Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Аҳолининг томорқасига сабзавот эктириш ва назорат қилиш ҳам ўқитувчига юклатилди


Одамларнинг шахсий томорқаларига ҳам хўжайин кўпайди.
Одамларнинг шахсий томорқаларига ҳам хўжайин кўпайди.

“Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”.

Президент 8 апрель куни видеоселектор йиғилишида айтган бу гапдан ва Бош вазирнинг бу ҳақдаги қароридан сўнг, туманларда аҳолининг томорқасини назорат қилиш кучайтирилди.

Аммо бу иш яна, касбига мутлақо алоқаси бўлмаган ўқитувчилар бўйнига қўйилди.

Озодлик Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг баъзи туманларида ўқитувчилар уйма-уй юриб аҳолининг томорқасини суратга олиш, тарғибот ишлари билан шуғулланаётгани хабарини олди.

Расмийлар ўқитувчиларнинг томорқага боғлиқ тарғибот ишларига сафарбар этилишини, карантин пайтида улар олаётган маошини оқлаш деб баҳоламоқда.

Бухоро вилоят, Қоракўл туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчи Озодликка ҳоким Шерали Саломовнинг ўқитувчиларни томорқачи қилиб қўйгани акс этган аудиоёзувни тақдим қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00
Бевосита линк


Ўқитувчининг айтишича туман ҳокими 19 апрель куни Шерали Саломов 5, 43- мактабларнинг ўқитувчилари билан ўтказган мажлисда бу хусусда қаттиқ топшириқ берган.

Озодликка юборилган аудиода, овози ҳокимники деб иддао қилинаётган шахс бундай дейди:

“Демак 900 та ўқитувчи бўладиган бўлса, 8 ярим мингта хонадон бор экан, ҳар 9 та оилага биттадан ўқитувчи тўғри келар экан. Мисол учун бундай қиласиз, масалан хонадоннинг 15 сўтих ери бор, ўшанга сабзавот ва полиз эктирасиз”.

Ҳоким деб айтилаётган шахс ўқитувчиларга одамларни тарбиялашга, тарбияга тушмайдиган бўлса керакли жойга хабар беришга ундайди:

Сиз зиёлисиз, сиз ўқитувчисиз! Шунга таъсир чораларини кўринг.


“Энди мана ҳар-хил одам бор. 80 фоизи яхши хонадон бўлиши мумкин. 20 фоизи эса ишёқмас, доим баҳона излайдиган одам бўлиши мумкин. Сиз зиёлисиз, сиз ўқитувчисиз! Шунга таъсир чораларини кўринг. Агар бўлмаса, маҳалла раисига айтасиз, булар ўзи чорасини кўриб беради. Энг асосийси томорқанинг фақат 20 фоизига беда экилсин, қолганига озиқ-овқат бўладиган сабзавот экилсин”

9 апрель куни 5-мактабда ўтказган йиғилишда иштирок этган ўқитувчининг айтишича, улар қарийб тўрт соат давомида ҳокимни кутишган:

Карантин бўлишига қарамай 200дан ортиқ одам ёнма-ён, бир залда ўтириб ҳокимни уч соат кутди.


“Якшанба куни бўлишига қарамай директор эрталаб соат 9 дан мактабга чақириб олди. 43-мактабдан ҳам ўқитувчилар, яқин атрофдаги мактаблар директори ҳам келган эди. Карантин бўлишига қарамай 200 дан ортиқ одам ёнма-ён, бир залда ўтириб ҳокимни уч соат кутди. Мақсад бизни аҳоли томорқасига боғлаб қўйишмоқчи экан, карантинда бўш қолиб кетибмиз экан”.

Ўқитувчи фикрича педагог деҳқоннинг уйига бориб, сен буни эк, буни экма дейиши ўтакетган бемаънилик:

“Ҳоким томорқасининг 80 фоизи сабзавот бўлсин деяпти, нима одамлар аҳмоқмики, томорқасига фойда бермайдиган экин экса, чорваси бор беда экади, макка экади, унинг ишида энди. Рости гап, деҳқонга ўқитувчи ундай қилинг бундай қилинг деса кулгули бўларкан. Шунинг учун индамай, расмга олиб чиқиб кетяпмиз, ҳисобот учун”.

Озодликнинг Қоракўл туман ҳокими Шерали Саломовни топиб гаплашиш ҳаракатлари натижа бермади.

Айни пайтда, Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан шикоят қилган ўқитувчилар ҳам, улар уйма-уй юриб аҳолини сабзавот экишга ундашга мажбурланаётгани ҳақида айтди:

Сен малим бўлсанг, малимлигингни қил,бизларга ақл ўргатма деяпти.


“Косон тумани 34-мактабдан ёзяпмиз. Ўқитувчиларни маҳаллама-маҳалла юришга мажбур қилишяпти. Томорқа бўйича ҳар куни камида ўнта хонадонга бориб, сабзавот экишга тарғиб қиляпмиз. Лекин аҳоли бизга қарши эътироз билдиряпти. Сен малим (муаллим демоқчи) бўлсанг, малимлигингни қил,бизларга ақл ўргатма деяпти. Ўзимиз ҳам бу аҳмоқона иш эканлигини биламиз. Лекин карантинда бўлсак ҳам ҳукумат бизга маош тўлаяпти экан, шуни юзимизга солишяпти, мажбур чиқяпмиз”.

Халқ депутатлари Косон тумани Кенгаши депутати Шуҳрат Нутфуллаев ўқитувчилар томорқа ташвиқотига жалб этилганини қисман тасдиқлар экан, ўзи ҳам кечаю кундуз шу иш билан шуғулланаётганини айтди:

- Ўқитувчилар келамиз деб, ҳали келгани йўқ. Ўзим уйма-уй юриб, тушунтиряпман. Бизда кўпи чорвачилик билан шуғулланади, уйида 100-200та мол боқади. Мен уларга тушунтиряпман, майли молингга ҳам бўлсин, ўзингга ҳам бўлсин. Шундай қилиб 1-2 сўтихдан сабзавот эктириб келяпман. Уйида халқ бекор ўтирмаслиги керакда, бир нима экса шу билан карантин даврида андармон бўлади.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган 216-сонли қарор матни тўлиғича жамоатчиликка тақдим этилмаган бўлсада¸ унинг Адлия вазирлиги очиқлаган асоий жиҳатлари ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бу мунозарада қатнашган депутат ва сиëсий партия вакиллари¸ уни иқтисодни маъмурий буйруқбозлик билан бошқариш сиëсатининг навбатдаги маҳсули сифатида баҳолади.

Томорқадан фойдаланиш аввало, манфаатдорлик, томорқа маданияти ва амалиётини ошириш ҳамда бозор механизмлари асосида шаклланади. Томорқачиликни маъмурий жазо ва қўрқитиш йўли билан зинҳор ривожлантириб бўлмайди”¸ деб ëзди ўз Телеграм каналида Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили Нуриддин Муродов.

XS
SM
MD
LG