Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:20

"Трамадол" сотгани учун судланган бош ҳамшира лавозимида қолмоқда


ДХХ тарқатган маълумотга кўра¸Ўзбекистонда ўтган ойлар давомида 13 минг донадан кўпроқ "Трамадол" таблеткаси мусодара қилинган.
ДХХ тарқатган маълумотга кўра¸Ўзбекистонда ўтган ойлар давомида 13 минг донадан кўпроқ "Трамадол" таблеткаси мусодара қилинган.

2018 йил ноябрида касалхона ҳудудида кучли психотроп моддаси – "Трамадол" дорисини ноқонуний сотаëтган пайтда қўлга олинган Тошкент шаҳар 1-сонли клиникаси жарроҳлик бўлими бош ҳамшираси¸ бу воқеа юзасидан жиноят иши очилиб¸ судланганига қарамай¸ ўз лавозимида қолмоқда.

Озодликка бу ҳақда хабар берган клиника ходимлари¸ сохта рецепт асосида пачкасини аптекадан 30 минг сўмдан олган ҳамширалар "Трамадол"ни касалхонанинг Кадрлар бўлими олдида 400 минг сўмга сотаëтганда ушлангани ва бу жиноят судда ўз тасдиғини топганини билдирдилар.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг мазкур ишга бевосита алоқадор мулозимининг Озодликка айтишича, 1-инстанция суди ҳукми билан ҳамшираларнинг энг кам иш ҳақининг 100 миқдори бараварида жаримага тортган. Шундан сўнг апелляция суди қўшимча жазо тайинлаган.

Клиника маъмурияти эса¸ ҳамшираларнинг ишда қолаётганини суд ҳукми кутилаётгани билан изоҳлади.

Суд ҳукми

2019 йилнинг 16 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Шайхонтоҳур туманида жойлашган 1-сонли шаҳар клиникасининг икки ҳамшираси устидан берилган апелляция аризасини кўриб чиқиб¸ ҳукмга кичик тузатиш киритди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди 6 февраль куни клиниканинг йирингли хирургия бўлими бош ҳамшираси Ж.А. ва муолажа ҳамшираси Ш.Ш.ни энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилган. (2019 йил 1 январидан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 202 703 сўм қилиб белгиланган – таҳр.)

Тошкент шаҳар прокуратураси чиқарилган ҳукм устидан апелляция аризаси киритганидан сўнг¸ шаҳар суди 16 март куни ҳукмга жаримадан ташқари судланувчиларнинг “мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бор ишларда ишлашини икки йилга тақиқлаш” жазосини ҳам қўшди.

Иккала ҳамшира ноябрь ойида касалхона ҳудудида бир пачка (10 та ампула) "Трамадол" психотроп дорисини сотаëтган пайтда Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонида қўлга олинган.

Ушланиш

Озодликка ўзини 1-сонли шаҳар клиникасининг “бу воқеалардан хавотирга тушган ходимлари вакили” деб таништирган шахс ҳамшираларнинг ушланиши касалхона ходимлари кўз ўнгида содир бўлганини билдирди.

Биттаси гнойная хирургиянинг бош ҳамшираси¸ иккинчиси процедурний ҳамшира. Булар бўлим бошлиғи печатини¸ унинг рухсатисиз сохта рецептга қўйиб¸ "Трамадол"ни марказий аптекадан 30 минг сўмдан олган. Кадрлар бўлими олдида 10 та ампулани бир йигитга 400 минг сўмга сотаëтганида¸ РОВД гуруҳи ушлади. Бу эса¸ уларнинг бу ишни сурункали қилиб келгани ва кимдир ички ишларни бундан олдиндан огоҳлантирганини кўрсатади. Жиноий иш тергови уч ой давом этди. Уларга иккита – фирибгарлик ва наркотиклар савдоси деган айб қўйилди. Лекин қўлга тушганидан бугунгача Ж.А. ҳалиям бош ҳамшира бўлиб ишлаяпти. Бунақа оғир жиноятда айбланган одамнинг масъулиятли лавозимда қолиши абсурд эмасми?” деди касалхона маъмурияти тазйиқидан қўрқиб шахси сир тутилишини истаган 1-сонли клиника ходимларидан бири.

Озодлик гаплашган ходимлар¸ кучли наркотик дорининг клиника ҳудудида сотилиб келинганига касалхона маъмуриятидагиларнинг алоқаси борлиги ва шу боис улар ҳамшираларнинг енгил жазо билан қутулиб қолишига астойдил уринганини иддао қилди.

“Бош ҳамширанинг бу воқеадан кейин ҳам ҳеч нарса кўрмагандек ишини давом эттираëтгани¸ унинг ҳомийлари қанчалик кучли эканини кўрсатади. Клиникадагилар бу ҳақда Бош прокуратурага шикоят қилмоқчи бўлганини эшитиб¸ булар ҳаммани қўрқитди”¸ дейди Озодлик гаплашган 1-сонли клиника тиббиëтчиларидан бири.

Маъмурият жавоби

Озодлик Тошкент шаҳридаги 1-сонли клиника раҳбарияти билан боғланиб¸ товламачилик ва наркотиклар савдосида айбланган бош ҳамшира ва муолажа ҳамширасининг ҳозирга қадар ишлаëтганига изоҳ сўради.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми очиқланмаслигини сўраган маъмурият мулозими¸ йирингли хирургия бўлими бош ҳамширасига суд ҳукми чиққунга қадар бирор чора кўришга ҳуқуқий асос бўлмаганини билдирди.

Булар суднинг якуний ҳукми чиққунга қадар¸ гумонланувчи эди. Уларни ишдан бўшатиш ëки интизомий чора кўришга бизда ҳуқуқий асос йўқ эди. 16 март куни суд ҳукм чиқарди¸ лекин биз расмий тақдимномани ҳали қўлга олмадик. Бизга расман етиб келиши билан¸ ҳукмни ижро қиламиз”¸ деди клиника маъмурияти мутасаддиси.

Озодлик гаплашган ҳуқуқшуносга кўра¸ Ўзбекистон процессуал қонунчилигига мувофиқ¸ “тергов вақтида бундай шахсни эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш процессуал мажбурлов чораси қўлланилади”. Айни пайтда¸ “бу муайян жиноят иши ҳолатларига боғлиқ”¸ дея қўшимча қилди мутахассис.

“Клиника ўз шаънини ҳимоялаш учун бош ҳамширани вақтинча бу мақомдан четлатиш чорасини нега қўлламади”¸ деган саволга 1-сонли клиника мутасаддиси¸ буни касалхона адвокатидан сўраш лозимлигини айтиш билан жавоб берди.

Суд оғир жиноятда айбланганларга нега енгил жазо берди?

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди мулозими¸ бу саволга қисқа қилиб¸ инсонийлик нуқтаи назаридан, дея жавоб берди.

Бу аëлларнинг биттаси 57 ëшда¸ аллақачон пенсияда. Ж.А. ҳам пенсия ëшига етиб қолган¸ 54 яшар аëл. Аввал жиноят қилмаган¸ бир пачка "Традамол" билан ушлангандан кейин¸ қамаб юбориш қанчалик инсонийликка тўғри келади? Биласиз¸ президентимиз судлардан инсонийликни талаб қилаяпти! Ўзи 20 миллионлик жаримани тўлагунча бўладиган бўлди буларнинг. Кейин¸ Шайхонтоҳур туман Хотин-қизлар қўмитаси¸ аëллар яшайдиган маҳалла раҳбарлари буларни кафилликка олди”¸ деди туман суди мулозими.

Бу расмийга кўра¸ 1-инстанция суди ҳамшираларга энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима тўлаш бўйича ҳукм чиқарганидан кейин¸ Тошкент шаҳар прокуратураси бу ҳукм устидан апелляция аризаси киритган.

16 март кунлари Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди¸ туман суди ҳукмини кучда қолдиргани ҳолда¸ унга “мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бор ишларда 2 йилгача ишлашни тақиқлаш” жазосини ҳам қўшган.

Ҳукм 18 март куни расмийлаштирилди. Орага байрам тушиб¸ 1-клиника маъмуриятига ижро учун юборишга ҳам улгурмадик. Бугун-эрта куръер билан жўнатамиз ва шундан сўнг касалхона маъмурияти ижрони таъминлаш учун Ж.А.ни бош ҳамшираликдан четлатиши шарт”¸ деди Тошкент суди мулозими.

"Трамадол" қандай дори?

Oпиоид воситалари сирасига кирувчи "Трамадол" тиббиëтда ўта кучли оғриқ билан кечувчи касаллик ва жароҳатлар пайтида фақат махсус тиббий рухсатнома билан қўлланиладиган оғриқни қолдирувчи восита ҳисобланади.

У икки хил – таблетка ва томир орқали юбориладиган суюқлик шаклида ишлаб чиқарилади ва суюқлиги таблеткасидан анча кучли ва тез таъсир қилувчи восита ҳисобланади.

Ўзбекистон Бош вазирининг 2018 йил 27 октябрь кунги махсус қарори билан "Трамадол" мамлакат ҳудудида савдо қилиш тақиқланган наркотик ва психтроп моддалар рўйхатига киритилган.

11 март куни Ўзбекистон ДХХ мамлакат бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 13 минг донадан кўпроқ "Трамадол" таблеткаси мусодара қилингани ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган қатор шахслар қўлга олинганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG