Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:31

Тожик-афғон чегараси: Душанбе ва Толибон ўртасидаги таранглик кучаймоқда


Тожик-афғон чегараси.
Тожик-афғон чегараси.

Афғонистонда иқтидорга келган толиблар билан қўшни Тожикистоннинг ўзаро муносабатлари сўнгги ҳафталарда янада кескинлашди. Охирги можародан сўнг толиблар Тожикистон билан чегарани ёпиб, Афғонистонга мол ташувчи ўнлаб тожик фураларини тортиб олишди.

Дилшод бир ҳафтадан буён Афғонистоннинг Тожикистон билан шимоли-шарқий чегарасидаги Шерхон-Бандар дарё портидан чиқиб кета олмайди.

У ва бошқа бир қанча ҳайдовчилар ой бошида Тожикистондан Афғонистонга кўмир олиб борганди. Бироқ толиблар 10 майда чегарани ёпиб, ҳайдовчиларнинг қайтишига йўл беришмади.

“Ҳеч қаёққа кета олмаймиз. Бизга ҳатто машиналаримизни тарк этишни ҳам тақиқлаб қўйишган”, деди у Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда. Дилшоднинг айтишича, ушбу олис чегара масканида юзтача тожик юк автомобиллари қолмоқда.

Исмини очиқлашни истамаган бошқа ҳайдовчи Озодлик мухбирига толиблар айримларга чегарадан ўтишга рухсат берганини, аммо фураларини тортиб олишганини айтди. “Бизга машиналарни шу ерда қолдиришни буюришди, сўнгра уйга қайтишимизга изн беришди”, дея қўшимча қилди у.

Чегара ёпилиб, тожик юк машиналарининг тортиб олиниши – Марказий Осиё давлати билан радикал кайфиятли афғон ҳукуматининг ўзаро муносабатларида адоват янада ортаётгани белгисидир.

Тожикистон – Афғонистон қўшнилари орасида Толибоннинг ҳокимиятга қайтишига очиқча қарши чиққан ягона мамлакат. Эмомали Раҳмон ҳукумати жангариларни минтақавий барқарорликка таҳдид, деб билади. Қолаверса, Душанбе асосан афғонистонлик этник тожиклардан ташкил топган Миллий қаршилик фронти (МҚФ) аксилтолиб ҳаракатини дастаклаётгани ҳақида хабарлар бор. Аммо Тожикистоннинг ўзи бу маълумотни рад этиб келмоқда.

Толиблар иқтидорга қайтганидан сўнг Тожикистон Коллектив хавфсизлик ташкилоти (КХШТ) кучлари билан бирга жанубий чегараларида ҳарбий машқлар ўтказди.

Толибон ўзининг Марказий Осиё давлатлари билан чегараси бўйлаб уч мингга яқин жангарини жойлаштирган. Радикал ҳаракат вакиллари ушбу қадам минтақада барқарорлик таъминлашга ёрдам беришини иддао қилишади. Бироқ Афғонистоннинг шимолий қўшнилари бунга шубҳа билан қарамоқда.

Боз устига толибларнинг шимоли-шарқдаги Бадахшон ва Тоҳар вилоятларига “Лашкари Мансурий” номи билан машҳур ҳудкуш террорчилар батальонини жойлаштириши Тожикистонда безовталикни кучайтирди.

Мазкур икки вилоятда Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган юзлаб жангарилар истиқомат қилади. Улар кўп йиллар Толибон тарафида жанг қилишган.

Бир неча йилдирки, толиблар расмий Душанбенинг хавфли мухолифлари – тожикларнинг “Жамоати Ансоруллоҳ” радикал исломий гуруҳи жангариларига бошпана беришмоқда, ҳатто уларни ўз сафларига қабул қилишмоқда. Кобулда ҳокимиятни босиб олишганидан сўнг бир неча ҳафта ўтиб, толиблар ушбу гуруҳни Тожикистон билан чегарага ташлаган эди.

Афғонистонда яшаётган айрим тожик жангарилари Толибон билан рақобатлашаётган “Хуросон Ислом давлати” экстремистик гуруҳи аъзоларидир. Яқинда мазкур ташкилот вакиллари Тожикистонга ракета зарбаси беришганини айтишганди.

Марказий Осиё республикалари жангарилар уларнинг ҳудудига ўтиб олишидан хавфсирайди.

Январь ойида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Афғонистоннинг шимоли-шарқида 40 дан зиёд лагерда жами 6 минггача жангари мавжудлигини айтиб, КХШТни мамлакат гирдида “хавфсизлик камари”ни ташкил қилишга чақирди. Толиблар унинг баёнотига қатъиян раддия беришди.

“Токи Афғонистонни толиблар идора қиларкан, Тожикистон Марказий Осиёдаги қўшнилар орасида энг қалтис мамлакат бўлиб қолади, чамаси”, дейди Вашингтондаги Atlantic Council таҳлил марказининг Афғонистон бўйича эксперти Ҳамид Ҳакимий.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда тожик жангарилари мавжудлиги Душанбе учун янада хатарли вазият яратади.

“Толибларнинг чегараларни бошқариш ёки қўриқлашга лаёқатсизлиги сўнгги 20 йил мобайнида афғон чегара хизмати билан яқин ҳамкорлик қилиб келган Тожикистон ҳукуматига фавқулодда муаммо туғдиради”, дея қайд этади Ҳакимий.

Душанбе ҳеч бир мамлакат тан олмаган Толибон ҳукумати билан алоқа ўрнатган эмас. Президент Раҳмон бир неча бор толибларни Афғонистонда барча этник қатламлар, жумладан тожикларни ҳам ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузишга чақирган эди.

Толибон ҳаракати ўзини барча афғонлар манфаатларини ифодаловчи гуруҳ ўлароқ кўрсатишга тиришади. Бироқ толиблар ҳукумати асосан паштун миллатига мансуб муллалардан ташкил топган.

Толибон олий раҳбарияти Душанбе билан алоқаларни очиқча узиб ташлашга шошилмаяпти. Бироқ Толибонга хайрихоҳ собиқ дала қўмондони Гулбиддин Ҳикматёр яқинда Тожикистонни аксилтолиб кучларга бошпана беришда айблаб чиқди.

“Қўшни мамлакатнинг қуролли душманларига паноҳ берар экансиз, бу фақат бир нарсани – унга қарши уруш эълон қилганингизни англатади”, деди у шу ҳафта берган баёнотида.

Ҳикматёр бунга жавобан Толибон Душанбенинг қуролли мухолифларига қучоқ очиши ҳақида огоҳлантирди.

“Агар биз бу ишни қилсак, заиф, кичик ва тарқоқ Тожикистоннинг тақдири қандай бўлади?” дея писанда қилди у.

Айни чоғда Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳидга кўра, гуруҳ Тожикистон билан муносабатларини нормаллаштирмоқда ва томонлар қатор масалалар бўйича расман ўзаро тил топишгани ҳамон чегаралар очилади.

Ҳакимий Душанбенинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Россия томонларни яраштиришга уринаётганини айтади. Ўтган ҳафтада Раҳмон Афғонистон билан чегарадаги “таҳликали вазият”ни Россия президенти Путин билан муҳокама қилди.

“Толиблар трансчегаравий тўқнашувлар билан боғлиқ сарф-харажатларни кўтара оладиган аҳволда эмас ва бу Москвани Тожикистонга ёрдам беришга мажбур этади”, дейди Ҳакимий.

XS
SM
MD
LG