Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:20

Тоғли Қорабоғ урушининг кутилмаган ғолиби


Пашинян, Путин, Алиев - Гуржистонда чоп этилган ҳисобот муқоваси
Пашинян, Путин, Алиев - Гуржистонда чоп этилган ҳисобот муқоваси

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар ўт очишни тўхтатиш битими имзоланиши ортидан тўхтади.

Уч саҳифалик тинчлик келишувини ўқир экансиз, можарода кутилмаган тараф ғалаба қозонганини хулоса қилиш мумкин. Бу - Кремлдир.

Россия икки собиқ совет мамлакати Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тўқнашувлар бошланган ҳудудда ўз таъсирини кучайтирди. Можарога Туркия ҳам аралашгани эътиборга олинса, бу Москва учун катта ютуқдир.

Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш мақсадида тузилган Минск гуруҳининг собиқ ҳамраиси Мэтью Брайза «Россия уддабуронлик қилди. Путин ғолиб чиқди», - деб айтди.

Жорий йилнинг 27 сентябрида бўлгинчи Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланганидан бери камида 2000 нафар ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келаётган эди.

1994 йилда тинчлик битими имзоланганидан бери бир неча тўқнашув содир бўлди.

Можарога ечим топилмагани учун у «музлатилган зиддият» ўлароқ кўриларди. Собиқ совет мамлакатларида бундай музлатилган можаролар кўп бўлиб, уларнинг келиб чиқиши ва назорат қилинишида Россия муҳим роль ўйнайди.

Грузиянинг бўлгинчи Абхазия ва Жанубий Осетия минтақалари ҳамда Молдованинг Приднестровье минтақаси бунга яққол мисол бўла олади. Қолаверса, Украина шарқидаги Донбасс ҳам 2014 йилдан бери музлатилган можарога айланди.

Москва бошқа ҳудудлардаги каби Тоғли Қорабоққа ҳам ўзининг тинчликпарвар қўшинларини юборишни истаган эди. Аммо Ереван ва Боку Москвага ишонмагани учун бошида бу осон бўлмади.

Россия ҳам Озарбайжон, ҳам Арманистон билан кенг кўламли иқтисодий алоқаларни ўрнатган.

Қолаверса, Россия АҚШ ва Франция билан бир қаторда Минск гуруҳининг ҳамраисдир.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошида тузилган Минск гуруҳи Россия ўз таъсир доираси деб ҳисобловчи ҳудудда ғарб мамлакатларининг стратегик манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган эди.

Янги имзоланган келишувга биноан, Россия минтақага ўз ҳарбийларини юборади. Келишув ортидан Москва Вашингтон ва Парижни ушбу можародан бир умрга четлатишини кутиш мумкин.

Кремль сайтида эълон қилинган баённома ҳамда Путин матбуот котибининг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоққа турк тинчликпарвар ҳарбийлари сафарбар қилинмайди.

2010–2012 йилларда АҚШнинг Озарбайжондаги элчиси ўлароқ ишлаган Брайза Озодликка берган интервьюсида «Тўғри, Минск гуруҳи тамом бўлди. Афтидан, шундай. Россия бўшлиқни тўлдирди. Бу маънода Туркия ҳам шундай қилди», - деди.

Еревандаги минтақавий тадқиқотлар маркази директори Ричард Гирагосян ҳам келишув, энг аввало, Россия келишуви эканлигини ва Минск гуруҳига таҳдид солишини айтди.

«Ушбу янги келишув шартлари Россияга Москванинг энг муҳим мақсадларидан бири, яъни ҳудудда ўз ҳарбий иштирокини таъминлаш мақсадини амалга ошириш имконини берди», - деди у.

Имзоланган битимга кўра, Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги туманларни бўшатиши керак.

Ҳарбий тўқнашувлар бошланганидан бери Озарбайжон қўшинлари қўлга киритган барча ҳудудлар, жумладан, Шуша шаҳри Боку назоратида қолади. Бу билан умумий ҳисобда Тоғли Қорабоғнинг 40 фоиз Боку назоратига ўтди.

XS
SM
MD
LG