Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2021, Тошкент вақти: 23:17

Тоғли Қорабоғ можароси: Озарбайжон «ғалабани» нишонламоқда. Арманистонда эса сиёсий бўҳрон


Озарбайжон байроғи ва Алиевлар портретини кўтарган бокуликлар байрам қилишмоқда - Боку, 10 ноябрь, 2020

Тоғли Қорабоғдаги муҳим шаҳарнинг Озарбайжонга ўтгани ҳамда 9 ноябрь куни минтақада ўт очишни тўхтатиш битими имзолангани ҳақидаги хабарни бокуликлар байрам кайфияти билан кутиб олишди.

Арманистон пойтахти Ереванда эса, келишув имзолангани сиёсий бўҳронни келтириб чиқарди.

Бош вазир Никол Пашинян келишув имзолангани ҳақида эълон қилиши ортидан Ереванда норозилик намойишлари бошланиб кетди ва норозилар ҳукумат уйига ҳамда бош вазир қароргоҳига бостириб кирди.

Пашинян тинчлик битимини имзолаш «ифодалаб бўлмайдиган даражада мушкул» бўлганини айтди.

Бош вазир Озарбайжон қўшинлари Шуша (арманча Шуши) шаҳрини босиб олганидан кейин, «ҳарбий вазиятни чуқур таҳлил қилиб», келишувни имзолаганини айтди.

Шуша Тоғли Қорабоғ пойтахти Степанакерт устидаги тоғда жойлашган бўлиб, шаҳарни қўлга олган Озарбайжон қўшинларига Степанакертга ҳужум қилишни осонлаштиради.

Имзоланган битимга кўра, Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги туманларни бўшатиши керак.

27 сентябрь куни ҳарбий тўқнашувлар бошланганидан бери Озарбайжон қўшинлари қўлга киритган барча ҳудудлар, жумладан, Шуша шаҳри Боку назоратида қолади.

Боку минтақага Россия тинчликпарвар қўшинлари киритилишига рози бўлди. Россия қўшинлари Озарбайжоннинг Лачин туманида қуриладиган янги коридорни назорат қилади.

«Янги Лачин коридори» номи берилган йўл Шушани четлаб ўтади ва Арманистон билан Степанакертни туташтиради.

10 ноябрь куни Россия ҳарбийлари минтақага йўл олди.

Айни дамда Пашинян Арманистон ҳудуди орқали Озарбайжонни Нахичеван эксклави билан боғловчи янги йўл очилишига рози бўлди. Ушбу коридорни ҳам Россия тинчликпарварлари назорат қилади.

Имзоланган келишувда Туркия «оташкесимни назорат қилувчи қўшма марказ» аъзоси эканлиги айтилди. Бу эса минтақада Туркия тинчликпарварлари роли ҳақида тушунмовчиликлар келтириб чиқарди.

Бокуда жойлашган Стратегик коммуникациялар маркази таҳлилчиси Фуад Шахбазов Озодлик билан суҳбатда шартномада Туркиянинг тилга олиниши Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россия тинчликпарвар кучлари Озарбайжон тупроғига киритилишга розилик бериши учун муҳим бўлганини айтди.

«Озарбайжон ҳудудга россиялик тинчликпарвар кучлари киритилишига турк аскарларини ҳам у ерга киритиш шарти билан рози бўлди», - деди у.

«Минтақада кўп сонли турк қўшинлари бўладими-йўқми, билмайман. Кўп сонли турк қўшинларининг киритилиши Россияга аниқ ёқмайди».

Сешанба куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков туркиялик тинчликпарвар кучлар Россия билан бирга Қорабоққа жойлаштирилиши тўғрисидаги саволга салбий жавоб берди.

Озарбайжон мухолифати имзоланган тинчлик келишувига турлича муносабат билдирмоқда. «Мусават» партияси Алиев келишувни имзолашдан олдин партиялар, парламент депутатлари ёки Озарбайжон фуқаролари билан маслаҳатлашмаганини айтди.

Бошқалар минтақага Россия тинчликпарварлари киритилаётгани Озарбайжон мустақиллигига таҳдид солишини айтмоқда.

Ереванда эса мухолифат парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш талаби билан имзо тўплай бошлади. Партия парламент кун тартибига Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш битимини бекор қилиш масаласини киритмоқчи.

Арманистон Мудофаа вазирлиги ва Бош штаби урушни тўхтатиш битимини қўллаб-қувватлади.

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш битимини Арманистон бош вазири ҳамда Озарбайжон ва Россия президентлари имзолагани 10 ноябрда маълум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG