Линклар

Шошилинч хабар
30 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:41

Ўзбекистонда интернатларда яшовчи болалар сони дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробарга кўп


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳар 100 минг боланинг 255 нафари интернатларда яшайди. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткчидан икки баробарга кўпдир. Ота-она қарамоғисиз қолганларнинг асосий қисми 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалардир. Лекин сўнгги йилларда ота-она қарамоғисиз қолган икки ёшгача бўлган болалар сони кўпайиб бормоқда.

Мазкур статистика ЮНИСЕФнинг “Ўзбекистонда болаларни парвариш қилиш тизимини ислоҳатлаш” деб номланган навбатдаги ҳисоботида қайд этилди.

ЮНИСЕФ ҳисоботида таъкидланишича, болаларни интернатларга жойлаштиришнинг асосий сабаблари қашшоқлик, оилавий муаммолар, миграция ва ажралишдир.

Расмий статистиканинг билдиришича, 2018 йилда интернатларда яшовчи болаларнинг умумий сони Ўзбекистонда 26 532 нафарни ташкил этган.

“Кўпинча ногиронлиги бор болаларни ёки молиявий қийинчиликлар мавжуд бўлган оилаларда туғилган болаларни интернатларга жойлаштиришади. Бу ҳолатда болалар ойила муҳитида яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Болаларни оиласидан ажратиш ўрнига муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг болларига кўмак кўрсатиш яхшироқ бўлади”,-деб айтди Ўзбекистон бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова.

ЮНИСЕФ “Ўзбекистонда болаларни парвариш қилиш тизимини ислоҳатлаш” ҳисоботида таъкидлашича, муҳтож оилаларга давлат ёрдамини кўпайтириш орқали 2030 йилгача интернатлар тизимини бекор қилиши мумкин.

ЮНИСЕФ ҳисоботи эълон қилиниши арафасида Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг муассислигида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди.

Жамоат фонди муҳтож оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олишини, уй-жой билан таъминланишини ҳамда касб эгаллашини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилгани билдирилди.

Расман билдирилишича, мазкур ташаббус президент Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни имзолаган қарор билан тасдиқланди.

Бундан ташқари фонд оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш билан ҳам шуғулланади.

Шунингдек, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашади, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлайди.

Бу мақсадлар учун 2021−2022 йилларда фондга давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади.

Ўзбекистонни Ислом Каримов бошқарган йилларда унинг кичик қизи Лола Каримова ҳам ҳудди шунга ўхшаш мақсадларга эришиши учун “Сен ёлғиз эмассан” жамғармасини ташкил этган эди. Мазкур жамғарма айни кундарда ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур жамғарма расмий веб-саҳифасида билдирилишича, 2015 йилдан бери “Сен ёлғиз эмассан” томонидан интернатларда ва муҳтож оилаларда яшовчи 130 нафар бола мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.

Бундан ташқари Лола Каримова ногирон болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларга таълим бериш билан шуғулланувчи “Болалар ижтимой мослашуви миллий маркази”га ҳам асос солганди.

XS
SM
MD
LG