Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2021, Тошкент вақти: 13:08

Ўзбекистон хабарлари

Тошкентда ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказилади

Ногиронлар араваси (иллюстратив сурат)

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “ECOBOZOR” савдо мажмуасида шу йилнинг 6 ноябрь куни ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар III Республика савдо ярмаркаси бўлиб ўтади.

“Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, ярмарка “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида ўтказилади.

Ярмарка доирасида “ECOBOZOR”да махсус савдо расталари ташкил этилиб, унда ўз уйларида турли хил буюм ва маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланадиган, бироқ уларни сотишда қийинчиликларга учраётган ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотлар сотилади.

Қайд этилишича, ярмарка шанба куни соат 17:00 гача давом этади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 780 минг нафар ногиронлиги бор киши рўйхатга олинган бўлиб, улардан 350 минг нафари ишга лаёқатли бўлиб ҳисобланади, бироқ улар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар реализация қилишда турли муаммоларга дуч келиб турадилар.

Кун янгиликлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: COVID-19 қурбонлари сони 1 минг 400 нафардан ошди

Ўзбекистонда 29 ноябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 402 нафарга етган.

CСВ қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб 143 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 193 минг 208 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 195 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 189 минг 859 нафарга етган.

Вазирлик эмлаш жараёни бошланган апрель ойидан бери Ўзбекистонда 33 миллион 672 минг 515 доза вакцинадан фойдаланилганини қўшимча қилган.

Сунъий интеллект технологияларини дастаклаш учун махсус режим ташкил этилади

Ўзбекистонда шу йил 29 ноябрь куни имзоланган ҳукумат қарори билан Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Низомга мувофиқ махсус режим IT-паркнинг алоҳида бўғини бўлиб, у ерда алоҳида ҳуқуқий енгилликлар яратилади ва юридик шахслар ва илмий ташкилотлар томонидан дастурий маҳсулотлар тажрибадан ўтказилади ва амалиётга жорий қилинади.

Махсус режим иштирокчиси бўлишни истаган талабгорлардан IT-паркнинг махсус веб-платформаси орқали ариза топшириш талаб қилинади.

Аризалар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 5 иш кунида дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Шундан сўнг вазирлик Эксперт кенгаши ва Мувофиқлаштириш комиссияси хулосалари асосида талабгорларни иштирокчи сифатида рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Махсус режим иштирокчиларининг ўз ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга сарфлаган харажатлари давлат томонидан компенсация қилинади.

ХТВнинг янги вазири тизимдаги аҳволни “қониқарли эмас” деб баҳолади

Халқ таълими вазири Б. Саидов Қашқадарёдаги мактаблардан бирида (ХТВ фотоси)

Қарийб икки ҳафта муқаддам халқ таълими вазири лавозимига тайинланган Бахтиёр Саидов мактаблардаги аҳволни қониқарли эмас, деб баҳолади. Бундай хулосага у ўтган ҳафта вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда учта вилоятга қилган сафари ортидан келган.

Сафар чоғида янги вазир айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашгани ва “ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор”лигига гувоҳ бўлганини қайд этган.

Б. Саидов фикрича, вазиятни ўнглаш учун вилоятда, туманда, мактабда ҳатто бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, керак бўлса уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда мактабларда таълим сифатини ошириш керак.

“Синфда 20 нафар боладан 18 нафари фанни зўр билса, демак бу ўша фан ўқитувчисининг ютуғи, демак, у ўқувчиларини ўз фанига қизиқтира олган. Агар шу синф ўқувчиларидан 1-2 нафаригина фандан билими кучли бўлса, демак у иқтидорли ўқувчи ёхуд ота-онаси репетиторга берган, ўқитувчи эса дарс вақтида ўз фанини етказиб бера олмаётганидан далолат”, деган ХТВ вазири.

Мулозим мактаблардаги аҳволни яхшилаш учун ҳудуд раҳбарларининг масъулияти ва ваколатини янада ошириш, билимли, жонкуяр ва фидойи кадрларни топиш, бунинг учун педагогика университетлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини урғулаган.

Бахтиёр Саидовнинг салафи Шерзод Шерматов икки ҳафта муқаддам ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган эди.

Тошкентдаги ерусти метро йўли учун Хитойдан ярим миллиард доллар қарз жалб қилинди

Ўзбекистон пойтахтида ерусти ҳалқа метро линияларининг қурилиши лойиҳасининг умумий қиймати 354,36 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу рақам ҳукуматнинг шу йил 26 ноябрида имзоланган қарори билан тасдиқланган.

“Norma” ахборот-ҳуқуқий портали қайдича, бу маблағнинг 208,398 миллион доллари давлат бюджетидан, 108,390 миллион доллари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ҳисобидан, 37,076 миллион доллари давлат улуши ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, лойиҳа учун Хитойнинг “Эксимбанк”идан 500 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олинган. Мазкур кредит 20 йил муддатга беш йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилгани айтилмоқда.

Марказий банк жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 36 миллиард долларга етганини билдирган. Бу қарзнинг қанчаси Хитой ҳиссасига тўғри келиши тўғрисида аниқ маълумот тақдим этилмаган.

Ўтган 10 ой ичида Ўзбекистонга 2,2 миллион дона мобил телефон олиб кирилди

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 2,2 миллион дона мобил телефон импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 миллион донага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, мазкур давр оралиғида Ўзбекистонга олиб кирилган мобил телефонларнинг умумий қиймати 154,2 миллион AҚШ долларига тенг бўлган. Телефонлар дунёнинг 14 та давлатидан импорт қилинган.

Қўмита биргина октябрь ойида мамлакат чет элдан қиймати 20,9 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 303 303 дона мобил телефон импорт қилганини қайд этган.

Ўн ой мобайнида мобил телефонлар энг кўп Хитой (79,5 миллион долларлик) ва Вьетнамдан (60 миллион долларлик) сотиб олинган, бу эса телефон импортининг 90 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Ўзбекистонга телефон экспорт қилаётган мамлакатлар орасида Ҳиндистон (7,2 миллион долларлик), Қозоғистон (5,3 миллион долларлик), Бирлашган Араб Амирликлари (1,4 миллион долларлик), Германия (647 минг долларлик) ва Россия (175,8 минг долларлик) каби мамлакатлар ҳам бор.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига, Ўзбекистонда Интернет тармоғига уланган абонентлар сони қарийб 20 миллионга етгани ҳақида маълумот берилган эди.

Олий суд: Террорчиликни молиялагани учун 2016 йилдан буён 62 нафар шахс судланган

Ўзбекистонда 2016 йилдан 2021 йилнинг биринчи ярмигача бўлган вақт мобайнида террорчиликни молиялаштирганлик айби билан 62 нафар ўзбекистонлик судланган. Бу ҳақда Газета.уз нашри Олий суд матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Бу фуқароларнинг 18 нафари ёки 29 фоизи 18 ёшдан 30 ёшгача, 43 нафари ёки 69,4 фоизи 31 ёшдан 60 ёшгача, 1 нафари ёки 1,6 фоизи 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги шахслардир. Олий суд уларнинг 60 нафар эркак, 2 нафари эса аёл эканини билдирган.

“Судланган шахсларнинг 41 нафари ёки 66,1 фоизи жиноий қилмишни террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш йўли билан содир этган бўлса, 21 нафари ёки 33,9 фоизи уларнинг молиявий харажатларини қоплаш йўли билан содир этган”, дейилган хабарда.

Қайд этилишича, терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган шахсларнинг асосий қисми пул ишлаш мақсадида хорижий давлатларга борган шахслар бўлиб ҳисобланиб, 62 кишининг 43 нафари ёки 69,4 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида содир этган.

ТИВ раҳбари БМТ махсус маърузачиси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазири А. Комилов БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан, Тошкент, 2021 йил 29 ноябри (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 29 ноябрь куни БМТнинг террорчиликка қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилишган.

“БМТ махсус маърузачиси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган ва афғон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида фикр билдирилган.

БМТ махсус маърузачисининг Тошкентда қатор вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказиши ҳамда вилоятларга сафар қилиши айтилмоқда.

Сергелида содир бўлган газ портлаши ва ёнғин оқибатида 18 киши жароҳатланди

Ўт ўчириш машинаси (иллюстратив сурат)

Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган “Узмилл” МЧЖ ҳудудидаги ишчилар ётоқхонасида 29 ноябрь тонгида газ портлаши натижасида ёнғин содир бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса тонгги соат 5 атрофида содир бўлгани, воқеа жойига тўртта ёнғин-қутқарув экипажи соат 05:08 да етиб боргани, ёнғин соат 05:29 да қуршаб олингани ва соат 05:43 да батамом ўчирилгани ҳақида маълумот тарқатди.

ФВВ қайдича, воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Айни пайтда портлаш ва ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда.

ССВ маълумотига кўра, ёнғиндан жабрланган 18 эркакнинг саломатлиги жиддий назоратга олинган, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муложаларини олмоқда.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ, ССБ, Ҳудудгаз таъминоти раҳбарларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил этилган.

Газ портлашига қувурларнинг носозлиги оқибатида хонага газ тўпланиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

ССВ: Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 193 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 28 ноябрь ҳолатига кўра, 193 минг 65 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 234 киши коронавирусга чалинган.

Якшанба куни Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 216 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 189 минг 664 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 399 нафарга етганини қўшимча қилган.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2022 йилда Ўзбекистон раислик қилади

ИҲТнинг Ашхободда ўтган 15-саммити иштирокчилари

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2022 йилда раислик қилиш вазифаси Ўзбекистонга топширилди. Бунга оид қарор ИҲТнинг 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган 15-саммитида қабул қилинган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда иштирок этган Шавкат Мирзиёев қатнашчиларни кейинги йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган галдаги саммитга таклиф қилган.

Мезбон президент Г. Бердимуҳамедов раислигида ўтган Ашхободдаги саммитда Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевдан ташқари Озарбайжон президенти И.Алиев, Покистон президенти О. Алвий, Тожикистон президенти Э. Раҳмон, Туркия президенти Р. Т. Эрдўғон, Эрон президенти И. Раисий, Қирғизистон президенти С. Жапаров ҳамда Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин ва ИҲТ бош котиби Х. Нозирий ҳам иштирок этишган.

Саммитда Ш. Мирзиёев ИҲТ доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, минтақадаги мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратиш, “яшил тараққиёт”га эришиш учун амалий саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш, сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш каби таклифларни олға сурган ҳамда Афғонистон масаласига тўхталган.

Қашқадарёда пора билан қўлга тушган спорт мактаби раҳбари 5 йилга қамалди

Қашқадарёнинг Китоб туманида 1,5 миллион сўм пора олаётган пайтда ушланган спорт мактаби раҳбари устидан ҳукм ўқилди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Китобдаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори М.Х. қилмиши туфайли 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мулозим шу йилнинг август ойида бир кишидан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун пора олаётган вақтида қўлга олинган.

Китоб туман суди судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) билан айбдор деб топган. Суд ҳукми билан собиқ директор 2 йилгача масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

Мирзиёев: Афғон халқи яқин қўшнилар ёрдамисиз қийин синовлардан ўта олмайди

Туркманистоннинг Ашҳобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик саммитида сўз олган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди.

“Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда. Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Толибон Афғонистони билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

"Афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келиши ортидан уни қўллаб чиққан.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.

Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош Марказий Осиёнинг уч давлатидан бири бўлади.

Мирзиёев Ашҳободдаги саммит теграсида Покистон ва Тожикистон раҳбарлари билан ҳам икки томонлама музокара ўтказган.

Афғонистон айни вақтда гуманитар инқироз ёқасида турибди. Жорий йил охиригача ушбу давлатда 1 миллион бола очликдан ўлиши таҳмин қилинмоқда.

Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлигига қайта сайланди

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлигига учинчи марта қайта сайланган.

У ташкилотга 2008 йилдан раҳбарлик қила бошлаган, 2012 ва 2016 йилларда қайта сайланган эди.

Федерация раҳбарлигига сайлов 27 ноябрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган.

Конгресс бир йил аввал ўтказилиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб кейинга қолдирилганди.

Сайлов якунларига кўра Ўзбекистон вакиллари ҳам ташкилотнинг бир қатор бўлимлари таркибий қисмига кирди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Бош котиби Гулнора Саидова тарғибот қўмитаси, Токио-2020 Олимпиадасида реферилик қилган Аида Ҳасанова эса ҳакамлар қўмитаси таркибига киритилди.

Конгрессда шунингдек, 2023 йилда қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун номзод сифатида Тошкент ҳам намойиш этилди.

Бироқ, жаҳон чемпионатини Миланда ўтказишга қарор қилинган.

Олий Мажлис депутати Марказий Банкни "қора бозор"га йўл очиб бераётганликда айблади

Танқидий чиқишлари билан танилган Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати Расул Кушербоев Марказий банкни дам олиш кунлари валюта айинбошлаш шохобчалари ишламаслиги туфайли одамларни валютани "қора бозорда" алмаштиришга мажбур қилаётганликда айблади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси бўлган Кушербоев 27 ноябр куни Facebook`даги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, ўзи яшайдиган Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини қидиргани, бироқ, уларнинг барчаси ёпиқ эканлигини айтди.

Кейин депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларни "қора бозор"да алмаштирди.

"Ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт", — дея таъкидлади депутат.

"Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристларни ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин бизнинг банкларимизнинг валютани айирбошлаш шохобчалари шанба, якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банкимизнинг шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади", — дея қўшимча қилади Куширбоев.

Ҳозирча Ўзбекистон Марказий банк расмийларидан депутатнинг танқидларига муносабат билдирилгани йўқ.

Аввалроқ Марказий банк 2021 йил 11 ноябридан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилаган, унга мувофиқ, доллар курси 10 минг 715 сўм 30 тийин қилиб кўрсатилган эди.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк уни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олган эмас.

Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди

Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига борди.

Бу жаноб Мирзиёевнинг октябрь ойида президентликка қайта сайланганидан буёнги учинчи хорижий сафари.

Бундан олдин у Туркия ва Россияга сафар қилган.

Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги хабарига кўра, Мирзиёев Туркманистон раҳбари билан икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Покистон президенти Ориф Алвий билан учрашув ўтказган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат давомида Ўзбекистон—Покистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Покистон президентидан сўнг Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам музокара ўтказган.

"Давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Тожикистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиққан. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилган.

Шунингдек, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор соҳаларда истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Етакчилар Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан ҳам фикр алмашган", дейилади расмий ЎзА агентлигининг хабарида.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.

Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.

Тадбир кун тартибидан савдо, инвестициялар, "яшил" иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG