Линклар

Дўкони бузилган термизлик тадбиркор ҳам Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқди


Мамаражаб Файзуллаев.

1 май куни YouTube порталида термизлик тадбиркор Мамаражаб Файзуллаевнинг Ўзбекистон президентига видеомурожаати пайдо бўлди. Унда 74 ёшли тадбиркор тўрт йил аввал Термиз шаҳарининг Султон Саодат кўчасида жойлашган дўкони ва цехи ўз розилигисиз бузиб ташлангани, эвазига ваъда қилинган ер майдони ҳануз берилмаганидан шикоят қилди.

Озодлик билан 2 май кунги суҳбатда сурхонлик тадбиркор Мамаражаб Файзуллаев президент Мирзиёевнинг ўзига шикоят қилишга мажбур қилган сабабларга тўхталди:

- Тўрт йилдан буён на цех¸ на дўконимнинг ўзлари тақдим этиши керак бўлган ер қарорларини беришгани йўқ. 2013 йилда барча раҳбарият келиб¸ сизга шу ердан дўкон ва ишлаб чиқариш цехи қуриб берамиз, деб кўрсатилган ерни 2016 йилда бошқа кимсаларга бериб юборишган. Тўрт йил сарсон бўлиб, 29 мартда президент порталига ëздим¸ ҳеч нарса ўзгармади. Охири Мирзиёевга шундай видеомурожаат билан чиқишга мажбур бўлдим, - дейди Озодлик билан суҳбатда термизлик тадбиркор.

Тадбиркорга кўра¸ 2013 йилда Термиз шаҳрининг ўшандаги Акмал Икромов, ҳозирги Султон Саодат кўчасида биринчи қавати тижорий мақсадларда ижарага бериладиган, юқори қаватлари эса аҳоли учун ипотека асосида сотиладиган квартиралари бор уч қаватли замонавий бинолар қуриш бошланган.

Ушбу лойиҳа доирасида ҳудуддаги 100 га яқин хусусий уй ва дўкон бузиб ташланган.

Уйлари бузилганларга ҳокимият шаҳар чеккасидаги стадион орқасидан янги уй қуриб, кўчиб ўтиш учун ер ҳам ажратиб бериш, 36 миллион сўм миқдорида товон пули беришни ваъда қилган.

Аммо Мамаражаб Файзуллаев иддаосича, бузилган дўкон ва цехи учун ҳануз товон пули тўланмаган ва ер ҳам беришмаган:

- Бир неча бор ҳокимият раҳбариятларига мурожаат қилишимга қарамасдан, менга кўрсатилган ер майдонининг ҳужжатини пайсалга солиб юришибди, - дейди термизлик тадбиркор.

Озодлик тадбиркор Мамаражаб Файзуллаев шикояти юзасидан Термиз шаҳар ҳокимияти билан боғланди.

Ҳокимият мулозими Озодлик билан суҳбатда уйлари бузилганларнинг барчасига товон пули ва ер бериб бўлингани, айримлари ажратилган ерларда янги иморатлар қуриб¸ кўчиб ҳам ўтишганини айтди:

- Ерлар аллақачон бериб бўлинган. Лекин ҳужжати бўлмаган, кадастрда рўйхатга олинмаган дўконлар учун ер майдони ажратилмайди. Бу ҳақда уларга тушунтирилган, - деди ҳокимлик мулозими.

Мамаражаб Файзуллаев эса бузилган дўкони ва цехи ҳужжатлари соз бўлганини айтади:

- Бу менинг хусусий мулким эди. Ҳужжатларим қўлимда. Бундан ташқари улар 130 дан зиёд мевали дарахтмни ҳам яксон этишди. Мен ҳокимиятдан 12 сўтих еримнинг ўрнига шунча майдонда ер беришларини талаб қиламан, - дейди Мамаражаб Файзуллаев.

Мамаражаб Файзуллаев эса бузилган дўкони ва цехи ҳужжатлари соз бўлганини айтади.
Мамаражаб Файзуллаев эса бузилган дўкони ва цехи ҳужжатлари соз бўлганини айтади.

​Мамаражаб Файзуллаев Ўзбекистон раҳбарига видеомурожаат билан чиққан ягона тадбиркор эмас.

Шу йилнинг январь ойида давлат идорараси ходимлари бизнес қилиш учун имкон беришмаёгани ва таъмагирлик қилаётгани ҳақида президент Мирзиёевга видеомурожаат қилган қибрайлик тадбиркор Олим Сулаймонов фирибгарлик, туҳмат қилганлик ва уйдирма гапларни оммавий ахборот воситаларига тарқатишда айбланиб, уч йилдан кўпроқ муддатга қамоққа ҳукм этилди.

Термизлик Мамаражаб Файзуллаев Сулаймонов тақдиридан хабари борлиги¸ лекин ўз ҳаққи учун охиригача курашишини айтди:

- Мениng йўқотадиган нарсам йўқ. Ҳаққим учун оxиригача курашаман, - дейди Мирзиёевга арз қилган термизлик тадбиркор.

XS
SM
MD
LG