Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Tashkent City қуриладиган ҳудуддан кўчмаганларнинг уйи муҳрланмоқда


Ўтган ҳафта Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги Tashkent City бизнес маркази қурилиши боис бузилиши режаланган Ўқчи-Олмазор массивидаги уйлардан кўчишни истамаган аҳоли уйларини муҳрлашни бошлади. Айрим оилалар ҳокимлик таклиф қилган уйдан қониқмагани боис кўчишни истамаяпти.

Ўқчи маҳалласида яшовчи Абдулазиз Одиловнинг Озодликка, ўтган ҳафта участка нозири томонидан уйи муҳрлаб кетилганини айтади:

- Участкавой томонидан муҳрланган. Кечқурун ишдан келсам, муҳрлаб қўйилган, эшикда печать турибди. Энди қаерга бораман? Муҳрни бузиб уйга кириб, кейин телефон қилиб, “Уйимни печать қилибсизлар” десам, “Бу сани қанақа уйинг”, деб мени нималар деб аташмади. Пока президентимиз эшитмагунича, булар мени кўчага чиқариб ташлаяпти. Эртага маҳаллам бузилиб кетса, кўчада қолиб кетсамчи?, дейди Абдулазиз Одилов.

Одиловнинг айтишича, бузилиши лозим бўлган уйи ўрнига берилган квартира бир пайтнинг ўзида бошқа одамга ҳам берилгани боис¸ кўчиб чиқа олмаяпти. Одиловга кўра, бу муаммога эътибор бермаëтган ҳокимлик расмийлари ундан чиқиб кетишни талаб қилишда давом этмоқда.

Ўқчи кўчасида гази узиб қўйилган одамлар ўчоқда овқат пишираяпти
Ўқчи кўчасида гази узиб қўйилган одамлар ўчоқда овқат пишираяпти

Шу маҳаллада яшовчи Саъдулла Шариповга кўра, кўчишни истамаётганларнинг уйларини табиий газдан ҳам узиб қўйишмоқда:

- Атрофимиз ҳаммаси бузиб ташланган. Битта менинг уйим турибди ўртада. Тахминан ўн кунча олдин ишга кетган вақтим газни узиб кетишди. Қизларим уйда эди, улар узиб кетишганини билишмапти ҳам, дейди Саъдулла Шарипов.

Шарипов¸ ота ҳовлисида доимий пропискада қолиб¸ шу уйда яшаётган икки қизи учун алоҳида квартира берилиши талаби билан уйидан чиқиб кетишга рози бўлмаяпти.

Ўқчи маҳалласидан кўчишни истамаётганлардан яна бири- Муҳаббат Толипова ҳокимлик таклиф қилган уйдан қониқмаяпти. Толиповага кўра, маҳалла фаоллари бу оилани кўчириш учун кучли босим қилаяпти:

- 40 йилдан бери шу хонадонда яшайман. Тошкент сити тушаётгани учун уйимиз бузилиши керак. Сергели-7дан уй таклиф қилишди. 9-этаж. Бизлар отказ қилдик. Чунки хўжайиним гипертоник, сахар. Иккаламиз ҳам қаримиз. Яқинда 7-этаждан таклиф қилишди. Бориб кўрдик. Жуда эски уй. Уни эпақага келтиришга менинг ҳолим йўқ. Кеча маҳалла раисимиз “Хоҳламаса, пропискадан ўчириб ташлайман, булар уйсиз қолади” деган гап қилди, дейди Муҳаббат Толипова.

Шайхонтоҳур туман ҳокимлигининг ўзини Абдуваҳоб деб таништирган ходими кўчишни истамаётганларнинг уйлари муҳрланиб, газ ва электри узиб қўйилаётганини тасдиқлади.

- Энди бузилиш кетаётган ҳудудда кесиб қўйилади-да, деди ҳокимлик ходими.

Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги ўтказган хатлов бўйича Ўқчи-Олмазор массивида жами 521та турар жой жойлашган бўлиб, уларда 2165 та оила доимий рўйхатдан ўтган.

Бироқ ҳокимлик ходимлари доимий рўйхатда турганлардан 1027 та оилани узоқ вақт мобайнида ушбу маҳаллаларда яшамаганини аниқлаган ва уларга квартира эмас, фақат компенсация беришга қарор қилган.

Шайхонтоҳур туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, доимий рўйхатда турган 1138 та оила учун эса Яшнобод туманида 21 та кўп қаватли турар жой қурилиши кетаяпти:

- Яшнаобод туманида қурилаётган кўп қаватли уйларни кўчириш учун ариза қабул қилинаяпти. Бу уйлар олти ой ичида битирилади. Унгача компенсация берилаяпти, ижарада туриш учун нақд пул қўлига берилаяпти. Ойига бир миллион тўрт юз минг сўмдан бўлса керак. Ҳокимият қилган ишларни қораламанглар, деди ҳокимлик вакили.

Tashkent City қурилиши боис аҳоли дуч келаётган муаммоларни ҳатто Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам кўтариб чиқди.

18 октябрь куни The Guardian нашри ҳам инглиз¸ ҳам ўзбек тилида чоп этилган "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланган мақола Tashkent City лойиҳасининг оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.

Tashkent City лойиҳасининг сурати.
Tashkent City лойиҳасининг сурати.

Ишбилармонлик маркази сифатида бунёд этиладиган Tashkent City комплекснинг умумий майдони 70 гектарни ташкил этади. Бу бинода офислар, меҳмонхона ва ресторанлар, хиёбон ва технопарклар иш олиб боради.

Тошкентнинг Ўқчи-Олмазор массивида бунёд этилиши режалаштирилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард долларни ташкил қилади.

Озодликнинг Тошкент ҳукуматига яқин манбасига кўра¸ Tashkent City лойиҳаси Қозоғистондаги расмий миллиардерлардан бири Фаттоҳ Шодиевга қарашли.

XS
SM
MD
LG