Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:16

Россиядаги мигрантлар муаммоси билан шуғулланган Махсуд Абдужабборов ўзбек ҳибсхонасидан озод этилди


Махсуд Абдужабборов
Махсуд Абдужабборов

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари томонидан “одам савдоси”да айбланиб, икки йилча аввал Санкт-Петербургда ҳибсга олинган ва узоқ тортишувлардан кейин 2017 йил июлида Ўзбекистонга экстрадиция қилинган “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов озодликка чиқарилди. Ҳуқуқ фаоли ўзига нисбатан қўйилган барча айбловлар бекор қилинганини билдирди.

2017 йилнинг июль ойида Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Умумроссия “Ёшлар” ижтимоий ҳаракати" ташкилоти (Всероссийское молодёжное движение "Ёшлар") раҳбари ва Муҳожирларни ўқитиш минтақавий маркази бошлиғи Махсуд Абдужабборовнинг сентябрь охирларида Тошкентдаги тергов изоляторидан озод қилингани Озодликка 5 октябрь куни маълум бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Абдужабборов ўзига нисбатан қўйилган “одам савдоси” айби олиб ташлангани ва ҳозирда она юрти Самарқандда даволанаётганини билдирди:

- Мени қўйиб юборишганининг сабаби қўйилган айбловлар туҳмат асосида бўлгани эди. Мана энди адвокатлик ва прокурорлик тизими ишга туша бошлади, дейишимиз мумкин. Энг аввало БМТга арз қилганлар ёки халқаро ташкилотлар назоратига тушган шахслар озод этилаяпти. Кейин, БМТнинг назоратчилари (БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳид етакчилигидаги делегациянинг 2-12 октябрь кунлари Ўзбекистонга қилаëтган сафари назарда тутилмоқда - таҳр.) ҳозирда Ўзбекистонда экани ҳам туртки бўлаяпти. Лекин мен кўплаб сиёсий ва диний маҳбусларнинг чиқарилишини фақат халқаро босим билан эмас, янги президент ва унинг командаси суд, адвокатлик ва бошқа тизимларда ислоҳотлар бошлагани билан боғлаяпман. Эсласангиз, Мирзиёев бу ислоҳотларни энг аввало оқлов ҳукмлари деярли чиқарилмаётганига эътибор қаратишдан бошлади, дейди Махсуд Абдужабборов.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистонда озод этилаётган маҳбусларнинг кўплари ўзларига суд томонидан берилган муддатни аллақачон ўтаб бўлганини, улар марҳум президент Каримовнинг “қора рўйхатида” бўлгани сабабли “қамоқхона режимини бузиш” баҳонаси билан такрор ва такрор “раскрутка” қилинганини айтади:

Махсуд Абдужабборов: Ўзбекистон турмаларида "раскрутка" тўхтатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:23 0:00
Бевосита линк

- Де-юре, улар аллақачон қўйиб юборилиши керак эди. “Раскрутка” қилиш одатий ҳол эди. Ҳозир бу тўхтатилди. Боя айтганимдек, БТМ комиссияси фаолият олиб бораётгани, қамоқхона тизимининг ўзида катта текширувлар олиб борилаётгани ишлар қайта кўриб чиқилаётганига сабаб бўлмоқда, дейди Махсуд Абдужабборов.

2015 йилнинг октябридан 2017 йилнинг сентябрь охирларигача Россия ва Ўзбекистондаги ўнлаб тергов изолятори ва қамоқхоналарида бўлганини айтган суҳбатдош¸ бу давр мобайнида қарийб 30 килога озиб кетгани сабабларини истеҳзоли ҳазил билан изоҳлашга уринади:

- Бунинг ҳаммаси турма “диетаси”, десак ҳам бўлади. Россия ва Марказий Осиё қамоқхоналарида шундай боқишади – семириб кетишнинг иложи йўқ. Яқин орада ота-онам яна семиртириб олар. Қамоққа олинишимдан олдин 96 кило, ҳозир 68 килограмм тош босаяпман. Мен шундай озиш диеталарини ўргандимки, истаганга ўргатишим мумкин, деди у.

Россия ва Ўзбекистон қамоқхоналарида Махсуд қарийб 30 килога озди
Россия ва Ўзбекистон қамоқхоналарида Махсуд қарийб 30 килога озди

Махсуд ҳали Россияда яшаëтган оиласини кўришга улгурмагани, уларнинг яқин орада Самарқандга келишларини ҳам айтди.

Охирги икки йиллик тутқунлик дунёқарашинининг кўп жиҳатларини жиддий ўзгартирганини айта туриб, Махсуд Абдужабборов яқин келажакда Россияга қайтиб, ёшлар ҳаракати ва муҳожирлар ҳимояси билан шуғулланишни давом эттиришини билдирди:

- Биз энди Россияда нафақат кураш спорт турини тарғиб этиш масалалари, балки Россия турмаларида қолаётган кўплаб муҳожирлар тақдирига ҳам эътибор қаратамиз. Вена Конвенцияси ва ЖПК қоидаларига биноан улар қамоқ жазосини ўз юртларида ўташлари мумкин. Биз асоссиз ушлаб турилган Ўзбекистон ватандошларини турмадан чиқаришга, уларга моддий-маънавий кўмак беришга ҳаракат қиламиз, дейди “Ёшлар” ҳаракати етакчиси.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари томонидан “одам савдоси”да айбланиб, 2015 йилнинг 4 октябрида Санкт-Петербургда ҳибсга олинган “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов Россияда сиёсий қочқинлик сўраганига қарамай, 2017 йилнинг июлида Ўзбекистонга бериб юборилган ва яқинлари бу жараëнни қонунга зид бўлганини гапирган эди.

Абдужабборов Россиядаги ўзбек диаспоралари, Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги фаолиятини жиддий танқид қилиб келаётгани ортидан ҳибсга олиниб¸ Ўзбекистонга бериб юборилган эди.

XS
SM
MD
LG