Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 00:44

Фарғона водийсида қадимий шаҳар топилди


Озодлик архивидан (Хабарда тилга олинган воқеага алоқаси йўқ)

Туркияда чиқадиган Sabah газетасининг хабар қилишича, археологлар Фарғона водийсида Буюк ипак йўлидаги қадимий манзилгоҳни топган.

Хитой ва Ўзбекистон архелоглари Мингтепа қишлоғи ёнида икки йил давомида олиб борган археологик қазмалар натижасида майдони 2 квадрат километрлик қадимий шаҳар топилган. Газета топилма шаҳар ҳажмини Европа жанубидаги Монако давлати майдонига тенг эканлигини айтиб ўтган.

Тадқиқотлар мазкур шаҳар 2000 йил муқаддам Фарғона водийсини Буюк ипак йўлидаги зотдор отлари ва бекатлари билан машҳур бўлган Дайюань давлати билан боғлиқ муҳим аҳоли пункти бўлганини кўрсатган.

Айтилишича, Фарғона водийсида топилган қадимий шаҳар эрамиз бошланиши арафасида Хитой ва Европа маданиятларинг бир-бирига ўзаро таъсирини ўрганадиган муҳим нуқтадир.

Хитой ва Ўзбекистон археологлари гуруҳи Фарғона водийсида жойлашган қадимий Мингтепа шаҳридаги қазув ишлари чоғида муҳим кашфиёт қилишди. Бу ҳақда Синхуа агентлигига таяниб, Спутник нашри йил бошида хабар қилган эди.

Икки мамлакат археологлари 2012 йилдан буён мазкур қадимий шаҳарда беш марта қазув ишларини ўтказишди. Қазув натижаларидан маълум бўлишича, бундан 2000 йил аввал Мингтепа нафақат аскарлар қўрғони, балки Фарғона водийсидаги энг йирик қалъа-шаҳар бўлган. Қазув ишлари вақтида шунингдек, устахона харобалари, ички шаҳарнинг ғарбий дарвозаси қолдиқлари ва ташқи шаҳар шарқий девори ёнидан қабристон топилган.

Хитой археология институти вакили Чжу Яншининг айтишича, қазув ишларида "Лоян белкураги" деб номланувчи хитой археологик асбоби, илғор ўлчов ва компьютер технологияларидан фойдаланилди.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек археологлари қадимий шаҳарнинг ерусти қисмини яхши ўрганишган, хитойлик археологлар эса унинг еростки қисмини ўрганишда катта тажрибага эга. Шу боис томонлар қазув ишларида юқори натижага эришдилар.

Андижон шаҳридан унча узоқ бўлмаган Марҳамат тумани ҳудудида жойлашган Мингтепа шаҳри қадимий Довон мамлакатининг пойтахти бўлган. Маълум қилинишича, Мингтепани ўрганиш узоқ муддатли лойиҳа бўлиб, археологлар энди қазув ишлари давомида олинган маълумотлар асосида Мингтепага оид воқелар солномасини тузишади.

XS
SM
MD
LG