Линклар

Шошилинч хабар
12 октябр 2024, Тошкент вақти: 15:18

WSJ: Пригожиннинг ўлимини Патрушев уюштирган, Путин маъқуллаган


Евгений Пригожин ўтирган хусусий учоқ ҳалокати саҳнаси.
Евгений Пригожин ўтирган хусусий учоқ ҳалокати саҳнаси.

“Вагнер” ХҲШ асосчиси, тадбиркор Евгений Пригожиннинг ўлимини Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев уюштирган, деб ёзади АҚШнинг The Wall Street Journal газетаси Ғарб махсус хизматларидаги аноним манбаларга таянган ҳолда.

Нашрга кўра, Пригожин исёни чоғида Россия Қозоғистонга ҳарбий кўмак сўраб мурожаат қилган, бироқ Қасим-Жомарт Тоқаев рад жавоби берган.

Мақолада айтилишича, Патрушев 2022 йил ёздаёқ Пригожиннинг обрў-эътибори ортиб бораётгани хавфидан Путинни огоҳлантира бошлаган. Бироқ президент унга қулоқ солмаган, чунки Кремл “Вагнер” ХҲШ ёлланма аскарлари Украинага қарши муваффақиятли жанг қилишяпти, деган фикрда бўлган. WSJ билан суҳбатлашган собиқ россиялик разведкачи вазият 2022 йилнинг октябрида ўзгарганини айтган.

Украинага босқин: 548-кун | Кремль Пригожин учоғининг қулашига алоқадорлигини рад этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:06 0:00

Ўшанда Пригожин Путинга қўнғироқ қилиб, ўқ-дори етишмовчилиги туфайли катта талафотлар кўраётгани ҳақида дағал оҳангда шикоят қилган. Путиннинг кабинетида ўша пайтда Патрушев бўлган, дейди WSJ манбаси.

Шундан сўнг Путин Пригожиннинг “Вагнер” ХҲШ таъминотидан шикоятларига эътибор бермай қўйди, унинг айни масалада Россия Мудофаа вазирлиги билан бўлган очиқча зиддиятларига аралашмади, деб ёзади АҚШ нашри. 2023 йил июнда Пригожин исён кўтарди ва Патрушев бунда ХҲШ раҳбаридан бутунлай қутулиб, “бошқарувни ўз қўлига олиш” имкониятини кўрди, дея урғуланади мақолада.

WSJ Ғарб махсус хизматларидаги исми сир тутилган манбаларига ҳавола берган ҳолда, Россия ҳукумати “Вагнер” ХҲШ исёни чоғида Қозоғистоннинг ҳарбий дастагига умид қилгани ҳақида ёзмоқда: таъкидланишича, Кремл Остонадан исёнчилар ҳужумини ўз кучи билан тўхтата олмаган тақдирда мадад юборишни сўраган, бироқ президент Қасим-Жомарт Тоқаев рози бўлмаган.

Пировардида Беларуснинг авторитар лидери Александр Лукашенко Кремл билан Пригожин ўртасида воситачи сифатида ўртага чиқади. Лукашенко аралашуви билан “Вагнер” ХҲШ ёлланма жангчилари Беларус ҳудудига бориб жойлашишига келишилиб, президент исёнчиларни таъқиб қилмасликка ваъда бергач Патрушев Пригожинни йўқ этиш режасини ишлаб чиқишга киришади.

Нашр манбаларига кўра, кейинроқ режаларни Путинга кўрсатишган ва у эътироз билдирмаган. Шундай қилиб, 23 август куни Шереметьево аэропортида “Вагнер” ХҲШ асосчиси фойдаланадиган Embraer-135 хусусий учоғи парвозга тайёрланаётган вақтда унинг қаноти остига кичикроқ бомба ўрнатилган.

Ярим соатдан сўнг учоқ Твер вилоятида ҳалокатга учраган. Бортдаги 10 кишининг барчаси қурбон бўлган. Воқеа гувоҳлари бортда портлаш содир бўлганини айтишган эди.

Пригожин қўшинларини ортга қайтарди. Исён хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00

The Wall Street Journal Пригожин учоғи уни йўқ қилиш учун тузилган фитна оқибатида ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлиги ҳақида олдин ҳам ёзган эди. Вашингтонлик аноним мулозимлар фикрича, борт катта эҳтимол билан парвоз вақтида портлатилган ва диверсия бўлиши мумкин. Газета, шунингдек, учоқ бўлаклари тушган ҳудуд булдозер билан тозаланганини ва бу халқаро нормаларга зидлигини эслатиб ўтади.

Кремл Пригожин ҳалокатига алоқадорлигини инкор этиб келмоқда.

23 август куни Евгений Пригожиннинг Embraer учоғи ҳавода портлаб, Твер вилояти устида ҳалокатга учраган, “Вагнер” ХҲШ асосчиси ва унинг бир неча сафдоши ўлган эдилар. Пригожиннинг дафн маросими қарийб ёпиқ тартибда ўтказилди.

Ўлимидан икки ой олдин Пригожин ва унинг ёлланма аскарлари Россия Мудофаа вазирлиги раҳбариятига қарши қуролли исён кўтарган эди. Исён чоғида Россия армиясининг бир нечта вертолёти ва битта учоғи уриб туширилган. Бортлар экипажлари ҳалок бўлган.

Россия президенти Владимир Путин дастлаб ХҲШни давлатга хиёнатда айблади, ширкат раҳбарларига нисбатан қуролли исёнга доир жиноят ишлари очилди. Кейинроқ, Лукашенко воситачилигида бўлган музокаралардан сўнг ёлланма аскарларнинг Беларус ҳудудига бориб жойлашувига келишилди. Путин бунинг эвазига исёнчиларни таъқиб этмасликка сўз берди.

Яна бир қанча вақт ўтиб, Россия президенти Пригожин учоғи ҳалокати ҳақида гапирар экан, Тергов қўмитаси талқинича, борт ўқ-дори билан муомалада эҳтиётсизлик қилингани оқибатида ичкаридан портлаган бўлиши мумкинлигига шама қилди. Расман тергов ҳануз тугатилган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG