Линклар

Ўзбекистон жазони ижро этиш муассасаларига бориб, афв этилиши мумкин бўлган маҳкумлар рўйхатини тузган Бош прокуратуранинг ишчи гуруҳига ушбу рўйхатга "диний экстремистик ташкилотлар таркибида жиноят содир этган маҳкумлар"ни киритмаслик топшириғи берилган.

Бош прокуратуранинг бу топшириғи Озодликка айни ташкилотдаги манба юборган ҳужжатда алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистонда одатда 8 декабрда нишонланадиган "Конституция куни" муносабати билан афв эълон қилинади.

Афв этиладиган ва этилмайдиганлар

Прокуратура топшириғи
Прокуратура топшириғи

​Ишчи гуруҳига алоқадор Бош прокуратура ходимининг маълум қилишича, “ўта хавфли рецидивистлар, қасддан одам ўлдирганлар, фирибгарлик жиноятини содир этиб зарарни қопламаганлар, наркотик моддалар савдосида айбдор деб топилганлар, жосуслар ва давлат сирларини ошкор этган маҳкумлар” ҳам афв этилиши мумкин бўлганлар рўйхатига киритилмайди.

Исми сир қолишини истаган прокуратура ходимига кўра, прокуратуранинг тажрибали ва етакчи мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳи 12 ноябрга қадар Ўзбекистондаги аксар қамоқхоналарга бориб, афв этилиши мумкин бўлган маҳкумлар рўйхатини Бош прокуратурада ташкил этилган махсус штабга тақдим этган.

"Бу рўйхат энди Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссияга юборилиши керак," деди у.

Озодлик манбаси тавсия шаклидаги рўйхат ҳозирда тузилиб чиққанини билдирди, аммо айнан қанча маҳкум афв этилиши мумкинлигини аниқ билмаслигини айтди.

Иши гуруҳига афв этилиши мумкин бўлганлар рўйхатини тузишда аёллар, жиноят содир этган пайтда балоғат ёшига етмаган маҳкумлар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари ва ногиронларга алоҳида эътибор қаратиш топшириғи берилган. Жазо муддати уч йилдан кам қолган маҳкумларни ҳам рўйхатга киритиш топширилган,” деди исми сир қолишини сўраган прокуратура ходими.

Озодликка юборилган ҳужжатдан маълум бўлишича, “афв этишга лойиқ деб топилган маҳкумлардан афв этиш туғрисида илтимоснома олиниб, белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ИИБ ЖИЭББга дарҳол юборилиши лозим.”

Шу билан бирга ўрганиш натижалари бўйича афв этишга нолойиқ деб топилган маҳкумларнинг жадвали алоҳида шакллантирилиб, унда рад этиш асослари аниқ кўрсатилиши лозим"лиги ҳужжатда алоҳида таъкидланган.

Мирзиёев фармойиши

Шу йилнинг октябрь ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумлар шахсини ва уларга оид материалларни жойларда ишчи гуруҳлар томонидан "синчковлик билан, жумладан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш йўли билан" ўрганилишини ташкил қилишга фармойиш берганди.

Фармойишда амалга оширилган ишлар натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссияга кўриб чиқиш учун тегишли таклифлар ва материалларни, шу жумладан маҳкумларни афв этиш ҳақидаги илтимосномаларни тақдим этиш таъкидланганди.

Президентнинг маҳкумларни афв этиш бўйича материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойишида илк маротаба бу соҳадаги камчиликлар эътироф этилганди:

"Шу билан бирга, аҳоли билан очиқ мулоқот натижалари шундан далолат бермоқдаки, суд амалиётида жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиб бўлиши, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи ва айбини енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиш етарлича тўлиқ таъминланмаяпти.

Амалга оширилган ишлар натижасида 274 та жиноят ишлари бўйича айблов қайта малакаланганлиги, жиноят ишларининг 50 таси қонун ўзгариши, 805 таси жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги, 26 таси қилмишда жиноят таркиби мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатилганлиги бу ҳақда гувоҳлик бермоқда".

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG