Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:29

2020: Коррупция ва манфаатлар тўқнашувига оид саволларни жавобсиз қолдириш ҳукумат стратегиясига айланди


Президент Шавкат Мирзиëев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бренд билан чиқарилаëтган газ ҳисоблагичларни кўздан кечирмоқда
Президент Шавкат Мирзиëев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бренд билан чиқарилаëтган газ ҳисоблагичларни кўздан кечирмоқда

Мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни қилган“Ўзбекистон халқига байрам табриги”да президент Шавкат Мирзиëев “сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм (тақрибан 200 миллион АҚШ доллари-таҳр.) зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани” ҳақида ҳисоб берди.

Жавобгарликка тортилганлар орасида Мирзиëев ҳукуматининг юқори лавозим ва ваколатга эга бўлган бирор амалдори борлиги ҳақида жамоатчиликнинг ҳозирча хабари йўқ.

Коррупцияга қарши кураш ҳақида расмий матбуот бераëтган хабарлардан¸ улар кўпчилигининг туман ташкилотлари даражасидаги майда амалдорлар экани англашилади.

Халқаро майдонда ўзини коррупцияга қарши “аëвсиз кураш бошлаган” қилиб кўрсатишга уринаëтган Мирзиëев ҳукумати 2020 йили ҳам “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинишини яна пайсалга солди.

Айни пайтда оммавий ахборот воситаларини коррупцияга қарши курашда ҳамкорликка чорлаëтган ҳукумат 2020 йили ҳам давлат бошқарувидаги коррупцияни озиқлантириб келаëтган манфаатлар тўқнашуви ҳақида эълон қилинган мустақил журналистик суриштирувлар қаршисида ўзини “кар ва кўрдек” тутди.

Давлат бошқарувидаги манфаатлар тўқнашуви-янги норма?

Халқаро майдонда коррупцияга қарши кураш стандартларини белгиловчи Transparency International, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиëт ташкилоти (OECD) каби ташкилотлар таснифига кўра¸ у ëки бу шахс ëки корпорациянинг ўз лавозим ва мавқеидан шахсий ëки корпоратив манфаат учун фойдаланиши манфаатлар тўқнашувидир. Халқаро экспертларга кўра¸ манфаатлар тўқнашуви коррупция бўлмаслиги мумкин¸ лекин коррупция таркибида ҳамиша манфаатлар тўқнашуви мавжуд.

OECD диаграммасига манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ўртасидаги узвий алоқадорлик кўрсатилган.
OECD диаграммасига манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ўртасидаги узвий алоқадорлик кўрсатилган.

Давлат секторидаги манфаатлар тўқнашуви олдини олиш ўта муҳим. Бу муаммо эътироф этилиб¸ назоратга олинмаса¸ у мансабдор шахслар¸ улар қабул қилаëтган қарор¸ бошқараëтган агентлик ва ҳукуматлар яхлитлиги(integrity)га раҳна солади. Бундай яхлитликнинг тескариси эса¸ коррупция ëки суиистеъмолдир”¸ дейилади OECD томонидан давлат бошқарувидаги манфаатлар тўқнашуви оқибатларига оид берилган изоҳда.

Шавкат Мирзиëев манфаатлар тўқнашуви муаммосини аввалига Каримов даври катта амалдорларини ишдан олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш жараëнида қўллаган бўлса¸ сўнгра қарор ва нутқларида ҳам тилга ола бошлади.

Зотан¸ Мирзиëев "ислоҳотлари"ни қўллаб-қувватлаш учун грант ва катта кредит ажрата бошлаган халқаро молия тизимлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашни манфаатлар тўқнашувини назорат қилишдан бошлашни талаб қилади.

Кейинги тўрт йиллик нутқ ва қарорларда тез-тез ишлатилиши¸ “давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этиш ҳақида” берилаëтган ваъдаларга қарамай¸ 2020 йилда ҳам “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида” тўрт йилдан бери ваъда қилинаëтган қонун яна қабул қилинмади.

