Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2018, Тошкент вақти: 01:00

Ҳамширалар Сергелида қурилган уйларни тозалаш ишларида текинга ишлатилмоқда


Сергелидаги "арзон уй-жойлар" қурилишида пойтахтдаги поликлиника, боғча-мактаблар ходимларидан текин ишчи кучи сифатида фойдаланилмоқда. Ҳамшираларга кўра, уларни ишдан ҳайдаш ёки ойлик маошидан ушлаб қолиш каби таҳдидлар билан янги уйларни тозалаш ишларига мажбурлашмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийсининг Озодликка айтишича, тозалаш ишларига "барча ташкилотлар ўз хоҳиши билан ҳашарчи жўнатмоқда".

Мажбурий ҳашар

Сергелидаги арзон уй-жойлар қурилишида Тошкентдаги поликлиникалар, болалар боғчалари ва мактабларнинг ходимлари ҳашарчи сифатида ишлаяпти. Хусусан, 17 январь куни Юнусобод туманидаги 53- поликлиникадан 6 киши, 54- поликлиникадан эса, 3 киши Сергелидаги янги уйларни тозалашга жалб қилинди.

Озодлик суҳбатлашган ҳамширалардан бирига кўра, у бир ҳафтадан буён қурилаётган янги уйларни тозалаш ишларига қатнаяпти:

“Бизнинг поликлиникадан ҳар куни 10 кишини Сергелига жўнатишаяпти. Эрталаб соат 8 да ишхонага келамиз. Кейин скорий машиналарда бизни Сергелига олиб бориб қўйишади. Кечқурин соат 5-6 гача ишлаймиз. Янги уйлардаги квартиралар ичини супуриб-сидираяпмиз. Ойналарини юваяпмиз. Туалет-ванналарини тозалаяпмиз. Бизга биров сўраса, “ҳашарчимиз” деб айтасан дейишди”, деди исмини очиқламаётганимиз ҳамшира.

Яна бир ҳамшира қизнинг Озодликка айтишича, “ҳашар”га боришни истамаганларга таҳдид ҳам қилинмоқда:

“Бир ҳамкасбим “бора олмайман, соғлигим кўтармайди” деганди, унга бақириб беришди. “Ишдан ҳайдаласан бўлмаса” дейишди. Қўшни поликлиникада ишлайдиган дугонамнинг айтишича, уларга “бормаганларнинг ойлигидан ушлаб қоламиз” дейишибди. Шунга ҳаммамиз қўрққанимиздан боришга мажбур бўлаяпмиз. 30 декабрь куни бошланди бу “ҳашар”. Ҳатто 31 декабрь – байрам куни ҳам ҳашарга олиб кетишди. Бошқа туманларни олдинги ойлари олиб боришган. Ҳар бир туманни навбати билан олиб боришар экан”, деди Юнусободдаги поликлиникалардан бирининг ҳамшираси.

Аксар боғча ва мактаблар эса асосан, шанба-якшанба кунлари ушбу “ҳашар”га бораяпти.

“Бизнинг боғчадан ҳар шанба-якшанба кунига биттадан одам Сергелига тозалагани бораяпти. Ҳамма ўз ҳисобидан йўлкира тўлаб боради. Бу ҳам етмагандай “иш қуролларимиз” ҳам ўз ҳисобимиздан. Яъни пол ювиш учун латта, ойна артиш учун латта, яна челак ва уй ичи ҳамда уй ташқарисини супуриш учун алоҳида супургилар олиб боришимиз керак. Бу ҳаражатлар учун болаларимиз ризқидан қирқиб, сарфлаяпмиз”, деди Чилонзор туманидаги боғчалардан бирининг ходимаси.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийси Сергелидаги арзон уйлар қурилишига ишчи-ходимлар мажбурланаётганини инкор қилиб, барча ташкилотлар ўз хоҳиши билан ҳашарчи жўнатаётганини таъкидлади.

Арзон уйлар лойиҳаси

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели тумани, Спутник даҳасида жойлашган барак уйларда яшовчилар билан 2016 йилнинг 25 сентябрь куни ўтказган учрашувидан сўнг бу уйлар ўрнига кўп қаватли турар-жой бинолари қуришга ваъда берган эди.

Мирзиëевнинг 2016 йилнинг 22 ноябрь куни махсус қарорига кўра, 2017-2020 йил ичида Сергелида кам таъминланган оилалар учун 500 та кўп қаватли уй қурилиши режаланган.

Ўзбек нашрларига кўра¸ бу лойиҳани молиялаштиришга хориж банклари¸ хусусан¸ Туркиянинг “Зираат” банкидан олинган 200 миллион долларлик кредит сарфланади.

Жорий йилда 66 та уй қуриб битказилгани хабар қилинди. Рresident.uz сайти Сергелида “13 гектар майдонда 66 кўп қаватли уй-жой қад ростлагани ва 1, 2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилгани” ҳақида 17 ноябрь куни хабар қилди.

Бироқ кейинчалик Бош прокуратура янги қурилган арзон уй-жойларни сотишда қонунбузарлик ҳолатлари содир этилгани аниқланганини маълум қилди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG