Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 01:26

Уйғурлар Хитойга қарши халқаро чоралар кўрилмаётганидан норози


Туркиядаги уйғурларнинг норозилик намойиши.

Пекин ғарбий Шинжон вилоятидаги қамоқхоналарда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон озчиликларга қарши шафқатсиз репрессия бошлаганига тўрт йил ўтса ҳамки, бунга халқаро ташкилотлар етарлича эътибор бермаётгани уйғур диаспорасининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Хитой ҳукумати мажбурий меҳнат, оммавий ҳибсга олишлар, туғилишни назорат қилиш, уйғурларнинг маданий ва диний ўзлигини йўқ қилиш ва болаларни қамоқдаги ота-оналардан ажратишда айблаб келинади.

Бу ҳаракатларни халқаро ҳуқуқ жамоатчилиги ва бир қанча Ғарб ҳукуматлари геноцид дея тан олган ва бунинг натижаси ўлароқ Шинжондаги бир қанча хитойлик юқори амалдорларга нисбатан санкциялар ҳам қўлланган.

11-14 ноябр кунлари Прагада бўлиб ўтган йиғилишда уйғур жамияти аъзолари ва тадқиқотчилар бундай ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларни тасдиқловчи далиллар ортиб бораётганига қарамай, етарлича халқаро сиёсий ёки ҳуқуқий чоралар кўрилмаётганини айтишди ва Хитойга нисбатан глобал босимни кучайтиришга чақиришди.

“Ваҳшийлик кўламини ҳисобга олганда, халқаро жамоатчиликнинг бу каби заиф муносабати шармандали ҳолат” деди Озодлик билан суҳбатда Хитойнинг этник сиёсати бўйича эксперт Aдриан Зенз.

“Мисли кўрилмаган” далиллар

Aдриан Зензнинг текширувлари Пекиннинг Шинжонда қамоқ лагерлари ва юқори технологияли кузатув тармоқларини қуриш учун миллиардлаб доллар сарфлаганинини ўртага чиқарган. Шунингдек, уларни бошқариш учун кўп сонли полиция зобитлари ва амалдорлар жалб қилинган. Зензнинг яна бошқа суриштирувлари уйғур аёллари туғишини кескин камайтириш мақсадида уларни мажбурий бичиб қўйиш ҳолатларини ҳам ойдинлаштирди. Бу эса халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Хитой ҳукуматини геноцидда айблашлари учун туртки бўлди.

Хитой расмийлари эса геноцид ва инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳақидаги айбловларни асоссиз деб атаб, лагерларни хитой тилини ўргатиш, касбий тайёргарлик кўриш ва радикализмга қарши курашда ёрдам берадиган касб-ҳунар ўргатиш марказлари сифатида таърифлаб келади.

Aммо тадқиқотчиларнинг айтишича, Пекиннинг Шинжонга нисбатан сиёсатининг тўлиқ кўламини кўрсатувчи энг ишончли далиллар бевосита Хитой ҳукуматининг ўзи билан боғлиқ. 2019 йилда “Тhе Nеw York Тimes” Хитой ҳукуматининг 400 дан ортиқ ички ҳужжатларни ошкор қилди, уларда Шинжондаги мусулмон озчиликларни репрессия қилиш бўйича сиёсат батафсил кўрсатилган.

“Бизда ҳеч қачон бундай даражадаги ҳужжатлар бўлмаган. Бу мисли кўрилмаган воқеа. Янги маълумотлар пайдо бўлиши билан биз кўпроқ маълумот олишда давом этяпмиз. Aслида, билганларимизнинг аксарияти Хитой ҳукуматининг ҳужжатларидан олинган”, деди Ноттингем университетининг катта илмий ходими, Шинжон бўйича эксперт Риан Тум.

Хитой Туркия ва Марказий Осиё билан яқин тил, этник ва маданий алоқага эга, 13 миллионлик мусулмон уйғурларни интеграция қилиш учун курашиб келади. Шинжондаги сиёсат ўнлаб йиллар давомида бир олдинга , бир ортга силжиб келган. Бироқ ушбу жараён амалдаги ҳукумат даврида – 2017 йилда қатағонлар ва лагер тизимини амалга ошириш билан якунланди.

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:26 0:00

Вашингтонда жойлашган Ўрта Осиё масалалари бўйича Оксус Жамияти ва Уйғур Инсон Ҳуқуқлари лойиҳаси томонидан эълон қилинган бир қатор ҳисоботларда Пекин Марказий ва Жанубий Осиёдаги Қозоғистон, Покистон ва Тожикистон каби ҳукуматлар билан минтақадаги уйғурларни Хитойга экстрадиция қилиш бўйича ҳамкорлик қилгани ҳам кўрсатилган.

Тожикистон уйғур гуруҳлари тожик ҳукумати уйғурларни Хитойга депортация қилиш ва уларни маълумот беришга мажбурлаш мақсадида Хитой расмийларига ўз ҳудудида ишлашига рухсат бергани ҳақида Халқаро жиноят судига мурожаат қилган.

Янги далиллар кўрсатишича, бу саъй-ҳаракатлар туфайли Тожикистонда уйғурлар сони 85 фоизга, Қирғизистонда эса 87 фоизга камайган.

15 ноябр куни AҚШ президенти Жо Байденнинг Си Цзиньпин билан виртуал саммити ортидан Шинжон масаласи бўйича Хитойга қарши таъсирли халқаро чора кўришга чақириқлар кучайиши мумкин. Бу Байден даврида биринчи марта икки етакчи ўртасидаги юзма-юз расмий мулоқот бўлди.

Ҳозиргача AҚШ ҳукумати, Буюк Британия, Бельгия, Нидерландия ва Канада парламентлари Пекиннинг уйғурларга нисбатан сиёсати геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар эканлигини эълон қилди. AҚШ Шинжон ва минтақадаги мажбурий меҳнатга алоқадор компаниялардан пахта ва помидор импортини тўхтатди. Европа Иттифоқи ва Буюк Британия, ушбу лагерларни ташкил этишда иштирок этган қуйи мартабали хитойлик амалдорларга ҳам санкциялар киритган.

2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиада ўйинларини бойкот қилишга чақириқлар ҳам кўпайди. “Human Rights Wаtch” ташкилоти олимпиаданинг асосий ҳомийлари ва Халқаро Олимпия Қўмитасини мезбон мамлакатга инсон ҳуқуқлари бузилиши юзасидан босим ўтказишга чақирди.

Иқтисодий санкциялар Пекинни ёки Шинжондаги мажбурий меҳнатга алоқадор Хитой компанияларини ўз йўлларини ўзгартиришга мажбур қиладими, бу ҳам номаълум қолмоқда.

Хитой ҳам ўз ўрнида иқтисодий босимга жавоб қайтариб, Ғарбдаги бир қанча шахсларга ва муассасаларга санкциялар киритди. Шунингдек, Шинжондаги мажбурий меҳнатдан хавотир билдирган “Nikе” ва H&М каби етакчи брендларни бойкот қилишга чақирди.

Октябрь ойида 40 дан ортиқ Ғарб давлатлари БМТда Хитойни танқид қилган бўлса-да, 62 давлат Пекинни қўллаб-қувватлаган.

Куба бу масала Хитойнинг ички иши дея баёнот берган, Хитой сармоясидан фойда кўраётган ва Пекин ёрдамига муҳтож давлатлар ҳам уни қўллаб-қувватлаган.

XS
SM
MD
LG