Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:27

Ўзбек-туркман чегараси орадан тўрт йил ўтиб очилди


Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасидаги Фароб чегара маскани.
Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасидаги Фароб чегара маскани.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига сафаридан икки кун олдин ўзбек-туркман чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтиши қайта тикланди. Икки мамлакат ватандошларининг қисқа муддатга визасиз бориб келиш тартиби бундан тўрт йил муқаддам, Ўзбекистон мустақиллиги байрами арафасида ёпилган эди.

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги чегара пунктида одамларнинг визасиз Туркманистонга ўтаётганини кўрган хоразмлик Мустафонинг Озодликка ёзишича, чегара 25 январь куни очилган:

“Кечадан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси ва божхонаси ватандошларнинг ўтиши учун қайтадан очилди. Ҳозир олдингидай ойига бир марта 3 кунга бориб келиш мумкин. Бу президентимиз ташаббуси билан амалга оширилди, деб ўйлаймиз”, деб ёзди Мустафо.

Шовот тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам икки давлат ватандошларининг бир-бирлариникига эркин бориб келиши қайта тикланганини тасдиқлади:

“Бу халқ учун яхши бўлди. Чунки кўпчиликнинг чегарани икки томонида қариндош-уруғи бор, келин олган, келин берган. Яхши қўшничилик тикланаётганидан халқ хурсанд бўляпти”, деди ҳокимлик мулозими.

Туркманистонга чегарадош Шовот туманида истиқомат қиладиган ватандошлардан бирининг айтишича, чегарадан ўтиш учун тўланадиган 8 доллар ҳам бугун оддий халқ учун бироз оғирлик қилади:

“Мен Туркманистонга бундан тўрт йил олдин бориб келгандим. Кейин чегара тамоман ёпилган эди. Ҳозир ҳам кўпчилик чегара очилганини эшитгани йўқ. Лекин мана шу 8 долларлик тўлови халққа сал оғирлик қилади. Бу ўзбек сўмига қарийб 56 минг сўм бўлади, энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми. Лекин одамлар, ўз яқинлари билан дийдорлашиш учун пластикдаги пулларини устама фоиз эвазига ҳам ечтириб, боришга тайёрланишяпти”, деди шовотлик ватандош.

Хоразмлик 70 яшар Йўлдош бобо ҳам қариндошларининг ярми Туркманистонда эканлигини айтади:

“Жўраларимиз бор эди, қариндошларимиз бор эди, тўрт йилдан буён кўрмадик. Энди чегара очилди деб эшитдим. Қувониб ўтирибмиз. Эрта-индин йўлга тушамиз, Худо хоҳласа”, деди Йўлдош бобо.

Чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбек ва туркман фуқаролари 2004 йилда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, визасиз қўшни давлат ҳудудига уч кунга бориб-келиш ҳуқуқига эга эдилар.

Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида, 2013 йилнинг ёзида ëпилган ўзбек-туркман чегараси тўрт йил давомида очилмади.

Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган туркман фуқаролари ёки Туркманистонга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар ўз мамлакатлари пойтахтларида жойлашган элчихоналарга мурожаат қилиб виза олишга мажбур бўлишган.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси атрофида яшовчи минглаб аҳолини қариндош-уруғчилик ришталари боғлаб туради:

- Хоразмдан кимнидир қизи Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига келин бўлиб тушган. Туркманистонда Совет давридан буён оила қуриб яшаётган ўзбеклар бор. Уларнинг қариндошлари бу ерда. Чегарадаги тўсиқ сабаб ўзининг отасини, онасининг мозорини зиёрат этолмаётганлар сон-мингта эди, дейди Ёқубов.

Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида этник ўзбекларнинг авлодлари яшаб келади.

Айни пайтда бу мамлакатда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга.
Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1650 километрни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG