Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:16

Дўконлари товарлари билан бузиб ташланган шўрчилик тадбиркорларга товон тўланмади (ВИДЕО)


Шўрчи тумани бозорида тадбиркорларнинг ярим кечаси бузиб ташланган дўконлари
Шўрчи тумани бозорида тадбиркорларнинг ярим кечаси бузиб ташланган дўконлари

Сурхондарё вилоят, Шўрчи туман деҳқон бозоридаги 70 нафардан ортиқ тадбиркорнинг дўконлари 10 июнга ўтар кечаси қуролланган маскали милиция ходимлари ҳимоясида булдозер билан бузиб ташланди. Бузилган дўконларнинг баъзиларида, эгаларининг айтишича, товарлар ҳам бўлган.

Тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, уларга дўконларнинг бузилиши ҳақидаги огоҳлантирув расмий хати орадан бир ой ўтгандан сўнг почта орқали келган. Бузилган дўконлар учун товон пули ёки бошқа жойдан дўкон қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги тадбиркорларнинг шикоятларига ҳеч ким қулоқ солмаяпти.

Тадбиркор Машал Паянова билан мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова суҳбати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:46 0:00

Шўрчи деҳқон бозори ҳудудида тадбиркорлик қиладиган Машал Паянованинг Озодликка айтишича, 9 июнь куни ярим тунда уларнинг дўконлари ҳеч бир огоҳлантиришсиз бузиб ташланган:

- 9 июнь куни кечаси соат ўн иккиларда жияним телефон қилди. Хола, бозорга келинг, бозорни қора маскали мелисалар ўраб олди, деди. Ҳаллослаб югуриб борсам, худди урушдагидек, булдозер бир чеккадан дўконларни янчиб кетяпти. Хабар топган тадбиркорлар етиб келиб, дод деяпти. Лекин маскаликлар уларни яқинлаштирмаяпти. Шундай қилиб бутун бир бозорни бир кечада бузиб ташлади. Компенсация пули ҳам, бошқа ердан дўкон қуриш учун жой ҳам бермади, дейди Машал Паянова.

Шўрчи тумани бозорида тадбиркорларнинг ярим кечаси бузиб ташланган дўконлари
Шўрчи тумани бозорида тадбиркорларнинг ярим кечаси бузиб ташланган дўконлари

Бу ҳолат юзасидан мустақил суриштирув олиб борган журналист Малоҳат Эшонқулова жабрдийда тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларни видеотасвирга туширган.

Тадбиркор Анорхол Ҳамзаева билан мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова суҳбати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00

59 яшар тадбиркор Анорхол Ҳамзаеванинг видеотасвирда айтишича, дўконларини ўзлари бузиб олишларига ҳам рухсат берилмаган:

“Бизни ҳам кимдир телефон қилиб чақирди. Борсак бузишни бошлаб юборишган экан. Илтимос қилдик, зорландик, “икки соатга рухсат беринг, ўзимиз синдирмай бузиб олайлик”, десак ,қўйишмади. Иккита дўконимизни ичида майда-чуйда товарларимиз ҳам бор эди. Ҳеч ким бизни бузамиз деб огоҳлантирган йўқ”, дейди тадбиркор.

Анорхол Ҳамзаева камида 130 миллион сўмлик зарар кўрганини айтади.

Мсутақил журналист Малоҳат Эшонқулова жабрланган тадбиркордан интервью оляпти
Мсутақил журналист Малоҳат Эшонқулова жабрланган тадбиркордан интервью оляпти

Бозорда савдо қилган 57 яшар тадбиркор Маҳмуда Шарофиддинованинг айтишича, унинг дўкони ҳам ичидаги товарлари билан бузиб ташланган:

- Жудаям оғир аҳволга тушиб қолдик. Энди хўжайиним Қозоғистонга ишга кетаман деяпти. Банкрот бўлиб, тамом бўлдик. Тўрт йил олдин Россияга ишлагани кетган ўғлимни ҳам ўлигини олиб келишган эди. Иккита қизим, невараларни ҳам шу бозордан тирикчилик қилиб боқиб турар эдик. Энди ҳаммаси тамом бўлди. Дўконимнинг ичида қанча нарсалар қолиб кетди, эрталаб борсак ҳаммаси тупроққа қоришиб ётибди,- деди Маҳмуда Шарофиддинова.

Тадбиркор Зулхумор Ашурова билан мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова суҳбати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00

9 июнь куни ярим кечаси тадбиркорларнинг 70 дан ортиқ дўкони бузиб ташланган.

Тадбиркорларнинг айтишларича, Шўрчи тумани ҳокимлиги уларга товон пули ва бошқа жойдан дўкон қуриш учун ер беришдан бош тортмоқда.

Тадбиркорлар туман ҳокимининг зўравонлиги ҳақида вилоят ҳокимига, Ўзбекистон Бош прокуратурасига ва Президент халқ қабулхонасига бир неча марта мурожаат қилган.

Тадбиркорларнинг президент Халқ қабулхонасига ёзган мурожаати
Тадбиркорларнинг президент Халқ қабулхонасига ёзган мурожаати

Лекин, тадбиркорларнинг иддао қилишича, ҳокимият товон пули тўлаш ва ер бериш ўрнига, улар милиция бўлимига чақиртирилиб, ҳеч қаерга мурожаат қилмаслик, акс ҳолда ўзларига “ёмон бўлиши” ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Бу ҳолат юзасидан суриштирув олиб борган Малоҳат Эшонқулованинг сўзларига кўра, уларни ҳам туман ички ишлар бўлими терговчилари доим таъқиб қилган ва зўрлик кўрсатиб, видеоёзувларнинг бир қисмини олиб қўйган.

Бузилишларга бош-қош бўлган Шўрчи тумани ҳокими ўринбосари Маҳмуд Зойиров билан Озодлик боғланиб, бу воқеаларга муносабат олмоқчи бўлди.

Лекин, Маҳмуд Зойиров қўнғироқ Озодликдан бўлаётганини эшитганидан сўнг алоқани узиб қўйди.

Шўрчи тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Даврон Кенжаев эса телефон орқали Озодликка маълумот бермаслигини айтди.

"Ҳамма бозорда хўроз бир хил қичқиряпти"

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни имзолаган қарорига кўра, 2019 йилгача Ўзбекистондаги бир қатор бозорлар қайта қурилади.

Бузилаётган бозорлардаги тадбиркорларга дўконлари учун компенсация пули тўланмаётгани ва уларга янги иш ўринлари яратилмаётгани борасида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Инчунин, апрель ойининг охирида бузилган Бухоро шаҳридаги "Дилкушо" бозори тадбиркорлари ҳам товон пулисиз ва жойсиз қолган эди.

14 апрелда Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туман ҳокими Тўйтепа шаҳри марказидаги автомобиль эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат ва халқ хўжалиги моллари билан савдо қиладиган тадбиркорларга дўконларини зудликда бузиб, олиб кетишни буюрилган, қиймати бир неча юз миллион сўмлик дўконлар учун эса товон пули берилмаган эди.

XS
SM
MD
LG