Озодлик ва UzInvestigations суриштирувлари

Давлат бошқарувидаги коррупциянинг асосий қон томири саналган манфаатлар тўқнашуви қонун ва ваколатли идоралар орқали назоратга олинмай келинаëтган бир вазиятда мустақил ва маҳаллий матбуот давлат манфаатини ўз шахсий манфаатига бўйсундиришнинг энг ëрқин намуналарини жамоатчиликка тақдим эта бошлади.

Бу суриштирувлар бир оëғи давлат бошқаруви¸ иккинчиси хусусий бизнесда турган юқори мансабли амалдорлар солиқ тўловчининг юзлаб миллион доллар пули ҳисобига амалга оширилаëтган лойиҳалардан ўз манфаати йўлида фойдаланаëтганига бағишланди.

“Муваффақияти давлат томонидан кафолатланган” ўнлаб¸ юзлаб миллион долларлик лойиҳаларнинг жамоатчиликдан панада¸ очиқ тендер ëки аукционсиз¸ махфий қарорлар билан асл эгаси ҳокимият тепасида ўтирганларга алоқадор “инвестор”ларга берилгани бу суриштирувлар марказидаги бош мавзу бўлди.

Хусусан¸ Озодлик 2020 йилнинг март ойида эълон қилган суриштирувда¸ мамлакатдаги миллионлаб кўчмас мулк учун ëппасига жорий қилинадиган электрон кадастр паспортини бериш Бош вазир Абдулла Ариповнинг махфий қарори билан “GID systems Tashkent” МЧЖга тақдим қилингани ўртага чиқди.

Арипов қарорида “хориж корхонаси”¸ “инвестор” деб таснифланган бу МЧЖ билан истисно тариқасида¸ тендер савдолари ўтказмасдан¸ инвестор билан бевосита музокара олиб бориш йўли билан тўғридан-тўғри 5 йил муддатга шартнома тузиш” топширилди. Яна бир “истисно” тариқасида¸ бу “хориж инвестори” киритадиган инвестициянинг қопланиши давлат ҳисобидан 100 фоиз кафолатланди.

Озодлик суриштируви ҳукуматнинг¸ Мирзиëев ваъдаларининг аксига¸ давлат буюртмаларини яширин ва шубҳали келишувлар орқали “тақдим қилиш амалиëтини нормаллаштирганини кўрсатган бўлса¸ британиялик профессор Кристиан Ласслет суриштируви бу “хориж инвестори”нинг кимлигини фош қилди.

Ласслетт эълон қилган ҳужжатлар¸ БААда регистрация қилинган GID компаниялар гуруҳи маҳсулоти назоратининг Шавкат Мирзиëевга яқин шахслардан бири¸ унинг тўнғич қизи билан тандемда ишлаëтган президент собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновга тегишли эканини кўрсатди.

1 май куни Сардобада рўй берган техноген фалокат ортидан Озодлик ишга туширилганидан икки йил ўтиб-ўтмай плотинаси ëрилиб кетган қарийб ярим миллиард долларлик бу сув омборини ким¸ қандай қурганига оид ўз суриштирувини эълон қилди.

Суриштирув давомида Сардобани Ўзбекистондаги гидроқурилишлар учун масъул давлатга қарашли “Ўзбекгидроэнерго” компанияси раиси Абдуғани Сангиновнинг 26 яшар ўғли ва сариосиëлик ҳамқишлоқлари номига расмийлатирилган хусусий ширкатлар қургани аниқланди.

Манфаатлар тўқнашувининг очиқ кўриниш олгани ортидан маҳаллий матбуот Сардоба фожиаси ортидан уйсиз қолган минглаб сирдарëликлар учун юзлаб уй қуриш лойиҳасининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадорлиги ҳақида ëзди.

Яна бир суриштирув Ўзбекистондаги 3.5 миллиондан ошиқ табиий газ истеъмолчиси уйига мажбурий шаклда ўрнатилаëтган қарийб 600 миллион долларлик “ақлли газ ҳисоблагичлар”ини ишлаб чиқариш Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес структурасига берилганини кўрсатди.

Юнусободда ўн йиллардан бери фаолият юргизиб келаëтган юзлаб тадбиркорлар дўкон ва хизмат муассасаси жойлашган 6 гектарлик қиммат ҳудуд 2019 йил 31 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг яширин қарори билан бир ой олдин рўйхатга олинган МЧЖга тақдим этилди. Озодлик суриштирувларидан яна бири бу компаниянинг хорижда рўйхатга олинган турли қобиқ ширкатлар занжири орқали Шавкат Мирзиëевнинг катта куëви Ойбек Турсуновга алоқадорлигини кўрсатди.

Давлатнинг миллиардлаб маблағини ўз манфаати учун ишлатиш ҳужжат ва далиллар орқали жамоатчиликка тақдим этилганига қарамай¸ коррупцияга қарши кескин курашни ваъда қилиб келаëтган раҳбар ва тизимлардан бирортаси манфаатлар тўқнашувининг бу ëрқин намуналарига изоҳ бермади.

“Ҳалоллик вакцинаси” ҳақида гапираëтган президент ва ҳукумат нега жим?

Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслет Ўзбекистон давлат бошқарувида кенг илдиз отган манфаатлар тўқнашувига оид қатор журналистик тадқиқотлар муаллифи.

UzInvestigations лойиҳаси етакчиси бўлган профессор Ласслет¸ очиқлик ва шаффофлик¸ оммавий ахборот воситалари билан, айниқса, коррупцияга қарши курашда ҳамкорлик қилиш ҳақидаги баëнотларга қарамай¸ Тошкент ҳукумати ўз тадқиқот ва суриштирувлари давомида кўтарилган саволларга жавоб беришдан бош тортиб келаëтганини айтади.

-Ҳукумат 2020 йилда ҳам суриштирувлар давомида туғилган саволларга жавоб беришдан бош тортди. Менимча¸ бундай хулқ-атвор муайян стратегия ифодасидир. Систематик муаммолар фош қилинган тадқиқот ва суриштирувларга "пинагингни бузма¸ улар учун сув ва ҳаводек зарур бўлган маълумотларни беришдан бош торт¸ суриштирув муаллифларини ëмонотлиқ қил¸ ҳамма минбарни режимга маддоҳлик қилувчи шахс ëки ташкилотларга бериб қўй¸ бўлди" – булар 2020 йилда ўзини очиқ намоëн қилган Ўзбекистон ҳукумати стратегиясининг таркибий қисмларидир, - дейди Ласслет.

Бу эса¸ британиялик профессор таъкидича¸ халқаро майдонда зўр бериб тарғиб қилинаëтган “Мирзиëев ислоҳотлари” билан ҳукуматнинг амалдаги хатти-ҳаракатлари ўртасидаги жарликнинг 2020 йил давомида янада катталашганини кўрсатади.

- Ҳозирда бармоқ билан санарли қудратли оила ва гуруҳлар давлат бошқарувидаги мавқеи воситасида миллий иқтисод устидан сезиларли назорат ўрнатган. Бу сир¸ унга жуда кам одамнинг қўли етиши боис¸ устамонлик билан яширилган. Халқаро ҳамжамиятга ислоҳотчи ҳукумат ва тобора эркинлашаëтган бозор ҳақидаги бўяб-бежалган имиж тақдим этилмоқда. Аммо Ўзбекистон ичкарисидаги кўпчилик бу имиж ва реаллик ўртасидаги жарликнинг тобора катталашиб бораëтганини кўриб¸ билиб турибди¸ - дейди Ласслет.

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов¸ бир кам коррупция бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги журналистик суриштирувларга ҳукуматнинг сукунати сабаблари Шавкат Мирзиëев бошқараëтган ҳокимият тўқимасига бориб тақалишини айтади.

2020 йил давомида Абдуғани Сангинов¸ Очилбой Раматов¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Комил Алламжонов каби бевосита президент гуруҳига кирувчи юқори лавозимли амалдорларнинг ўз мавқеидан хусусий бизнеси манфаатида фойдаланганига оид шов-шувли суриштирувлардан кейин жамоатчиликда туғилган “Президент қаëққа қарамоқда?” деган саволга Илҳомов шундай мулоҳаза билдиради:

Узоқ вақт, эҳтимол, умрининг охиригача ўз президентлик курсисини сақлаб қолмоқчи бўлган ҳар қандай авторитар ҳукмдор каби Мирзиëев ҳам ўз бошқаруви учун таянчга муҳтож. Авторитар тузумларда бундай таянчни унинг шахсий клани ва унга содиқ зодагонлар синфи бера олади. Бюрократик синфнинг юқори қисми зодагонлар қатламини ташкил қилади. Бу қатлам ўзини қўллаб-қувватлаши учун ҳукмдор унга муайян имтиёзлар ва "кормушка"лар бериши керак. Бундай имтиёзлар cовет даврида ҳам партия ва давлат номенклатурасига бериларди. Ушбу тизим бугунги кунгача сақланиб қолган. Янги номенклатура давлат хазинасини бутунлай ўмариб юбормаслиги учун уларга ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб бойиш имкони берилади. Масалан, давлат харидларини ўзлари бошқарадиган ëки откат тўлайдиган ширкатларга бериш орқали.

Бу ҳамма соҳада¸ хусусан¸ қурилиш ва ер ажратишда юз бермоқда. Ҳокимлар давлат харидларини тўлиқ назорат қилолмайди¸ аммо уларга ер назорати бериб қўйилган! Улар ерни ўз манфаатидан келиб чиқиб¸ асосан¸ қурилишлар учун сотмоқда. Ва президент бунга тўсқинлик қила олмайди, акс ҳолда у ўз бюрократияси – зодагонлари садоқатидан маҳрум бўлади!

2020 йил ва ундан олдин эълон қилинган кўплаб журналистик суриштирувларга на президент ва на унинг адлия тизимидан рисоладагидай реакция йўқлиги ва бўлмаслигининг асос сабаби шунда!,- дейди таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Коррупцияга қарши кураш ваъдалари

Президент сифатида қасамëд қилганидан 20 кун ўтиб-ўтмай, Шавкат Мирзиëев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан эди. Президентлигининг биринчи йилида жамоатчиликка кўрсатилган чиқишларида у “Ўзбекистонни кемириб келган 20 га яқин оила¸ хусусан¸МХХ ва прокуратурадаги ўғрилардан то Фарғонадаги каламушлар”га қадар йўқ қилиш ҳақида кўп марта эҳтирос билан гапирган эди.

Ўтган тўрт йил мобайнида коррупцияга қарши кураш Мирзиëев луғатида энг кўп ишлатиладиган иборага айланди.

2020 йилнинг биринчи ойи ҳам Ўзбекистонда президентнинг “жамиятни емираëтган¸ тараққиëтга ғов бўлаëтган ëвуз иллат – коррупцияга қарши курашни янада кучайтириш ваъдаси билан бошланди.

24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида Шавкат Мирзиëев ўз номига бўлаëтган мурожаатлар¸ матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги кўплаб чиқишларда айниқса “ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳалар”нинг коррупциялашганидан шикоят бўлаëтганини таъкидлади.

-Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак, - деди Мирзиëев ҳукуматнинг 2020 йилги стратегияси белгиланган Мурожаатномада жумладан.

2020 йилда коррупцияга қарши шиддатли кураш ваъда қилинди ва Мирзиëев таклифи билан ўзига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган - Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бу янги тузилма¸ йил охирига келиб¸ БМТ минбаридан кўз-кўз ҳам қилинди.

29 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида қилган нутқида Мирзиëев:

-Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди¸ - деди жумладан.

2020 йилги бу кураш оқибатида Шавкат Мирзиëевнинг 7 декабрь кунги нутқида айтилишича¸ “сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм (тақрибан 200 миллион АҚШ доллари-таҳр.) зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган”.

Айни пайтда¸ ҳозирча жамоатчиликка давлат ва халқнинг 200 миллион долларини ўғирлаганларнинг кимлиги¸ улар орасида бирор катта амалдор¸ хусусан¸ Шавкат Мирзиëевнинг бевосита ўзи ваколат берганлар бор-йўқлиги расман маълум қилинган эмас.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG