Линклар

Президент Мирзиëев билан учрашадиган тадбиркорлар рўйхати тузилмоқда


Шавкат Мирзиëев билан учрашувларда асосий танқидни президент қилиши¸ иштирокчиларнинг эса¸ президент гапига қарсак чалиб¸ маъқуллаши одат тусига кирмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўз ҳудудий бўлинмалари орқали президент Мирзиëев ўтказиши режаланаëтган тадбиркорлар билан видеоселектор қатнашчилари рўйхатини тузмоқда. Бу рўйхатга реал бизнес юритиб¸ реал муаммоларга дуч келаëтган тадбиркорлар киритилишини таъкидлаган палата расмийлари ҳозирча учрашувнинг қачон бўлиши аниқ эмаслигини билдирди.

Рўйхатни шакллантириш устида иш кетаяпти

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Озодлик гаплашган расмийсига кўра¸ президент Шавкат Мирзиëвнинг тадбиркорлар билан кутилаëтган алоҳида видеоселектор йиғини "Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ташкил этилмоқда.

“Президентнинг 19 июнда чиқарган 5087-сонли фармони бор тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида. Биласиз¸ президентимиз иш бошлагандан бери тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бериш¸ уларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапириб келаяпти. Энди тадбиркорлар билан алоҳида учрашиб¸ гаплашмоқчи. Ҳозирча¸ биз бу учрашувга таклиф қилинадиган тадбиркорлар рўйхатини шакллантираяпмиз. Лекин учрашувнинг қачон бўлишини ҳали айтишмади”¸ деди республика Савдо-саноат палатаси расмийси.

Палатанинг вилоятлардаги бўлинмалари вакилларига кўра¸ бу учрашувда ҳар бир вилоятдан танланган 50-60 нафардан тадбиркор қатнашади.

Озодликнинг¸ "Президент билан учрашувга фақат унинг гапига чапак чалиб¸ мақтов билан сўзга чиқадиганлар танланмайдими?" деган саволига палатанинг вилоятлардаги расмийлари¸ охирги рўйхатни биз эмас¸ Тошкент тасдиқлайди¸ деган мазмунда жавоб қайтарди.

Танлов мезони

Озодликка маълум бўлишича¸ Андижон вилояти Савдо-саноат палатаси вакиллари вилоят тадбиркорларига телефон қилиб¸ президент билан учрашувда қатнашишни исташ-истамаслигини суриштирмоқда.

“Андижонда 24 мингта тадбиркорлик субъекти расман рўйхатга олинган. Улардан қанчаси амалда ишлаяпти¸ буниси аниқ эмас. Уларнинг ҳаммаси ҳам палатага аъзо бўлган эмас. Биз ўзимизда телефонлари бор тадбиркорларга телефон қилиб¸ уларга шунақа рўйхат тузаëтганимизни айтаяпмиз¸ рўйхатга қўшилишни исташларини сўраяпмиз. Кимдир хорижга кетадиган¸ кимнингдир яна бошқа ишлари бор. Ҳозирча унақа катта рўйхат тузилгани йўқ. Андижонда рўйхатга олинган тадбиркорлар регистрация номери¸ паспорт маълумотларини хабар қилишса¸ рўйхатга киритиб қўямиз”¸ деди Андижон Савдо-саноат палатаси хизматчиси.

Палатанинг Бухородаги бўлинмаси расмийси ҳам президент Мирзиëев билан учрашадиган тадбиркорлар рўйхатини тузиш жараëни бораëтганини тасдиқлади.

“Бухоро вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари умум сони 35 мингдан ошади¸ агар фермерларни ҳам қўшсак. Лекин кичик тадбиркорларни ажратсак¸ 15¸5 мингдан ошади. Улардан палатамизга аъзо бўлганлари сони 1300 га яқин. Булар ичидан¸президент билан видеоселекторга таклиф қилинадиганларни танлаш¸ осон эмас. Лекин¸ бу танловда приоритет реал бизнес¸ биринчи галда ишлаб чиқариш билан шуғулланаëтган фаол тадбиркорларга берилади. Реал ишлаëтган тадбиркор реал муаммоларниям яхши билади¸ президентга айтадиган гапи¸ берадиган таклифи бўлади”¸ деди Бухоро Савдо-саноат палатаси вакили.

“Реал тадбиркорнинг реал муаммосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаяпти”

Бу баëнот 19 июль куни Озодлик суҳбатлашган андижонлик тадбиркор¸ Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк – “Рустамбанк” асосчиси Рустам Усмоновга оид.

Президент Мирзиëев ўтказиши режаланаëтган тадбиркорлар билан учрашувга қатнашиш истагида эканини билдирган Усмонов¸ бундай рўйхатга қўшишларига ишонмаслигини таъкидлайди.

“Агар¸ мўъжиза рўй бериб¸ бу учрашувда қатнашсам¸ президентга нафақат ўзбекистонлик тадбиркорлар¸ балки бутун мамлакат ривожига тўсиқ бўлаëтган бирламчи муаммо банк тизимида эканини айтган бўлардим”¸ дейди Усмонов:

- Иқтисодни ҳаракатлантирадиган қон томирларининг эгаси¸ унинг артерияси бу Марказий банкдир. Ўзбекистон Марказий банки социалистик услуб билан капитализмни бошқармоқчи. Қўполроқ айтсам¸ бокиралигини сақлаб¸ бола туғмоқчи аëлга ўхшаб иш тутаяпти. Бутун дунëда МБ сиëсати тадбиркорликни ривожлантиришга қулай шароит яратишга асосланса¸ бизда¸ аксинча¸ унинг фаолиятига ақл бовар қилмайдиган тўсиқлар яратишга қаратилган. Банк сиëсатини тубдан ўзгартирмай туриб¸ Ўзбекистонни бугунги аянчли иқтисодий вазиятдан олиб чиқишни иложи йжқ. Бу ҳақда мен президент порталига кўп ëздим¸ Мирзиëев билан учрашувга кирсам¸яна шуни айтган бўлардим¸ дейди Усмонов.

“Ўзбекистонда эркин тадбиркорга кун йўқ¸ деган хулосага келдим”

Айни пайтда¸ “Рустамбанк” асосчиси¸ ўзи ва ўзи каби мамлакатдаги жиддий муаммоларни кун тартибига қўядиган бошқа тадбиркорларнинг президент билан учрашувга яқин йўлатилмаслигини қўшиб ўтади.

- Зотан¸ менга энди бундай учрашувнинг ҳам кераги йўқ энди. Ўтган ҳафта Россия фуқаролигини олдим ва бизнесимни Россияда давом эттириш учун Ўзбекистондан чиқиб кетишга қарор қилдим. Президентнинг тўғри ва яхши гаплари вазиятни ўзгартиришига ишонмай қўйдим. Бу системани ўзгартириш уни яратиб¸ шунинг орқасидан манфаат кўраëтганларга топширилди. Булар ўзи ўтирган шохга болта урмайдику! Шунга Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиб бўлмайди¸ деган хулосага келиб¸ Россияга чиқиб кетаяпман¸ дейди Рустам Усмонов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG