Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 18:34

Европадан трактор ва юк машина ташувчилар саросимада: бож имтиëзи бекор қилиниши мумкин


Ўзбекистонга юбориш учун сотиб олинган Беларус трактори.

Айни кунларда Ўзбекистонга юбориш учун Беларус ва Европа давлатларидан иккинчи қўл (ишлатилган) трактор ва юк машиналари сотиб олиш бўйича шартнома қилиб қўйган тадбиркорлар қаттиқ саросимада.

Сабаби - ​президент Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил апрелида ўзи имзолаган муҳим қарорининг амал қилиш муддатини яна ўзи бекор қилиши кутилмоқда. Агар қарор бекор қилинса, чет элдан олиб кирилаётган юк машиналари учун 70 фоизлик бож ва акциз солиғи қайта тикланади.

Амалдаги қарорга кўра¸ мева ва сабзавот ташишга мўлжалланган трактор ва юк машиналарини 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга олиб кириш бож ва акциз солиғидан озод этилган. Бундай имтиëз¸ мева ва сабзавотларни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда экспорт қилишни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган эди.

Президент имзосини кутаëтган янги қарор лойиҳасида¸ бу имтиëзларни муддатидан олдин – жорий йил охиригача бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳага бевосита алоқадор расмий идоралар Озодликка бу имтиëзларни муддатидан олдин бекор қилиш масаласи ҳал бўлгани¸ бунга оид қарорнинг 1 ноябрь ëки 1 декабрдан кучга кириши мумкинлигини айтди.

Тадбиркор ваҳимада чегарада навбатлар

20 сентябрь куни Озодликка боғланган тадбиркор ўзини мева ва сабзавот ташишга мўлжалланган (яъни бож ва акциз солиғидан озод этилган) трактор ва тиркамалар¸ совутгичли юк машиналари импортчиси деб таништирди.

Давлат идоралари босимига учрамаслик учун бу тадбиркор шахсини очиқлашни истамади.

Унга кўра¸ президент қарори ижросининг муддатидан олдин тўхтатилиши ўзи ва бу бизнес билан шуғулланаëтган юзлаб тадбиркорни синдириши мумкин.

Биз Беларус¸ Литва¸ Польша ва Германиядаги шерикларимиз билан бир неча юз минг долларлик келишувлар қилганмиз. 2021 йилгача улардан иккинчи қўл қишлоқ хўжалик техникаси ва рефрижераторлик юк машинаси сотиб олиб¸ уни Ўзбекистондаги фермерлар ва мева экспортчиларига етказиб бериш учун бор пулимизни тикканмиз. Агар президент қарори ижроси 15 ой олдин тўхтатилса¸ биз сотиб олинган техникаларни Ўзбекистонга олиб киришга улгурмаймиз. Яна 70 фоизлик растаможка ва акциз солиғи қўйса¸ молимиз касод бўлади”.

Ўзбекистонга юбориш учун Европа давлатларида сотиб олинган юзлаб юк машинасининг Беларус чегарасида тўпланиб қолгани айтилмоқда.
Ўзбекистонга юбориш учун Европа давлатларида сотиб олинган юзлаб юк машинасининг Беларус чегарасида тўпланиб қолгани айтилмоқда.

Бу тадбиркор¸ ўзи кабиларнинг жуда кўплигини айта туриб¸ айни кунларда Европа давлатларида сотиб олинган юк машиналарини 1 октябргача Ўзбекистонга олиб кириш учун саросима бошланганини айтди:

Германия¸ Польша¸ Прибалтикадан Ўзбекистонга йўл Беларусдан ўтади. Литва ва Польшанинг Беларус билан чегарасида ҳозир Ўзбекистонга йўлга чиққан юзлаган юк машинаси навбат кутиб турипти. Ҳамма ваҳимада¸ улгурмай қолсам¸ синаман деб”.

Тахмин ва ваҳималарда асос борми?

Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозим¸ бу саволга “ҳа” деб жавоб берди.

Унга кўра¸ 2018 йил баҳорида президент қарори билан ғилдиракли трактор ва 20 тоннагача бўлган юк машиналари, шунингдек прицеплар 70 фоизлик бож ва акциз солиғидан озод этилгани ортидан Ўзбекистонга Европадан иккинчи қўл агротехника ва юк машиналари олиб кириш кескин ошган.

Йил бошидан бери бу масалада конфликт кетаяпти. Президент қароридан кейин Ўзбекистонга¸ билишимча¸ камида 20 мингта грузовой машина келган. Трактор ва прицеплар сонини аниқ билмайман¸ лекин у ҳам кам эмас. Ўзавтосаноат ва Ўзагротехсаноатхолдинг йиғлаворди - машиналаримиз ўтмаяпти деб. Ўзавто ўзимизда шунча MAN¸ КамАз йиғаяпмиз¸ кетмаяпти¸ деб дод-вой қилди. Ўзагротехсаноатхолдинг ҳам тракторларимиз бор¸ кетмаяпти¸ деб шикоят қилди. Ана шу икки компания янги қарор лойиҳасини ишлаб чиққан. Имтиëзни бекор қилиш учун келтирилаëтган асос яна эски гап – маҳаллий ишлаб чиқаришни қувватлаш¸ саноатни маҳаллийлаштириш ва ҳоказо”.

Озодлик гаплашган тадбиркорлар ҳам бозор очилганидан кейин маҳаллий саноатнинг рақобатга чидай олмай қолганини айтади.

Биз Беларусдан олинган иккинчи қўл тракторни¸ ғилдиракларини янгилаб¸ ҳамма жойини созлаб Ўзбекистондаги фермерга 10-12 минг долларга етказиб бераëтгандик. Бу тракторлар яна 10-15 йил бемалол ишлайди. Ўзбекистонда чиқаëтган айни шундай трактор 20-22 минг доллар туради. Юк машиналарини Германиядан 20 минг¸ прицепини 25 минг долларга олаëтгандик. МАН прицепи билан 90-95 минг долларга тушади. Иккинчи қўл бўлсаям¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганидан яхши бўлса яхшидир¸ ëмон эмас. Нархдаги фарқ икки баравар. Монополистлар эркин бозорга чидолмай¸ яна дарров чегарани ëптираяпти”.

Жараëндан хабардор мулозимга кўра¸ имтиëзларни бекор қилишга уринаëтган тизимлар президентга "Ўзбекистонга 95 фоиз Европада металлоломга айланган яроқсиз техника кираяпти¸ ҳамма доллар шунга чиқиб кетаяпти"¸ деган даилларни ҳам бозорни ëпиш учун асос қилиб келтирмоқда.

Имтиëзлар қачон бекор қилинади?

Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур жараëн тафсилотидан хабардор расмийсига кўра¸ мева ва сабзавот ташишга мўлжалланган трактор ва юк машиналари импортига 2021 йил 1 январга қадар берилган имтиëзларни тўхтатиш ҳақидаги қарор лойиҳаси жорий ой президентга тақдим этилган.

Президент қўл қўймади ва қайта ишлашга берилди. Янги лойиҳа ҳозир билишимча администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов столида турипти. Унда имтиëзларни 1 декабрдан бекор қилиш ҳақида гап бор. Лекин ҳали президент қўл қўйгани йўқ”.

Озодлик 20 сентябрь куни имтиëзларнинг қачон бекор қилинишига аниқлик киритиш мақсадида манфаатли томонлардан бири – Ўзагротехсаноатхолдинг раҳбарияти билан боғланди.

Озодлик гаплашган мутасаддилардан бири¸ президент жорий йил 31 июль куни имзолаган 4410-сонли қарорга мувофиқ¸ бу имтиëзлар муддатидан олдин бекор қилинишини билдирди.

1 октябрь ëки 1 ноябрдан бекор бўлиши кутилаяпти. Ҳозирча аниғини билмайман”¸ деди Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик техникаси ишлаб чиқаришга масъул Ўзагротехсаноатхолдинг АЖ расмийси.

Бу расмий тилга олган 4410-сонли қарорга 3-илованинг 14-бандида Инвестициялар ва ташқи савдо, Молия вазирликлари¸ шунингдек Давлат божхона қўмитаси ва Ўзагротехсаноатхолдинг жамиятига “импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги техникалари турлари ва миқдорларини чуқур таҳлил қилган ҳолда божхона тарифларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш” буюрилган.

Бу таклифларни ишлаб чиқиш учун 1 сентябрдан 1 ноябргача¸ кўриб чиқиш учун эса¸ 1 декабргача муҳлат берилган.

Мазкур буйруқ ижроси учун масъул этиб белгиланган Молия вазирлиги ва Божхона қўмитасидан ҳозирча имтиëзларнинг айнан қачондан бошлаб бекор қилинишига оид аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўринг (4)

XS
SM
MD
LG