Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:16

"Давлат тадбири". Талабалар пандемия даврида Мустақиллик тадбирларига жалб этилаётганидан норози


ОТМ мутасаддилари Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган тадбир дастурларида қатнашиш "ихтиёрий" эканини айтмоқда.
ОТМ мутасаддилари Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган тадбир дастурларида қатнашиш "ихтиёрий" эканини айтмоқда.

Тошкентдаги қатор олий oлий таълим муассасалари талабалари 31 август куни ўтадиган Мустақиллик байрами расмий тантаналарига тайёргарликка жалб этилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган талабалар ўқув муассасаси маъмурияти томонидан “ихтиёрий-мажбурий тарзда” байрам тадбирларига жалб қилинаётганини гапирса, деканат ходимлари талабаларга барча шароитлар яратилгани ва улар байрам тадбирлари дастурида ихтиёрий равишда иштирок этаётганини айтди.

“Тадбирга келмасанг - ўқишингни ўйла!”

Озодлик таҳририятига мурожаат қилган бир гуруҳ талаба "жазирама иссиқда Мустақиллик байрами тадбирларига жалб этилгани"дан шикоят қилиб, унга вазирлик раҳбарияти эътибор қаратишини сўради.

- Мустақиллик байрамига тайёргарлик учун, хусусан, Тошкент санъат ва маданият институтининг вилоятлик талабалари пойтахтга чақириляпти. Айниқса, қизлар байрамга жалб этиляпти. Иссиқда карантин қоидаларига риоя қилинмаяпти. “Келмасанг, кейин ўқишингни ўйла”, деган пўписалар бўлмоқда. Олий таълим вазиридан бу масалага эътибор қаратишини сўраймиз, - деб ёзди исмини очиқлаши истамаган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси.

Тошкентлик талаба COVID- 19 билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётган бир пайтда талабаларни оммавий тартибда бир жойга жамлашнинг ўзи хатарли эканига эътибор қаратди.

Озодлик бу тадбирга жалб қилинган, аммо касаллиги туфайли унда иштирок этмаётган талабалардан бири билан суҳбатлашди.

- Курс бошлиғимиз аввалига сўради, ким иштирок этади, деб. Улар аввалига бу тадбирни “стажировка” сифатида тақдим этишди, кейин очиқчасига қўрқитиш бошланди. Курсдан-курсга ўтишда, имтиҳонларда муаммо бўлиб қолиши мумкинлигини айтишди. Мен мазам бўлмагани боис боролмадим. Билишимча, гуруҳимизда кўплаб қизлар қўрқмасдан бормаслигини айтибди.

Ўтган июнь ойида ҳам қандайдир тадбирга чақиришганди – фақат вилоятдан келганларни қўрқитиб, олиб боришди. Бошида деканатда, асосан тошкентликлар ва ихтиёрий равишда вилоятдан келганларни жалб қилишаётганди. Биз талабалар ҳам тушуняпмизки, буйруқ тепадан келган - бўйсунмасдан иложи йўқ. Ўқитувчилар кейин қўрқитади, мажбурлайди, чунки ихтиёран ҳеч кимнинг иссиқда сарғайиб тургиси йўқ. Ёзда улар ҳам одамга ўхшаб дам олгиси келаётгандир – ҳеч ким сўрамайди-ку улардан, - деди суҳбатдош.

Маълум бўлишича, бу тадбирга, асосан қизлар жалб этилиб, айрим институтлар уларни қўрқитиш билан, бошқалари эса турли имтиёзлар ва ваъдалар билан қатнаштиришга эришган.

Телеграм гуруҳларидан бирида бу борада фикр билдирган ёшлардан бири деканат томонидан юборилган хабар скриншотини эълон қилди.

Унда деканат вакиллари “мажбурий ҳолатда - тошкентликлар” ва “ихтиёрий равишда – вилоятдагилар” "Ботаника боғи"га эрталабки соат 8га келиши зарурлиги, акс ҳолда талабалар катта имтиёзлардан мосуво қолиши айтилади:

"Бу сафар тадбирга қатнашганларга имтиҳонлардан ёрдам ва пул мукофотлар берилади. Бизда кимлар имтиҳон ололмай юрганди – мана уларга имконият! Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган давлат тадбири. Шу юртни севган талабалар бефарқ бўлманглар. Агар вилоятдан келиб, тадбирда қатнашса - ҳозир ҳам, сентябрда ўқиш даврида ҳам ётоқхонадан жой қилиб берилади. Замдекан 100 фоиз кафолат берди! "

Гуруҳ модератори тадбир шиорини "Янги тадбирлар, янги касалланишлар" деб қўйишни таклиф қилди.

"Тадбирга ўз ихтиёри билан келганлар жалб қилинди"

Озодлик талабаларни Мустақиллик тадбирига тайёргарликка жалб қилиш масаласида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультетига мурожаат қилди.

Тадбирга, асосан қизлар жалб этилаётганини тасдиқлаган факультет декани Анвар Қурбонов Озодлик билан суҳбатда барча талабалар ихтиёрий қатнашаётгани, уларга зарур шарт-шароитлар яратилганини билдирди.

- У ерда ҳаммаси ихтиёрий! Турли таълим йўналишларида ўқийдиган талабалар. Факультетимизда кундузгида 126 қиз бўлса, шулардан 21 таси иштирок этяпти. Улардан 4-5 таси ҳатто сиртқи бўлимлардан. Ҳаммаси талабалар турар жойида дам оляпти, ётоғи-овқати қилиб бериляпти. Кечки салқинда прожекторлар билан ва эрталабки 6,5 – 7 ларда бир соат-ярим соатга чиқяпти. Ҳеч ким иссиқда қолган жойи йўқ – ўзим ҳам ўша ердаман!

Тадбир ўтказилиши белгиланган кунгача давом этади. Сценарий ўзгариши мумкин, одам камайиши-кўпайиши мумкин. Кетамиз, дейдиган талабага тўсқинлик йўқ - кетяпти! Соғлиғида муаммо пайдо бўлганга ҳам шу гап айтиляпти. Бирорта қизни мажбурлаб ушлаб турилганини билмайман. Дўқ қилишнинг ҳам ҳожати йўқ-ку уларга – ҳамма қиз бизга керакмас у тадбирда, - деди факультет раҳбари.

Озодлик айни ОТМнинг бошқа мутасаддилари билан суҳбатдан Мустақиллик байрами тантаналарига тайёргарликка, асосан “режиссура” йўналиши талабалари, жумладан бир неча йигит ҳам жалб қилинганини аниқлади.

Шу йил февралида Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов хорижлик меҳмонларни адрас кўйлакда гул кўтариб, кутиб олишга ОТМ қизлари жалб қилинаётганига муносабат билдирган эди.

Вазир бу каби ҳолатлар "мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши" эканини айтган.

"Хориждаги меҳмонларни кутиб олиш учун нега менинг гул қизларим, гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўзингизни фарзандингизни қўйиб кўринг. У бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз. Бу мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши...

Стадионни тўлдириш учун ҳам талаба, фон учун талаба, фестиваль бўлса талаба… Ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт. Талаба ўқиш керак. Керак бўлса тўйиб ухлаши керак, талабанинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ", — деб айтган вазир.

Вазир Alimoff Телеграм-каналида эълон қилинган расмий хатга муносабат билдирган. Тошкент шаҳрига бир қатор олий ва юқори даражадаги меҳмонлар ташрифи чоғида уларга гул бериш мақсадида ОТМларда таҳсил олаётган, давлат протоколига мос келувчи қизларнинг рўйхатини бериш сўралган хатга пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзо чеккан.

Расмий хатда "тавсия этиладиган талаба-қизларнинг бўй басти, ташқи кўриниши, тарбия ва одоби, чет тилларини билиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ" экани таъкидланган.

Ўзбекистонлик талаба-ёшлар марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам Мустақиллик, Наврўз, давлат раҳбарларини қутлаш ва бошқа тадбирларга мажбурий тарзда оммавий жалб қилиниши кузатилган. Бу ҳолат янги президент даврида ҳам давом этмоқда.

2020 йилнинг 17 декабрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Роппа-роса 12 кун ўтиб, 29 декабрь куни, парламентга мурожаат билан чиқиш қилиб, президент 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилишни таклиф қилган эди.

Президентга кўра, мазкур йил доирасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида “кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши” кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG