Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 13:58

Ери тортиб олинган тадбиркор Халқ қабулхонасида ўзини “лезвия” билан тилди


Маъмуржон Бердалиев уч йилдан буён адолатсизликлар юзасидан президентга мурожаат қилаётганини айтади - видео скриншоти

Фарғона вилоят, Олтиариқ туман, Бирлашган МФЙда яшайдиган Маъмуржон Бердалиев 11 март куни туман Халқ қабулхонаси олдида қўлларини ўткир тиғ билан тилди.

Маъмуржон Бердалиевнинг иддао қилишича, у тадбиркорлик қилиш учун уч марта ер олган, лекин ҳар сафар ҳужжатларни тахлаб бўлганидан кейин прокурор протест киритиб, ери олиб қўйилган ва бошқа шахсларга бериб юборилган.

Олтиариқ тумани ҳокими ёрдамчиси Авазбек Ҳожиакбаров, ноқонуний фойдаланганлик учун Маъмуржон Бердалиевдан ер олиб қўйилганини айтди.

Озодликка юборилган ўн бир дақиқалик видеода Маъмуржон Бердалиев Халқ қабулхонаси биноси олдида енгларини тирсагигача шимариб олган, бир қўлида ўткир тиғ(лезвия) ушлаган ҳолда қаттиқ-қаттиқ гапираётгани кўринади. Видеода унинг икки билаги тилингани ва қон оқаётганини кўриш мумкин.

Қўлидағи тиғ билан у ёқдан бу ёққа юриб гапираётган Маъмуржон Бердалиев туман ҳокимини ерларни сотиб юборганликда айблайди:

“Нима қилиш керак, а, нима қилиш керак? Ҳокимнинг ёнини олавериш керакми? Ҳамма ёқни сотиб тугатдику, Олтиариқнинг ярмини еб бўлди!

Ери тортиб олинган тадбиркор Халқ қабулхонасида ўзини "лезвия" билан тилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:26 0:00

Маъмуржон Бердалиев уч йилдан буён сарсон бўлиб юрганини айтади:

“Бу ифлослар мени уч йилдан буён сарсон қилди, қарзга тиқтирди. Ер беради, ер олади, прокурор ноқонуний қарор чиқараётган замининг жойларига протест берсин, камбағалникига протест берадими? Вазирликка борсак вазирлик бир пул деяпти, анашунақа … бўлиб кетган ҳоким!”

Маъмуржон Бердалиев уч йилдан буён адолатсизликлар юзасидан президентга мурожаат қилаётгани, аммо ҳеч қандай натижага эришолмаганини айтади:

“Жонимдан тўйдим, ҳозир ўзимни ҳам сўяман. Ифлослар, одам ўлгандан кейин қарайди”

Бердалиев ўзини шу ҳолатга олиб келган сабабларни айта бошлайди:

“Мана қаранглар, мана қарорни беряпти, агар бу ноқонуний бўлаётган бўлса, нега битта тартиб қўлламаяпти? Мен пул сарфлаб рўйхатдан ўтяпман, тадбиркор бўлиб ижара шартномамни олганимдан кейин протест берадими? Битта тадбиркорни қарзга тиқишми, битта одамни ўлдиришми, бу ифлос ҳокимни? Бирлашган МФЙданман, борми бу ҳақиқатни очадиган?”

Тадбиркорнинг иддао қилишича, ҳоким унга уч марта тадбиркорлик учун ер берган ва уч сафар ҳам прокурор протест келтириб, ер қайтариб олинган.

Видео сўнгида бир нафар орган ходими унга яқинлашиб, гаплаша бошлайди. Атрофдаги одамлар “тегманг, яқинига борманг, яна Намангандаги ўзига ўт қўйиб юборган аёлдай бўлмасин, деб огоҳлантиришади. Орган ходими Маъмуржон Бердалиевни гапга солиб турганда, иккинчи ходим келиб, унинг тиғ ушлаган қўлини қайириб, тиғни тушириб юборади ва олиб кетишади.

Озодликнинг Маъмуржон Бердалиев билан боғланишга уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Олтиариқ тумани ҳокимининг ёрдамчиси Авазбек Ҳожиакбаров бу ҳодиса пайтида унинг ўзи ҳам Халқ қабулхонасида бўлганини айтди:

“Мен ҳам ўша ерда эдим. Бердалиев Маъмуржон, Эски араб МФЙ(видеода Бердалиевнинг ўзи Бирлашган МФЙдан эканлигини айтади - таҳр.)да истиқомат қилади. Тўрт-беш йил мобайнида боғдорчилик учун ер сўраган, уч-тўрт марта ер берилган. Ўзи фойдаланмасдан бошқаларга сотиб юборган. Юртбошимизнинг ўтган йилги ташрифи чоғида туманда 3000 гектра ерни узумчиликка чиқариш бўйича топшириқ бўлган эди. Шу асосда унга ҳам ер берилган эди. Ҳокимият ерни берган, лекин прокуратура текширганда ҳужжатлардан қанақадир камчилик топилиб, қарорга протест берилган. Энди шу ерни ҳам сотаман, деган телефон запислари ҳам бор бизда. Биз жуда кўп ёрдам бердик. Энди ўзимни бундай қиламан, ундай қиламан деган йўлга ўтиб олди”.

Авазбек Ҳожиакбаровнинг айтишича, воқеа жойига "тез ёрдам" чақиртирилиб, Маъмуржон Бердалиевга биринчи ёрдам кўрсатилган. Олган жароҳатлари оғир бўлмагани учун уйига жавоб бериб юборилган.

Ўзбекистонда ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларнинг чорасизлик амаллари бот-бот кузатилиб туради.

Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙда истиқомат қилган 35 яшар ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган эди.

Яқинларига кўра, Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган.

XS
SM
MD
LG