Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2022, Тошкент вақти: 02:12

Тўпаланг ГЭСдаги авария: “Боши билан жавоб берадиганлар” сукут сақламоқда


Тўпаланг ГЭСи.

Сурхондарё вилоят, Сариосиё туманидаги Тўпаланг ГЭСидаги 22 июнь куни содир бўлган авария ҳали ҳам бартараф этилмади.

ГЭС электр энергия беришни тўхтатган, сув уриб чиққан жойи ҳали ёпилмаган.

Тўпаланг ГЭС да “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдураҳмоновга тегишли бўлган МЧЖ модернизация ишларини амалга ошираётган бир паллада содир бўлган авария билан боғлиқ қатор саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Ҳодиса икки йил муқаддам Сардоба сув омборида инсоний ва моддий талофатларга сабаб бўлган техноген фалокатни ёдга солган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 22 июнь куни “модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши натижасида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан”.

Маълумотга кўра, Тўпаланг ГЭСда модернизация қилиш ва ГЭС қувватини 30 МВтдан 175 МВтга ошириш лойиҳаси амалга оширилаётган бўлган.

“Ўзбекгидроэнерго” ширкати эса “иншоотнинг пастки қисмидан катта ҳажмда сув чиқишига ГЭСнинг иккинчи компонент иншоотидаги сув қувури тўсини шикастланиши” сабаб бўлгани ҳақида маълум қилган эди.

Биринчи хабарда “вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши” айтилган бўлса, иккинчи хабарда “сув қувури тўсини шикастланиши” дейилмоқда.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, тиқиннинг шикастланиши оқибатида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан.

“Таъкидлаш керакки, дарёнинг сув ўтказиш қобилияти сониясига 600 куб метрни ташкил этади. Сув сизиб чиқиш вақтида сув сарфи сониясига 160 кубометргача кўтарилган”.

Сув ўтказиш қобилияти сониясига 600 кубометр бўлса, сизиб чиқиш вақтида эса сониясига 160 кубометргача кўтарилган бўлса, қандай авария содир бўлиши мумкин?

Ҳодисани текшириш ва сабабларини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат комиссияси ташкил қилингани ҳақида расмий хабар йўқ.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган мулозимнинг комиссия аъзоларидан бирига иқтибосан айтишича, ГЭС реконструкцияси давомида Хитойдан олиб келинган сифатсиз шлюз (сувни тўсиб турадиган девор) ўрнатилгани фалокатга сабаб бўлган:

“Хитойдан олиб келинган арзон шлюзларни қўйган. Иккита шлюз бўлган, биттаси отворган. Шлюз 24 метр юқорида, моторний цехлар пастда . Ҳаммасини сув лойқа босган, агрегатлар куйиб кетган. Силовой машина дейилади. Бу қурилмаларнинг ўзи 8 миллион доллар туради. Бирортасини ҳам қайта таъмирлаб, қайта ишга тушириб бўлмайди. Ҳаммаси йўқ бўлди. Бу фақат талафотнинг бир қисми. Аслида эса жуда катта зарар кўрилган. Раматов шу блокнинг хўжайини. Президент Раматовга Тўпаланг учун бошинг билан жавоб берасан, деганди. Тўғон кетдику, лекин бош жойида турибди. “Расмий баёнотда, сув кўпайгани сабаб бўлди дейиляпти. Сув беш карра кўпайсин, ўн карра кўпайсин, лекин шлюзни қуришда ана шу эҳтимолий ҳодисалар ҳисобга олиниши керак, табиий офатга қарши резерв чоралар бўлиши керак”.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 23 июнь куни Тўпаланг ГЭСи ҳақида мана бу хабарни тарқатганидан буён бошқа маълумот бермади:

“Тўпаланг ГЭС иншоотида техник носозлик тўлиқ бартараф этилган. Вазият барқарор. Бу вазиятдан саросимага тушиш ва ваҳимага берилмасликни сўраймиз”.

Аммо 29 июнь куни воқеа жойига бориб, ГЭСга киритилмаган Кун.уз мухбири Шуҳрат Шокиржоновнинг ёзишича:

“Воқеадан хабардор аҳолининг айтишича, отилиб чиқаётган сувни тўхтатишнинг ягона йўли – сув омборидаги сув ҳажмини пасайтириб (уни дарёга ташлаб), босимни камайтириш экан. Бунинг учун сиғими 500 млн куб метрли сув омборида жамғарилган 378 млн куб метр сувнинг 100 млн куб метри чиқариб юборилиши керак эмиш”.

“Ўзбекгидроэнергетика” АЖда ишлайдиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабабли исми сир қолишини сўраган мулозимнинг айтишича, ГЭСдаги сув чиқарадиган тўсиқлар янгиланмай туриб, шошма-шошарлик билан қилинган ишлар аварияга сабаб бўлган:

“Бу сув омбори 1988 йилда қурилган эди. Ўшанда унинг сув сиғими 300 миллион метр кубга мўлжалланган. Булар эса буни 500га кўтарамиз? деди. Тўғоннинг устини очиб? яна кўтаришди. Бу йил сувни кўпроқ йиғишни бошлашди. Сув 378 миллион метр кубга етганда заиф жойдан сув уриб юборди. ГЭСдаги ҳар бир агрегат учун ўзининг сув йўли бор, яъни туннел. Аварияли ҳолатлар бўлишини эътиборга олиб, шлюз ишламай қолса сувнинг йўлини ёпадиган қўшимча затвор бўлиши керак. Демак, лойиҳа пухта бўлмаган, ана шундай техноген ҳолатлар бўлиши эътиборга олинмаган. Ўзи қаерда Сангиновлар тўғон ёки ГЭС қураётган бўлса? ўша ерда фалокат содир бўляпти, бу бежиз эмас”.

Тўпаланг сув омборининг қурилиши 1988 йилда бошланиб, 1990 йилда фойдаланишга топширилган. Ўшанда сув омборига қурилган ГЭСнинг бир йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 30 мегаватт эди.

Фалокат юз берган пайтда Тўпаланг ГЭСида модернизация ишлари ўтказилаётган, ҳар бири 72,5 мегаватт бўлган яна иккита катта агрегатни ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган эди.

ГЭСни янгилаш ишлари Россия Федерациясининг “Силовы́е маши́ны” АЖ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган эди.

“Ўзбекгидроэнергетика” АЖда ишлайдиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабабли исми сир қолишини сўраган мулозимнинг айтишича, сув ҳажмини минумумга туширгандан кейингина ГЭСни қайтадан реконструкция қилиш мумкин:

“Энди уч ой мобайнида омборда йиғилган барча сувни мақсадсиз чиқариб юборади ва шунга мажбур. Чунки сув босими пасаймаса, таъмирлаш ишларини олиб бориб бўлмайди. Буни турган-битгани зарар бўлди. Буни қаранг, ҳали 500 миллион кубометр сув у ёқда турсин, бор йўғи 378 миллион ошганда уриб юборди. Худо кўрсатмасин, агар Сардобага ўхшаб уриб юборганда, бунча сув катта фожиа олиб келарди”.

Озодлик Тўпаланг ГЭСи юзасидан вужудга келган саволларга жавоб олиш учун ўтган ҳафтада "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ва "Гидропроект" АЖга мактуб билан мурожаат қилди. Аммо шу пайтгача жавоб ололмади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг июнида Сурхондарё вилоятига қилган сафарида Тўпаланг сув омбори лойиҳасига бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни масъул қилиб тайинлаган эди:

"Тўпаланг“ сув омбори катта қийинчиликлар билан барпо қилинган, энди Сурхондарё халқига хизмат қилиши керак. Раматов бу лойиҳага бошингиз билан жавоб берасиз”, деган президент.

Раматовнинг ўзи шахсан ҳозиргача бу фалокат борасида бирон баёнот бергани йўқ.

2020 йилдаги “Сардоба” фожиасида ҳам сув омбори қурилиши тепасида ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” АК бошқаруви раиси ва сенатор Абдуғани Сангинов ҳам давлат буюртмачиси мақомида¸ ҳам уни қурган хусусий пудратчи сифатида қатнашган.

Озодлик суриштируви давомида Сардобани Ўзбекистондаги гидроқурилишлар учун масъул давлатга қарашли “Ўзбекгидроэнерго” компанияси раиси Абдуғани Сангиновнинг 28 яшар ўғли Ислом Абдураҳмонов ва сариосиëлик ҳамқишлоқлари номига расмийлаштирилган хусусий ширкатлар қургани аниқланган.

Озодлик ихтиëридаги расмий ҳужжатларга кўра¸ “To’palang HPD Water Construction” ëки ўзбекчада “Тўпаланг сув қурилиш” МЧЖси 2008 йилнинг 2 августида Сурхондарë вилоятининг Сариосиë туманида хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда стратегик объектлар бўлган сув омборлари ва ГЭслар қурилиши ҳеч қандай тендерсиз фақат бир шахсга, президент Мирзиёевга яқин бўлган Сангиновларга бериб қўйилиши, хавотирларни кучайтириб бормоқда.

Жумладан, 2021 йилда Сурхондарёдаги қарийб 1,5 трлн сўмлик лойиҳага пудратчи тендерсиз танланган эди. Бу пудратчи эса Абдуғани Сангиновнинг ўғли Ислом Абдураҳмонов бўлган эди. Ўтган йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527,4 млрд сўмлик шартнома имзоланган.

ГЭСлар ва тўғонлар бўйича мутахассис бўлган қирғизистонлик эксперт Жанибек Оморовнинг айтишича, бундай муҳим стратегик объектларнинг тендерсиз фақат бир шахсга бериб қўйилиши катта фожиаларга олиб келиши мумкин:

“Текширишлар натижаси оммага эълон қилинмаганидан сўнг, фалокатнинг асл сабабини билиш қийин. Лекин бу ерда техник талабларга риоя қилинмагани кўриниб турибди. Агар тўғон ёки ГЭС қураётган жамоада етарли тажриба бўлмаса, хорижий давлатлардан мутахассисларни жалб қилмаса, хатоларга йўл қўйилиши табиий. Қолаверса, бундай объектларнинг тендерсиз битта компанияга берилиши фожиага эшик очишдир", дейди қирғизистонлик мутахассис.

2020 йилда ўпирилган Сардоба сув омборининг қурилишига 405 миллион АҚШ доллари сарфланган эди.

Тўпаланг сув омбори ва ГЭСининг реконстуркциясига қанча пул сарфлангани ҳали тўла очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG