Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:34

Сурияда 7 йилдан буён тўхтамаётган урушнинг машъум статистикаси эълон қилинди


Етти йил бурун Сурияда бошланган уруш 350 мингдан ошиқ кишининг ёстиғини қуритди, аҳолининг ярмидан кўпроғини мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилди.

Асосий рақамларни келтириб ўтсак:

Суриянинг Британияда жойлашган инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти билдиришича, ходимлари 2011 йил мартидаги ҳукуматга қарши намойишлардан сўнг бошланиб кетган можаро оқибатида 353 935 киши қурбон бўлганини қайд этди.

Халок бўлганлардан 106 390 киши тинч аҳоли вакиллари, улардан 19 811 нафари болалар ва 12 513 нафари аёллар эди, дейилади 2018 йил 12 мартда тарқатилган ҳисоботда.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, урушдан олдин 23 миллион аҳолига эга бўлган мамлакатда 6,1 миллион киши жанглар сабаб яшаб турган жойидан мамлакатнинг бошқа жойларига кўчишга мажбур бўлди.

Франциянинг давлатга қарашли бўлмаган Handicap International ташкилоти урушда 1 миллион киши яралангани ҳақида маълумот тарқатди.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари айтишича, 5,4 миллион киши Суриядан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бугунги кунда Туркия 3,3 миллион суриялик қочқинга бошпана бериб турибди.

БМТ маълум қилишича, айни дамда Ливанда 1 миллион суриялик қочқин бор ва бу мамлакат аҳолисининг тўртдан бир қисми демакдир. Аммо Ливан ҳукумати уларнинг сони 1,5 миллион киши эканини айтмоқда.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари Иорданияда 657 000 суриялик борлигини, мамлакат ҳукумати эса, улар сони 1,3 миллион киши эканини билдирмоқда.

Камида 246 000 нафар суриялик Ироқдан, яна 126 000 киши Мисрдан бошпана топди, дейди қочқинлар масалалари бўйича агентлик ходимлари.

2017 йилда Amnesty International ташкилоти тарқатган хабарга кўра, Сурия ҳокимият идоралари Дамашқ яқинидаги машъум Саидная қамоқхонасида 2011-2015 йилларда 13 000 га яқин кишини осди. Можаро бошлангандан бери ҳибсхоналарда 17 700 киши дунёдан кўз юмди.

Суриянинг Британияда жойлашган инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти 2011 йилдан бери Дамашқ режими қамоқхоналарида камида 60 000 киши қийноқ ва чидаб бўлмас шароитдан вафот этганини ошкор қилди.

Можаро бошлангандан буён 500 000 киши режим қамоқхоналарида ўтириб чиқди. Ўша вақт мобайнида жиҳодчилар ёки бошча исёнчилар қамоқхоналарида бир неча минг киши ўлди.

Таҳлилчиларга кўра, можаро оқибатида Сурия иқтисодиёти кўрсаткичлари ўттиз йил орқага сурилиб кетди ва унинг инфратузилмаси бутунлай вайрон бўлди. Таълим ва соғлиқ сақлаш тизимлари буткул ишдан чиқди.

Ҳукумат вазирлари берган маълумотга кўра, сўнгги йилларда нефть ишлаб чиқариш энг паст даражага тушиб қолгани, фосфат ўғити экспорти бутунлай тўхтагани натижасида Сурия иқтисодиёти чўкиб қолди.

Жаҳон Банкининг ушбу можаронинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари тўғрисида 2017 йили эълон қилган ҳисоботида жами кўрилган зарар 226 миллиард АҚШ долларига тенг бўлгани айтилади. Бу кўрсаткич 2010 йилдаги мамлакат ЯИМдан 4 баробар кўпдир.

БМТнинг Гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш агентлиги берган маълумотга кўра, Сурия аҳолисининг 69 фоизи ўша қашшоқ ҳолда яшамоқда. 2,98 миллион киши эса, ёрдамни етказиб бериш қийин бўлган ҳудудларда истиқомат қилади.

XS
SM
MD
LG