Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2019, Тошкент вақти: 05:54

Молия институти битирувчиларига ТВ учун диплом топширилди. Камералар ўчиши билан қайтариб олинди


Тошкент молия институтида диплом топшириш маросими(сурат институт сайтидан олинди)

Тошкент Молия институтида 10 июль куни ўтказилган диплом топшириш маросимини телевидение тасвирга олиб бўлганидан сўнг, битирувчиларга берилган дипломлар яна қайтариб олинган.

Бу ҳақда Озодликка маълумот юборган бакалаврларнинг айтишича, маросимдан сўнг бир хонага чақиртирилган битирувчиларга дипломнинг бир ойдан сўнг берилиши айтилган.

Институт раҳбарияти дипломларнинг баъзилари қайтариб олинганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини дипломларга муҳр босилмагани билан изоҳлади.

Тошкент Молия институтининг 10 июль куни ўтказилган “Битирувчи – 2019” тадбирида ўқишни муваффақиятли тамомлаган бакалавр ва магистрларга диплом топширилди.

Исми очиқланмаслигини сўраган битирувчилардан бирининг Озодликка айтишича, маҳаллий телеканал суратга олган тантанали маросимда институт ректори барчага диплом топширган.

“Кеча курс сардори телефон қилиб, дипломлар тайёр бўлибди, келинглар¸ деганидан кейин бордик. Зўр тантана бўлди. Ректоримиз Улуғбек Азизов шахсан ўзлари ҳаммамизни табриклаб¸ дипломларни топширди. Телевидение роса тасвирга туширди. Ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Телевидение кетганидан сўнг ҳаммамизни бир хонага йиғилишимизни сўрашди. Яна бирор гаплари бўлса керак, деб кирдик. Ректоримиз бу маросим ТВ учун эди, дипломлар ҳали тайёр эмас, бир ой ичида тайёр бўлади, қайтариб топширинглар, деди. Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, дипломларни топшириб кетдик”¸ дейди Озодликка битирувчилардан бири.

Озодлик гаплашган битирувчилардан яна бири¸ диплом ишини ҳимоя қилган кундан буён орадан қарийб бир ой вақт ўтгани ва шунча вақт ичида ҳужжатнинг нега тайëр бўлмаганини тушунмаëтганини айтади.

“Мисол учун бизнинг факультетда диплом ҳимояси 15 июнь куни бўлган эди. Наҳот шу пайтгача дипломлар тайёр бўлмаган бўлса! Биз иш топишимиз ва меҳнат фаолиятимизни бошлашимиз керак. Дипломсиз эса сизга қарашмайди ҳам. Ақаллан, копиясини ҳам беришмаяпти. Вилоятларда яшайдиганлар эса уйларига кетолмаяпти".

Молия институтини 2019 йили битирган гуруҳлардан бирининг курс сардори дипломларнинг қайтариб олиб қўйилганини, айрим битирувчиларнинг “обходной” қоғозларини (кутубхона, ётоқхонадан қарзи йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат – таҳр.) тўлдириб¸ топширмагани билан изоҳлади.

“Талабаларнинг ўзининг камчилиги бу. Кўпчилиги обходной листни тўлдирмаган. Қаерда қарзи бўлса ўшани ёпиб, қўл қўйдириб келиши керак. Шуни қилиб келишса¸ дипломларини беришади”.

Озодликка мурожаат қилган битирувчилардан бири бу иддаони рад қилди ва “обходной лист”ни тўлдириб топширган бўлса-да, дипломи олиб қўйилганини айтди.

“Мен вилоятдан келиб ўқийман. Тезроқ кетай деб обходнойни аллақачон тўлдириб топширганман. Маросимдан кейин бизга дипломларингда камчилик бор экан, бу ҳақда ҳали ректорнинг буйруғи чиқмаган экан, деб айтишди”

Ўзини Тошкент Молия институти ректори ёрдамчиси деб таништирган мулозим, дипломларнинг қайтариб олинганини баъзи дипломларда муҳр етишмаслиги билан изоҳлади.

“1200 та диплом ёзилади. Кеча тақдирлаш маросими бўлди. Лекин ҳаммаси қайтариб олингани йўқ. Муҳр босилмаганлари қайтариб олиниб, муҳр босилиб, қайтариб берилаяпти”¸ деди институт раҳбарияти вакили.

Айни пайтда ректор ёрдамчиси тақдирлаш маросимининг телевидение учун шоу сифатида ўтказилганини инкор қилди.

Олийгоҳ расмий сайтига кўра¸ жорий ўқув йилида Тошкент Молия институтининг 12 та бакалавр босқичи йўналишини 894 нафар, 13 та магистратура мутахассислигини эса 205 нафар талаба тамомлаган.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG