Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2020, Тошкент вақти: 19:22

Озодликка келган суратлар қуриб битирилган ер усти метроси хавфсизлигини савол остида қолдирди (ФОТОГАЛЕРЕЯ)


Ер усти метро йўналиши қурилишига мажбуран жалб этилган проводниклар.

“Ўзбекистон темир йўллари”(ЎТЙ) акциядорлик жамияти 3 февраль куни ўз расмий сайтида “Дўстлик-Қўйлиқ” йўналишидаги ер усти метросининг 6 та бекати қуриб битказилганини маълум қилди.

Расмий хабар билан айни куни Озодликка¸”қуриб битказилган участкада катастрофаларга олиб келадиган темир-бетон конструкциялардаги камчиликлар” тасвири деб тақдим этилган суратлар юборилди.

Суратларда¸ метро поездлари ҳаракатланиши учун қурилган кўприксимон йўлни ушлаб турган устунларга¸ ҳали ишга тушмай туриб дарз кетгани кўрилади.

Ер усти метро лойиҳаси муаллифи бўлган «Боштранслойиҳа» АЖ муҳандиси¸ қурилиш темир-бетон конструкцияларининг хавфли экани ҳақидаги хавотирларни рад қилди.

Суратлардаги манзара

Озодликка юборилган 10 та суратда¸ уларни юборган ЎТЙнинг шахси очиқланишини истамаган мулозимига кўра¸ қуриб битирилгани эълон қилинган “Дўстлик-Қўйлиқ” ер усти метро йўлини ушлаб турган темир-бетон конструкциялар акс этган.

Facebookда тарқаган маълумотларга кўра¸ суратлар муаллифи бухоролик муҳандис Рустам Неъматовдир.

"Ўз ватанини севгани боис¸ бундай камчиликларга кўз юма олмаслиги"ни таъкидлаган муаллиф¸ уларнинг 2019 йил августи ва 2020 йил январида олинганини айтган ва тегишли ҳукумат тизимларидан ер усти метроси қурилишидаги "жиддий хатолар"ни ҳал қилишни сўраган.

(Озодлик ҳозирча суратлар муаллифи билан боғлана олмади.)

ЎТЙ расмий хабарида Тошкент халқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасидаги “Дўстлик-2” ҳамда 2-бекатларида қурилиш ишларининг айнан 2019 йил август ойида тугатилгани ëзилган.

Расмий хабарга кўра¸ айнан август ойида оралиқ йўналишида 2303 метрлик янги рельслар ётқизилиб, дастлабки поездлар синов тариқасида ҳаракатланган.

- Озгина қурилишдан хабари бор одам айтиши мумкинки, нотўғри устун темир-бетон плиталар горизонтал эмас¸ қийшиқ ётқизилган¸ эртага метро ҳаракати бошлангандан кейин бу плиталарга бир хил эмас¸ ҳар жойига ҳар хил нагрузка тушади. Қолаверса¸ Тошкент сейсмик зонада жойлашган ва ер тез-тез қимирлаб туради. Ерга ўрнатилган темир-бетон устунларининг йиллар ўтиб табиий чўкиши устига¸ қийшиқ конструкция ва зилзилани қўшсангиз¸ бу конструкция¸ охир-оқибат¸ синади ва катастрофа юз беради деганидир¸ - деди ЎТЙ мулозимларидан бири.

Лойиҳачининг ўз ишидан кўнгли тўқ

3 февраль куни қуриб битказилгани расман эълон қилинган ер усти метро йўналишини «Боштранслойиҳа» АЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида «Кўприкқурилиш» трести корхона ва бўлинмалари қуриб битирди.

4 февраль куни Озодлик «Боштранслойиҳа» АЖ нинг айнан “Дўстлик-Қўйлиқ” ер усти метро йўли лойиҳасини ишлаб чиққан муҳандисларидан бири билан боғланиб¸ суратлар ва улардаги манзара туғдирган хавотирларга муносабат сўради.

Бу расмий Озодликка юборилган суратлардан хабари йўқлиги ва уларни кўрмаганини билдирди:

- Мутахассис сифатида айтишим мумкинки¸ метро лойиҳасини қилганда хавфли омилларнинг ҳаммаси ҳисобга олинди. Қурилиш проект қилинганда¸ унга тушадиган ҳамма нагрузкалар¸ сейсмологик факторларнинг ҳаммаси ҳисобга олинади. Қурилиш ана шу ҳисоб-китоб асосида қурилади. Албатта¸ қурилиш битгандан кейин майда-чуйда камчиликлар¸ отделкаларнинг кўчиши бўлиши мумкин. Неча мингта балкалар¸ опоралар қўйилганда¸ албатта¸ камчилик бўлади.Қурилиш давомида авторский надзор¸ технический надзор бўлади¸ бошқа контроллар бўлади. Камчилик топилган жойида тузатилади. Конструктивний хавфли¸ эртага ағанаб тушади¸ деган хавотирлар асоссиз. Ҳаммаси ишончли қурилган¸ - деди ер усти метро лойиҳаси муаллифи бўлган “Боштранслойиҳа” АЖ муҳандисларидан бири.

(Озодлик ўз ихтиëридаги суратларни аниқ изоҳ олиш мақсадида “Боштранслойиҳа” АЖсининг Telegram каналидаги рақамига юборди. Лойиҳа муаллифларидан изоҳ келиши билан¸ мақола тўлдирилади – таҳр.)

Суҳбатдош¸ “Дўстлик-Қўйлиқ” йўналишидаги олтита метро бекати¸ давлат комиссияси қурувчи ташкилот - "Кўприкқурилиш" трестидан қабул қилиб олганидан сўнг¸ Наврўзга ишга туширилишини қўшимча қилди.

Янги метро қурилишининг малакасиз мажбурий меҳнат ҳисобига қурилаëтгани кузатилди

«Ўзбекистон темир йўллари» Капитал қуриш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Абдиевнинг маҳаллий матбуотга айтишича¸ янги ер усти ҳалқа йўналишининг «Дўстлик-Қўйлиқ» участкасидаги қурилиш ишларига 2000 нафарга яқин мутахассис ва қурувчи, шунингдек 100 дан ортиқ қурилиш ва махсус техника жалб қилинган.

Айни пайтда¸ Озодликка ЎТЙга қарашли турли ташкилот ва корхона ишчиларидан келган хабарларга кўра¸ бу йўналишни президентга ваъда қилинган муҳлатда ишга тушириш мақсадида¸ “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раиси¸ собиқ Транспорт вазири Очилбой Раматов буйруғи билан 2019 йил ëзидан минглаб ЎТЙ ишчи-хизматчилари қурилишга мажбуран жалб этилган.

Метро қурилишида ишлаш учун на билим ва на малакаси бўлган минглаб проводник¸ кассир¸ монтëр ва ҳайдовчилар қатори бу жараëнга соатбай ҳақ оладиган ëлланма ишчилар – мардикорлар ҳам ташланди.

Озодлик 2019 йил 18 декабрь куни “Юнусобод” бекати қурилишида рўй берган ер ўпирилиши оқибатида ўлган беш ишчидан камида уч нафарининг Тошкентга иш излаб келган мардикор эканини аниқлаган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG