Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2019, Тошкент вақти: 01:10

Тошкентда дунëдаги энг қиммат китобдан тўрттаси топилгани тахмин қилинмоқда


Топилган китобга оид Кун.уз нашри эълон қилган сурат.

Дунëдаги энг қиммат босма китоблар ўнлигига кирган “Америка қушлари” (“The Birds of America”) китобининг тўрт донаси Ўзбекистон Миллий университетидаги бинолардан биридан топилгани иддао қилинди. Университет раҳбариятининг Озодликка билдиришича¸ бу топилма борасида ҳозирда ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳ раиси¸ Миллий университет тарих факультети декани¸ сиëсий фанлар бўйича фан доктори Алишер Мўминовнинг Озодликка билдиришича¸ 532 рангли варақдан иборат бу ноëб китоб 1831 йили Британияда нашр қилинган. Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакилининг Озодликка билдиришича¸ республика Музейлар бошқармаси бу ноëб топилма сақланишини таъминлаш учун мутахассисларни жалб қилган.

Шов-шув эмас¸ факт

Бундан олдин маҳаллий матбуот “университет биноси ертўласи остидаги яширин ҳужрадан қуйма олтинлар ва қадимий китоблар” топилганини ëзган эди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакили ва университет раҳбарияти бу хабарни "ҳақиқатдан узоқ" деб айтди.

Университет тарих факультети декани Алишер Мўминовнинг 24 январь куни Озодликка билдиришича¸ ноëб китоб университет кутубхонасида олиб борилган уч йиллик изланишлар давомида аниқланган:

- Бу тўрт китобнинг кутубхонада мавжуд бўлгани уч йиллик изланишлар натижасида аниқланди. Тошкент марказидан топилди деган шов-шувнинг кераги йўқ. Мана столда турибди. 1831 йили Британияда нашр қилинган. Шимолий Америка қушлари акс этган 532 варақдан иборат. Хозир ишчи гуруҳ бу топилма ҳақида қўшимча маълумотларни ўрганаяпти¸ деди Алишер Мўминов.

Энг қиммат китоб

Тошкентлик меъмор ва антиқа буюмлар бўйича эксперт Абдумалик Турдиев бу китобнинг Тошкентдан топилишини "сенсация" деб атади:

- Китобнинг 1827 йилдан 1838 йилгача чоп қилинган илк тиражи 180 дона бўлган. Айнан ўша тираж матбаачилик шедеври ҳисобланади. Бугунги кунгача бу китобнинг 119 нусхаси сақланиб қолган. Собиқ совет ҳудудида эса биргина нусхаси Санкт-Петербурдаги миллий кутубхонада сақланади¸ дейди суҳбатдош.

Мутахассис¸ бу китобнинг ким ошди савдосида рекорд суммада сотилган босма маҳсулот эканини ҳам қўшимча қилади:

- Бу китобнинг бир нусхаси 2010 йил декабрь ойида Sothby's аукционида 11 миллион 500 минг АҚШ долларига сотилган эди. Бу рекорд. Шу кунгача ҳеч бир китоб бунақа баланд нархда сотилмаган.

Суҳбатдош Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасидан чиққан китобни ўз кўзи билан кўрмагунча¸ аниқ фикр билдиришдан тийилишини айтади:

- Мен фақат фотони кўрдим. Ўша китоб. Безалиш услуби ҳам ўша. Агар ишчи гуруҳ изн берса¸ китобни жон деб кўздан кечирган бўлар эдим. Кўрмай туриб¸ Тошкентдан топилган китоб ҳақида фикр билдира олмайман¸ дейди Турдиев.

Рассомлар яратган асар

Антиқа буюмлар бўйича ўзбекистонлик эксперт Абдумалик Турдиев сўз бораëтган китобнинг “шунчаки босмахона маҳсулоти эмас”лигини таъкидлайди:

- Китоб нашр қилинган 1831 йилда рангли босма тажрибаси йўқ эди. Офсет босма 1886 йилдан бошлаб қўлланилган. Шу боис 1831 йилда қушлар расмини рангли чоп қилишда рассомлар иштирок қилган. Босмадан чиққан расмни битта-битталаб бўяб чиқишган. Гуаш¸ пастель каби бўëқлар ишлатилган. Шу маънода бу китоб санъат асари ҳисобланади¸ дейди тошкентлик меъмор.

Номаълум топилма

Бу ноëб китобнинг тўрт донаси қандай қилиб Тошкент Давлат университети кутубхонасига келиб қолганни ҳақида топилмани ўрганаëтган ишчи гуруҳ раҳбари Алишер Мўминов аниқ маълумот бермади.

Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ Николай Димо исмли рус олими ушбу китобни Тошкентга олиб келган.

Китоб ҳақидаги шов-шувлар ортидан Facebookдаги ўз саҳифасида маълумот қолдирган Фаррух Самарқандий исмли юзерга кўра¸ Тошкентдаги ноëб китоб “Британия Aмерикаси шимолий қисмининг зоологияси” деган китоб бўлиши мумкин (The Zoology of the Northern Parts of British America).

Тошкентлик меъмор ва антиқа буюмлар бўйича эксперт Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ агар ЎзМУ кутубхонасидан “Британия Aмерикаси шимолий қисмининг зоологияси” деган китоб топилган бўлса, бу ҳам сенсация:

- Нарх сал арзон бўлиши мумкин¸ масалан 6 миллион АҚШ доллари. Аммо бу ҳам ноëб китоб. Бу ноаниқларга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий университети китоб ҳақидаги барча маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилиши керак¸ дейди мутахассис.

Ноëб китобларнинг қўриқланмаган хазинаси

Узоқ йиллар Маданият вазирлигининг Қадимий ëдгорликларни сақлаш идорасида ишлаб¸ нафақага чиққан мулозим Рауф Қўзиевнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистонда қадимий қўлëзма ва Чор империяси даврида босилган китобларнинг катта коллекцияси мавжуд.

Аммо бу китобларни ўғрилар тажовузидан сақлаб қолиш қийин кечмоқда¸ дейди собиқ мулозим:

- Ўзбекистон Қўлëзмалар институтида Марказий Осиëдаги энг катта қўлëзмалар коллекцияси мавжуд. 1991 йилдан кейин қўлëзма сотиб олиш учун давлат пул ажратмай қўйди. Мавжуд коллекцияни сақлаш масаласи яхши бўлмагани боис¸ анчагина китоблар ўғирланди. Қўлëзмалар олдин фақат давлат тасарруфида бўлиб¸ кучли ҳимоя остида эди. Мустақил бўлгандан кейин кўп қадимий китоблар¸ хусусан¸ Ўзбекистон Давлат музейида сақлаб келинган Усмон мусҳаби Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига берилди. Оқибатда¸ қадимий Қуръоннинг кийик терисига олтин билан ëзилган 9 варағи диний идора мутаваллиси тарафидан ўғирланиб¸ хорижга сотиб юборилди. Бундай мисоллар кўп¸ дейди суҳбатдош.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG