафта якунлари бўйича иштирокчилар ўртасида совринлар ўйналади. Яъни бир кишига 100 миллион сўм пул, яна минг кишига эса велосипедлар берилади.

Совринларнинг эгалари эса ҳар ҳафта якунлари бўйича “Спорт” телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали аниқланади.

Аввалроқ “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фойдаланувчиларига шу кунга қадар 43 миллиард 45 миллион 953 минг сўм миқдорида маблағ тўлаб берилгани хабар қилинган эди. Мазкур платформада рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 200 мингдан ошган.

Андижондаги перинтал марказ ҳовлисида азим дарахтлар кесиб ташланган

Андижон ҳокимлиги вилоят перинтал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт кесиб ташлангани ҳолатини назоратига олгани, конун бузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилишини маълум қилди.

15 январь куни ижтимоий тармоқларда перентал марказ ховлисида ўндан зиёд азим дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарларда дарахтларни кесиш вилоят ҳокими буйруғи асосида амалга оширилгани айтилган.

Андижон вилоят ҳокимлиги хеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисида буйруқ бермаганини билдирди.

"Ҳозирги кунда вилоят перенатал марказида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қурилиш лойихасига кўра, хозирги кунда ҳудудда 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари хеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисидаги буйруғини бермаганлигини маълум қиламиз", - дейилади ҳокимлик баёнотида.

Айни пайтда мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи рухсатнома бермагани ўртага чиқмоқда.

Қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан, 15 январь тунда 12та дарахт кесилган.

Тошкент метроси раҳбарияти "Туркистон" бекатида вагондан тутун чиқиши ҳодисасига изоҳ берди

Тошкент метросида поездларда тутун чиқиши биринчи марта бўлаётгани йўқ. 23 декабрь куни "Космонавтлар" метро бекатида вагонлардан бири тутаб кетган, поезд техник кўрикдан ўтказиш учун депога юборилганди.

14 январь куни кечки пайт Тошкент метронинг Юнусобод йўналиши "Туркистон" бекатида поезд вагонларидан бирида тутун чиққани сабаб ҳаракатланиш тўхтатилган.

Станциядаги йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинган. Баъзи хабарларда поездда ёнғин бўлгани айтилган. Гувоҳларнинг айтишича, метро бекатига бешта ўт ўчириш бригадаси етиб келган.

Тошкент метрополитени раҳбарияти ёнғин бўлмагани, поездда тутун чиқишига қисқа туташув сабаб бўлганини билдирди.

Жабрланганлар йўқ. Айни вақтда носозликлар бартараф этилган, метрополитен ҳаракати тикланган.

Тошкент метросида поездларда тутун чиқиши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

23 декабрь куни "Космонавтлар" метро бекатида вагонлардан бири тутаб кетган, поезд техник кўрикдан ўтказиш учун депога юборилганди.

Сўнгги йиллар мобайнида метрода ўнлаб кўнгилсизликлар кузатилган.

Ўзбекистонда коронавирус юқтириш кунлик кўрсаткичлари ортмоқда

Ўзбекистонда 14 январь куни 870 кишида коронавирус қайд этилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 204 173 нафарга етди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Касаллик энг кўп Тошкент шаҳрида қайд этилган. Шунингдек, Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятида ҳам коронавирус юқтириш кўпайган.

Ўзбекистнда 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1513 нафарни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Ўзбекистонда коронавируснинг омикрон штамми аниқланган эди.

Шундан буён коронавирусга чалинганлар сони орта бошлади.

Шу сабабли Республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 январдан бошлаб мамлакатда бир қатор чекловлар жорий этилади. Жумладан, турли тадбирлар бекор қилинди. Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга қарши мажбурий тест топшириш қайта жорий этилди.

Мирзиёев ҳоким ёрдамчилари унинг жойлардаги вакиллари эканини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январ кунги ҳукумат мажлисида ҳоким ёрдамчилари унинг жойлардаги вакиллари эканини айтди.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, унинг "маҳаллабай ишлаш" сиёсати натижасида ўтган йили ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсган.

"Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлади. Ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етди.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали “темир дафтар”даги 583 минг эҳтиёжманд оила доимий даромад билан таъминланди", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.

Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим ҳам бириктирилади.

Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида солиқ тўловчилар ҳисобидан миллионлаб сўм ойлик тўланадиган янги лавозимларнинг таъсис этилиши танқидларга сабаб бўлганди.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, янги йилдан 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилган.

"Эндиликда ҳоким ёрдамчилари, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари билан шуғулланади.

Ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.

Бу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия ажратилади", - деди Мирзиёев.

ДХХ: Тошкент портлашларига алоқадорликда гумонланган шахс қўлга олинди

1999 йил 16 февралидаги портлашларда расман 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган хабарга кўра, 1999 йил 16 февралда Тошкентда амалга оширилган худкушликда айбланган шахс хориждан тутиб келинди.

Мазкур қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этгани айтилаётган 55 яшар эркак 23 йил давомида қидирувда бўлган.

“У.С. хорижда ушланиб, олиб келинди. Тошкент вилоятида туғилган 55 ёшли эркак 1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этган ва март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетган”, дейилади хабарда.

ДХХнинг иддао қилишича, бу шахс "иорданиялик Амир Хаттоб гуруҳи томонидан Чеченистонда ташкил қилинган жангариларни тайёрлаш лагерларига Ўзбекистондан Туркистон ислом ҳаракати лашкарлари учун одамларни жўнатган".

Гумондорнинг 20 йил муқаддам сохта паспорт асосида мамлакатни тарк этган ва МДҲга аъзо давлатлардан бирининг фуқаролигини олишга эришган.

Айтилишича, 16 февраль портлашларида айбланаётган шахс танишларидан бирининг ёрдами билан ҳибсга олинган. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Президент Ислом Каримовга суиқасд уриниши бўлгани иддао қилинган 1999 йил 16 февралидаги портлашларда расман 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Ҳукумат портлашларда Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги исломий жангарилар билан бирга сиёсий мухолифатни ҳам айблаган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳукумат портлашдан мухолифат, сиёсий ҳамда диний ўзгача фикрловчиларга қарши репрессияларни кучайтиришда баҳона сифатида фойдаланганини айтишган.

ССВ: Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 203 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2022 йил 13 январь ҳолатига кўра, 203 минг 297 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 824 киши коронавирусга чалинган. Вирус юқтириб олиш бўйича Ўзбекистонда бир кун аввал 714 та, ундан аввалги кун эса 604 та ҳолат аниқланган эди. Хасталикка чалиниш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётганига мамлакатга Omicron штамми кириб келиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Пайшанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида 239 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 197 минг 942 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 511 нафарга етганини қўшимча қилган.

Миллий гвардия Тошкентда ҳарбий автомашина ёниб кетишига қисқа туташув сабаб бўлганини билдирди

Иллюстратив сурат

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Халқлар дўстлиги” санъат саройи майдонига ҳарбий техника кўргазмасига олиб чиқилган Миллий гвардия енгил зирҳли техникасининг 13 январь куни кечки соат 22:20 ларда ёниб кетишига салон қисмидаги қисқа туташув сабаб бўлган. Бу ҳақда Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси маълумот тарқатди.

Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” майдонида пайшанба оқшомида ҳарбий автомашина ёниб кетганига оид видеотасвирлар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Миллий гвардия вакиллари ҳарбий автомобиль салонида чиққан ёнғин қисқа вақт ичида тўлиқ бартараф этилгани, ҳодиса оқибатида ҳеч бир фуқаро жабрланмаганини билдиришган.

Электр экспорти тикланиши ортидан Толибон вакиллари расмий Тошкентга ташаккур айтди

Иллюстратив сурат

Афғонистонда Толибон шакллантирган ҳукумат мулозимлари мамлакатга электр энергияси етказиб берилишини қайта тиклаган Ўзбекистонга миннатдорлик изҳор этди.

Бу каби ташаккурномаларни Толибон ҳукуматидаги ахборот вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид ва ТИВ вакили Билол Каримий Twitter микроблогидаги ўз саҳифалари орқали ёйинлаганлар.

Афғонистоннинг электр энергияси муаммосини ҳал қилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирилган мазкур постларда Толибон ҳукумати барча қўшнилар билан яхши алоқада бўлиш тарафдори экани урғуланган.

“Ўзбекистон биз учун биродар ва тўла ишончга лойиқ мамлакат бўлиб ҳисобланади. Мамлакатларимиз орасидаги мавжуд барча масалалар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида ҳал этилади”, дейилган ташаккурномада.

Жорий йилнинг 12 январь куни Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартиргани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўзбекистон томони бу ҳолатни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган. Мазкур баёнотнинг эртасига Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қайта тиклаган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган эди.

Тошкентда хитойлик фуқаро жамоат жойида аёл кишига қўл кўтариб жароҳатлади

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти фотоси

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган умумий овқатланиш масканларидан бирида хитойлик 39 ёшли S.W. 6 январь оқшомида оила аъзолари билан овқатланиб ўтирган бир аёлга қўл кўтарди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, емакхонада юзага келган ўзаро тортишув чоғида Хитой фуқароси бўлган эркак 36 ёшли К.Д. нинг бош қисмига мушт туширган. Суд-тиббий экспертиза хулосасида аёлга олинган зарба туфайли тан жароҳати етказилгани айтилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан S.W.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иш қўзғатилган”, дейилган Тергов департаменти хабарномасида. Мазкур жиноятни содир этган шахсга, Жиноят кодексига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари шаклида жазо тайинланиши мумкин.

Тергов жараёнида ўзаро жанжалга навбат талашган хитойлик фуқаронинг ўзбекистонлик аёлни инглиз тилида ҳақорат қилгани сабаб бўлгани аниқланган. Ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.

Самарқанд университетига Шароф Рашидов номи берилди

Социалистик меҳнат қаҳрамони Шароф Рашидов бюсти

Самарқанд давлат университетига Ўзбекистон ССР Коммунистик партиясига узоқ йиллар раҳбарлик қилган Шароф Рашидов номи берилди. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 13 январь куни имзоланган “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Расмий тарихи 1927 йилдан бошланган Самарқанд давлат университетига 1941 йили (ўша пайтда Ўзбекистон давлат университети) Алишер Навоий номи берилган. Навоий номи бундан 5 йил муқаддам Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига олиб берилган эди. Шу кунда номи берилган Шароф Рашидов Самарқанд университетида ўқиб, мазкур таълим масканини 1941 йилда битирган.

Президентнинг кеча имзолаган қарорига мувофиқ, СамДУда Трансформация офиси ташкил этилади. Мазкур офис университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2026 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш, ОТМ фаолиятини рақамлаштириш ҳамда таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш ҳамда университетни танитиш бўйича миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи ва бошқа воситалар орқали тарғибот тадбирларини ўтказишга масъул бўлади.

Қарорда СамДУ таркибида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти (агрономия, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кадрлар тайёрлайди), Муҳандислик физикаси институти (муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрлайди), университетнинг Ургут филиали (педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрлайди) кабиларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Президент Мирзиёев Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги баёнотини “асоссиз” деб атади

Президент Мирзиёев Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги баёнотини “асоссиз” деб атади.

Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Хавфсизлик Кенгашининг 13 январь куни ўтган кенгайтирилган йиғилишида гапирган.

"Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди.

Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз.

Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз", дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирди Президент матбуот хизмати.

10 январь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг онлайн саммитидаги чиқишида Лукашенко, ўзининг таъбирича, Қозоғистондаги тартибсизликларни келтириб чиқарган кучларнинг "нигоҳи ҳозирда Ўзбекистонга қаратилгани"ни иддао қилган ва расмий Тошкентни воқеалардан сабоқ чиқариш ҳақида огоҳлантирганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG